Самарқандда 3 хил модификациядаги пикаплар ишлаб чиқарилади (фото)

Самарқандда 3 хил модификациядаги пикаплар ишлаб чиқарилади (фото)

Uzavtosanoat

27 ноябрь, чоршанба куни Ўзбекистонда илк бор ишлаб чиқарилган ISUZU D-Max пикапининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” матбуот хизмати хабар бермоқда.

Анъанавий равишда ISUZU автомобилларида ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилади. Isuzu D-Max япон стандартларига мувофиқ юқори мустаҳкамликдаги пўлат кабина, энергияни юта олувчи олд қисм, ён зарбга чидамли планкалар ва таранг тортиб турувчи хавфсизлик ёстиқчалари билан жиҳозланган.

Uzavtosanoat

Автомобиль 3 та модификацияда ва 7 хил рангларда тақдим этилади. Сотувлар 2020 йилнинг январь ойидан бошланади. Автомобиллар нархи 270 дан 380 млн сўмгача оралиқда белгиланади. Автомобилда ҳам йўловчилар, ҳам юкларни ташиш учун бирдек қулай «универсал дизайн» концепцияси намоён бўлган.

Uzavtosanoat

«2002 йилдан буён Isuzu D-Max пикапи бутун дунё бўйлаб Япониянинг Isuzu Motors компанияси томонидан ишлаб чиқариб келинмоқда. Бу йиллар ичида автомобиллар жуда турли хил иқлим шароитларида миллионлаб километрларни босиб ўтди ва янада мукамаллашди. Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун 2017 йилги Isuzu D-Max модификациясининг иккинчи авлоди танлаб олинган эди. Пикаплар экология талабларига мослиги ва тежамкорлиги билан ажралиб турувчи дизель ёқилғисида ишлайди. ISUZU D-Max рул бошқаруви ва ғилдираклар осмаси ўртасидаги қўйилган мувозанатли иш ўз тоифасидаги автомобиллари орасида энг яхшиси хисобланади. Ушбу автомобил мураккаб йўл шароитларида ҳам мувозанат сақланишини кафолатлайди», — дейди Хусен Қобилов, Самарқанд автомобиль заводи бош директорининг ўринбосари.

Uzavtosanoat

Ўзбекистонликлар учун Isuzu D-Max учта модификацияларда тақдим этилади:

- Икки қаторли кабина, 2 йўловчилик ўриндиқ, 2,5 литрлик двигатель ҳажми ва механик узатмалар қутиси бўлган D-MAX SAHAR;

- Бир қаторли кабина, 4 йўловчилик ўриндиқ, 2,5 литрлик двигатель ҳажми ва механик узатмалар қутиси бўлган D-MAX OKSUS

- Икки қаторли кабина, 4 йўловчилик ўриндиқ, 3 литрлик двигатель ҳажми ва автомат узатмалар қутиси бўлган D-MAX IRBIS.

Пикап юк кўтарувчанлиги 865–1100 килограммни ташкил этади.