Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Япониядан сирли равишда қочган Карлос Гоонни мамлакатга қайтариб бўладими?
13.01.2020 18:35,  
803

Ниссан-Рено компанияси бошлиғи Карлос Гооннинг Япониядан чолғу асбоби ғилофига яшириниб қочиши: уни Япония халқаро ҳуқуқ қоидалари асосида қайтариб олиш имконига эгами?

“Харажатлар қотили” номини олган харизматик бошқарувчи Гоон 2018 йил 9 ноябр куни молиявий ноқонуний ҳаракатлари учун Япония ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳибсга олинган. Унга қарши жиноий иш очилиб, тергов ҳаракатлари бошланди. Суд жараёнлари бошлангач, Карлос Гоон 14 миллион АҚШ доллари атрофдаги катта пул эвазига озодликка чиқади ва Токио шаҳридаги уйидан туриб, суд ва тергов ишларида қатнаша бошлайди. Бу миқдор Япония жиноий процедура тарихидаги кўрилган ва шу пайтга қадар тўланган энг катта озодликка чиқиш суммаси ҳисобланади.

Бироқ, Карлос Гоон 2019 йил 30 декабр куни нафақат Японияни,балки бутун дунёни лол қолдирган ишга қол урди. Суд томонидан унинг вақтинчалик озодликка чиқиши учун барча паспортлари (Франция, Ливан ва Бразилия) олиб қўйилган, уйига бир неча камералар ўрнатилган ва оила аъзолари билан гаплашиши ҳам тақиқланган бўлишига қарамай, харизматик директор Япониянинг ғарбида жойлашган Кансаи халқаро аэропортидан чолғу асбоби ичига яширинган ҳолда, хусусий самолётда Туркиянинг Истанбул шаҳри орқали Ливаннинг Байрут шаҳрига келишга муваффақ бўлади. Унинг қочишига хусусий ҳарбий ширкат ёрдам берганлигига оид шубҳалар мавжуд.

Карлос Гооннинг Япониядан бундай тарзда қочиб чиқиб кетиши бир неча халқаро ҳуқуқий саволларни ўртага ташлайди.

Ливан ҳукумати Карлос Гоонни Япония ҳукуматига топшириш мажбурияти борми? Агар мавжуд бўлса, унинг асоси қаерда?

1-қоида: Халқаро оммавий ҳуқуқда давлатларда жиноятчини бошқа бир давлатга топшириш мажбурияти мавжуд эмас ва буни ҳар бир давлат ўзи истаганича ҳал этади. Агар икки давлат ортасида жиноятчиларни экстрадиция қилишга оид битим (extradition treaty) мавжуд бўлса, бунда Ливан жаноб Карлос Гоонни Японияга топшириши мумкин.

Афсуски, ушбу ишда Ливан ва Япония ортасида бундай халқаро битим мавжуд эмас. Япония шу пайтгача фақат АҚШ ва Жанубий Корея давлатлари билангина шундай битимларни тузган холос. Шундай экан, битимнинг мавжуд эмаслиги ҳолатида Ливаннинг Япония олдидаги халқаро мажбурияти мавжуд бўлмайди.

Лекин, жаноб Гоонни экстрадиция қилишнинг бошқача йўли ҳам бор. Агар Япония давлати Ливандан жаноб Гоонни беришни илтимос қилса, бу ҳар бир суверен давлатнинг ички иши бўлиб, Ливанда бундай имконият мавжуд. Зотан, қотиллик ва шунга ўхшаш оғир жиноятларда Японияга жиноятчиларни топширган давлатлар бўлган.

2оида: Шундай экан, "international comity" ёки "reciprocity" каби халқаро ён бериш ёки ўзаролик тушунчасига кўра, давлатлар бир-бирларига бундай "совға"ларни қилиши ва бунинг эвазига келажакда шундай ишни ёки бирор халқаро муаммода ёрдам кўрсатишни нариги давлатдан сўраши мумкин. Аммо, бу бир анъана бўлиб, ҳуқуқий оқибатларни (мажбурият ёки ҳуқуқ) келтириб чиқармайди.

Агар Ливан ҳукумати Карлос Гоонни Японияга топширадиган бўлсада, халқаро қоидага кўра, жаноб Гоон содир этган жиноят иккала давлатда ҳам бирдек жиноят сифатида қаралиши керак. Бўлмаса, Ливан ҳукумати Гоонни бошқа бир давлатга топширмайди.

3-қоида: Жиноятчини топшириш учун содир этилган ҳаракат иккала давлатда ҳам бирдек жиноят сифатида кўрилиши керак. Аммо, сиёсий жиноятчилар бошқа давлатга топширилмайди. (principle of double criminality)

Карлос Гоон ишида эса жаноб Гоон Ливанда миллий қаҳрамон сифатида кўрилади ва Ливан ҳукумати ҳам уни Японияга топширмоқчи эмаслигини аллақачон айтиб бўлган. Демак, бу йўл ҳам иш бермайди.

4-қоида: Дунёда жуда кўп давлатлар (англо-саксон тизимига кирувчилардан ташқари) ўз фуқаролари содир этган жиноят учун уларни бошқа бир давлатга топширмаслик принципини қабул қилишган. Фуқаро ўз давлатида суд қилинади.

Қўшимча тарзда, агар Карлос Гоон келажакда ўзининг бошқа ватани бўлган Францияга ёки Бразилияга борадиган бўлса ҳам, ушбу ҳукуматлар уни бошқа давлатга принцип ўлароқ топширмаслигини таъкидлаб улгурган. Шунинг учун, ҳозирча Гоонни Японияга қайтаришнинг халқаро ҳуқуқий йўллари деярли йўқ ҳисоб.

Интерпол халқаро полиция ташкилоти чиқарган "қизил хабар"га (Red Notice) кўра Ливан ҳукумати Гоонни ушлаш ва Японияга топшириши шартми?

2020 йил бошида Япония тарафининг талаби бўйича Интерпол ташкилоти Карлос Гоонни излаш бўйича қарор (wanted notice) чиқарди. Интерполнинг "қизил хабар"и изланаётган инсон турган жойни топиш ва экстрадиция қилиш учун қамоққа олишни кўзлайди. Аммо, Интерполнинг бундай хабари қамоққа олиш бўйича буйруқ бўлмай, жиноятчи ёки шубҳаланувчи яшаб турган давлатга ўша шахсни ушлаш мажбурияитни юкламайди.

Мамлакатлар "қизил хабар" чиққан бўлсада, агар изланаётган инсонга оид иш сиёсий бўлса ёки уни ушлашни талаб этаётган давлат билан ўртасида битим бўлмаса, Интерпол қарорини бажаришмайди. Шунга қарамай, агар келажакда Карлос Гоон бошқа давлатга борадиган бўлса, у борган давлат Интерпол ва Япония талаби билан жаноб Гоонни Япония томонига топшириб юбориш хавфи мавжудлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий ташкиллаштирилган жиноятларга оид конвенцияси (The United Nations Convention against Transnational Organized Crime) асосида Карлос Гоонни Японияга топшириш мажбурияти Ливанда мавжудми?

2003 йилдан кучга кирган ушбу халқаро битимга Япония ҳам, Ливан ҳам аъзо ҳисобланади. Унинг 16-моддаси айнан экстрадиция ишига бағишланган бўлсада, давлатларга экстрадицияга оид икки томонлама битимлар мавжуд бўлмаган ҳолда жиноятчини топшириш мажбуриятидан қочиш имконини ҳам беради.

Бундан ташқари, айнан 16-модданинг 14-бўлимига кўра, агар топширилиш талаб этилаётган инсон топшириладиган мамлакатда (жаноб Гоон ишида эса Японияда) турли сабабларга кўра адолатсиз судловга дуч келса, у инсонни топширмаслиги мумкин.

Шу маънода, Ливан ҳукуматининг Карлос Гоонга оид ҳуқуқий иддаоларни Ливаннинг маҳаллий судларида кўриб чиқилишига оид баёнотларини тушунса бўлади. Бундан ташқари, Карлос Гооннинг Япония суд-ҳуқуқ тизимини "асирлик судлови" (hostage justice) дея қаттиқ танқид қилиши ҳам юқоридаги Конвенциянинг 16-моддаси 14-қисми бандларини англаган ҳолда айтаётганлигини кўрсатади.

Охирги яна бир ечим сифатида Туркиянинг ёрдами билан Япония Карлос Гоонни қайтариб олиши мумкинлиги ҳам ўйлаб кўрсак бўлади. Туркия ва Ливан ўртасида жиноятчиларни ўзаро топшириш битими мавжуд эмас. Фақатгина Туркиянинг босимигина бўлиши мумкин, холос. Аммо, Туркия ҳукуматининг Карлос Гоон ишида иштирок этган хусусий учоқ ширкати ходимларини тезлик билан қамаши орқали бу ишдан "покиза" ҳолда чиқиб олиши кўрсатадики, Туркия ҳукумати ҳам Карлос Гоон ишига у қадар муҳим масала сифатида қарамайди.

Хулоса: Ливан давлатининг Япония олдидаги халқаро ҳуқуқий мажбуриятлари йўқлиги сабабли, ҳозирча Гоонни орол давлатга қайтариш эҳтимоли ўта паст. Фақат жаноб Гоон ҳам ҳамма жойда ютди дея айта олмаймиз. У мамлакатдан чиқиб кетиши биланоқ, Япония суди Карлос Гоон гаровга қўйган 14 миллион АҚШ долларининг давлат фойдасига мусодара қилинганлигини айтиб ўтди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан