Япониянинг Shimizu компанияси сув остида узунлиги 15 километр, диаметри 500 метрга тенг шаҳар қурилиши ҳақидаги режани эълон қилди.
Atlantis номли лойиҳанинг асосий мақсади денгиз тубидан энергия захираларини олиш имконларини ўрганишдир.
Футуристик шаҳар беш йил давомида барпо этилади. Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, дунё океани сатҳининг кўтарилиши ва иқлим ўзгариши муносабати билан денгиз тубидан ресурсларни олиш масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда.
Улкан спирал кўринишидаги шаҳарнинг пойдевори денгиз тубида бўлади, учи эса сув устидан чиқиб туради.
Қурилиши 2030 йилда тугалланиши кутилаётган Atlantis бир вақтнинг ўзида ҳам илмий-тадқиқот, ҳам яшашга мўлжалланган станция бўлади.
Лойиҳанинг қиймати – 26 миллион доллар атрофида. Atlantis лойиҳаси ҳукумат ва бир нечта йирик тадқиқот компаниялари томонидан тасдиқланди.