Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Яқин кунларда сабзининг нархи тушиши кутилмоқда — Вазирлик
22.06.2021 21:46,  
152

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумот беришича, мамлакатимиз вилоятларида эрта баҳордаги совуқ об-ҳаво туфайли тўлиқ етилиши деярли бир ойга кечиккан эртаки сабзи ҳосилининг йиғим-терим ишлари бошланди. Оммавий терим ишлари июль ойининг дастлабки кунларига белгиланган. Бу бозорни янги сабзи билан тўлиқ таъминланишига ва ушбу сабзавот нархининг тушишига олиб келади.

2021 ЙИЛГИ САБЗИ ҲОСИЛИ РАҚАМЛАРДА

2021 йилда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан умумий ҳисобда 124,4 минг га майдонда (ўтган йилдагига нисбатан 18,2 минг га кўпроқ) сабзи экиш режалаштирилган, ҳаммаси бўлиб 2,3 млн тонна сабзи ҳосили олиш мўлжалланмоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг сабзига бўлган 1 йиллик эҳтиёжи 800 минг тоннани ташкил этади. Етиштирилган сабзи ҳосилининг қолган ҳажми экспорт ва қайта ишлашга йўналтирилади. Аҳолининг истеъмол саватидаги сабзининг улуши 0,4 фоизни ташкил этади. Қиш-баҳор мавсумида аҳоли истеъмолини таъминлаш мақсадида 400 минг тоннадан зиёд сабзи захира қилинади. Мамлакатимизда сабзини қайта ишловчи 250-300 минг тн қувватга эга 55 та корхона фаолият юритади. Улар томонидан сабзи асосан қуритилган, шок ҳолда музлатиш шаклида қайта ишланади. Қайта ишлашга хом-ашё сифатида сабзининг асосан кечки навлари олинади. Ўтган йили 110 минг тонна кечки сабзи қайта ишланган.

САБЗИНИ ЭКИШ ВА ЙИҒИШНИНГ ТЎРТ МАВСУМИ

Сабзи одатда йилига 4 маротаба экилади. Ноябрь-декабрь ойларида “тўқсонбости” усулида экилади (ҳосил одатда март-апрель ойларида тўлиқ етилади). Тўқсонбости усулида экилган экинларнинг уруғлари қишки ёғингарчиликлар натижасида тупроқдаги намликка тўйиниб, эрта баҳорда ҳаво ҳарорати 4-5 С бўлгандаёқ бегона ўтлар уруғларидан олдин униб чиқади. 2021 йилда эртаки ҳосил олиш учун 2020 йил кеч кузда «тўқсонбости» усулида 30,3 минг гектар (ёки ўтган йилга нисбатан 5,8 минг гектар кўп) сабзи экилган. Ушбу усулда экилган сабзавот апрель-май ойларида бозорни етарли даражада сабзи билан таъминлаб турди, ва у ўртача ҳисобда 2000-2500 сўмдан сотилди.

Февраль-март ойларида эртаки сабзи сепилади (ҳосили одатда майда етилади). Юқорида айтилганидек, бу йили эртаки сабзини сепиш даври баҳор фасли учун ноодатий бўлган совуқ об-ҳаво пайтига тўғри келди ва ҳосилнинг кечроқ етилишига (20-25 кун кечикиб), бозорларга янги ҳосилни етказишда бир муддат танаффус юзага келишига ва нархларнинг вақтинчалик ошишига сабаб бўлди.

Апрель-май ойларида эса ҳосили ёз ўрталарида етиладиган ўртаки сабзи, июнь-июль ойларида эса ҳосили сентябрь-октябрь ойларига тўғри келадиган кечки сабзи экилади. Шу тариқа ушбу сабзавотнинг нархи барқарорлаштирилади.

2021 йилнинг апрель-май ойларида ўртапишар сабзи навлари экилди: фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг асосий майдонларига - 15,2 минг гектар, аҳоли томорқа майдонларига - 18,4 минг гектар. Бундан ташқари фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ғалладан бўшаган 40,5 минг гектар майдонларга сабзи экиш режалаштирилган.

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ҲУДУДЛАР

Сабзи республиканинг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус тумани, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Бахмал, Тошкент вилоятининг Тошкент, Юқоричирчиқ, Янгийўл, Қашқадарё вилоятининг Миришкор, Нишон, Қарши, Навоий вилоятининг Кармана, Наманган вилоятининг Чортоқ, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод, Боёвут, Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Боғдод, Ёзёвон, Фарғона ва Бешариқ, Хоразм вилоятининг Хива туманларида экилиб, экин майдонлари тобора кенгайиб бормоқда.

Республикада сабзининг истиқболли, экспортбоп навлари (маҳаллий навлардан қизил сабзининг: «Мирзоий красная 228», «Нурли 70», «Фаровон», «Барака»; сариқ сабзининг – «Мирзойи желтая 304», «Мишак 195») экиб келинмоқда. Хорижий навлардан - «Шантане 2461», «Нантская 4», «Курадо шантане Ғ1», «Новая Курадо», «Каскаде Ғ1», «Карсон Ғ1» навлари сепилмоқда.

Сўнгги йилларда юқори ҳосилли навларни экиш ва парваришлашда инновацион ресурстежамкор технологияларни қўллаш, ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилиш, минерал ўғитларга харажатларни камайтириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши ўз вақтида ишлов бериш каби агротехник тадбирларнинг сифатли бажарилиши орқали ҳосилдорликни 20-25 тоннадан 30-40 тоннагача оширишга эришилмоқда.

Бу фермерларимизга сабзи экиш ҳаракатлари ва таннархини туширишга имкон беради: 700-800 сўмгача (6,5-7,5 цент) ёки бир килограмми учун 1,5 баробар.

МДҲ ВА МАРКАЗИЙ ОСИЁДА САБЗИ НАРХЛАРИ

МДҲ давлатларида сабзининг нархи кескин ошганлиги, бозорлардаги нархларнинг бир-бирига мослашувига олиб келган. Жумладан, 1 кг сабзи Қозоғистонда 535 тенге (1,25 долл.), Қирғизистонда − 100 сом (1,18 долл.), Тожикистонда − 10 сомони (0,88 долл.), Россияда − 100 рубль (1,38 долл.), Беларусда − 2 рубль (0,83 долл.) нархда сотилмоқда.

Қирғизистон расмийлари сабзи нархининг июнь ойида 48,1 фоизга кескин ошганлигига экспорт ҳажмининг жиддий ортганлиги, баҳорда совуқ ҳаво, ёзда эса қурғоқчилик таъсир кўрсатганлигини билдирган. Қозоғистон расмийлари эса сабзи нархининг ошганлиги уни сақлаш қувватлари етарли бўлмаганлиги, мавсум алмашинувида эҳтиёж даражасида сабзи пишиб етилмаганлиги ҳамда импорт (шу жумладан Ўзбекистондан, улуши 99,6 %) нархларининг юқорилиги таъсир этганини қайд этган. Асосий савдо мамлакатларида сабзига бўлган эҳтиёжнинг ортиши ва нархнинг қимматлашуви экспорт ҳажмининг кўпайишига олиб келган.

САБЗИ ЭКСПОРТИ

Хорижий мамлакатларда сабзига бўлган эҳтиёжнинг ортиши ва нархнинг қимматлашуви экспорт ҳажмининг кўпайишига олиб келди: 2021 йилнинг 19 июнь ҳолатига кўра умумий ҳисобда 43 602 тонна, ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31% (33 282 тн) кўп сабзи экспорт қилинди. Экспорт қилинган сабзининг тахминан 75 фоизи апрель-май ойларига, яъни эртаки сабзи ҳисобига тўғри келади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан