Ўртаҳол яшайдиган бир дехқон ёмғир шаррос қуяётган тунда ўрмон ёқалаб даладан уйга қайтарди. Унинг қулоғига ёш боланинг инграб ёрдам сўраган товуши эшитилди. Деҳқон товуш қаердан келаётганини аниқлагач, ўша томонга чопиб ёрдамга шошилди. Шалаббо ўрмон ичкарироғидаги ботқоқда чамаси 10 ёшли ўсмир болакай деярли бўйнигача ботиб қолиб, жон талвасасида типирчилларди. Унинг хар бир ҳаракати эса, янада баттароқ ботишига сабаб бўларди. Дехқон дархол катта шох-шабба келтириб ботаётган болакайга узатди ва уни ботқоқдан чиқариб олди. Юпатиб ўзига келтиргач, ўзи билан уйига олиб кетмоқчи бўлди. Лекин ўсмир дехқонга одоб билан рад жавобини бериб, уйга тез бориши лозимлигини, ота-онаси хавотир олаётганини айтиб, югуриб кетиб қолди.
Эртаси куни тонгда дехқоннинг уйини ҳашамдор безатилган фойтунда басавлат ва башанг кийинган кибор шахс чақириб келди. Одатда бундай киборлар дехқонлар олдига шахсан келишмасди. Жентельмен ўзини таништириб, дехқонга ўғлини ботқоқдан қутқариб қолгани учун миннатдорчилик билдиргани келганини айтди.
- Сизга қандай миннатдорчилик айтишниям билмайман. Менинг қадрли фарзандимни ўлимдан қутқардингиз. Бу билан мени улкан мусибатдан сақлаб қолдингиз. Ўғлимнинг ва менинг халоскорим бўлганингиз учун энди мен сизга ёрдам бермоқчиман. Айтинг, нима қилай сиз учун? - деб сўради жентельмен.
- Йўқ - деди дехқон, - мен виждоним буюрган, хар қандай одам қилиши лозим бўлган ишни қилдим холос, сиз мени олдимда хеч нарсага мажбур эмассиз.
- Мен сизга айтганингизча пул беришим мумкин. Хохлаганингизча сўранг, гапингизни ерда қолдирмайман, мен жуда бадавлатман - дед жентельмен.
Дехқон яна эътироз билдирди ва бу сафар, хамма нарсани ҳам пул билан ўлчаш тўғри эмаслигини айтиб, жентельмендан хафа ҳам бўлди.
Дехқоннинг пулга ўч эмаслигини, аксинча, назари тўқ, хушфеъл инсонлигини фаҳмлаган кибор нима қиларини билмай каловланиб қолди. Бу тоифа одамлар учун бировнинг олдида қарздор бўлиб қолиш уят. Шунда деҳқоннинг ҳам тахминан 10 ёшлар чамасидаги ўспирин ўғли чопқиллаб чиқиб, дадасига осилиб ўйнай бошлади.
Жентельмен дехқоннинг ўғлига тикилиб қолди. Бироз ўйланиб туриб, жентельмен очиқ чехра билан дехқонга юзланди ва шундай деди:
- Сизга бир таклифим бор. Балки сизда фарзандларингизга таълим бериш имконияти йўқдир. Лекин менининг бунга имконим етарли. Келинг бир келишув қилайлик. Мен шу ўғлингизни ўзим билан олиб кетаман. Менинг ўғлим билан тенгқур экан. Дўст бўлишсин. Мен ўғлингизнинг тўлиқ олий таълим олгунича ўқиш ва яшаш харажатларини зиммамга оламан.
Болаларини ўқитиб, хат-саводли бўлишини орзу қилиб юрган дехқон учун бу таклиф жуда маъқул тушди. У ўғлини ўқишга берди. Йиллар ўтиб, дехқоннинг ўғли аввал мактабни, кейин тиббиёт университетини тамомлади. Шу йиллар давомида унинг ўқиши ва шаҳарда яшаши учун ҳамма харажатларни бояги жетельмен тўлаб борди. Дехқоннинг ўғли хеч нарсага зориқмай, фақат илм билан банд бўлди ва кучли врач-олим бўлиб етишди. Унинг номи тез орада бутун дунёга машҳур бўлди. Отаси биргина болакайни қутқариб қолгани учун яхшиликка яхшилик қайтиши туфайли таълим олган бу йигит, ўз кашфиёти билан дунёда миллионлаб одамларни ўлимдан қутқариб қолди.
Лекин яхшиликка-яхшилик занжири бу билан тугамаган.
Иккинчи жахон уруши бошланиши арафасида Лондон касалхоналарининг бирига ўта оғир аҳволдаги бемор келтирилди. Унинг ўпкаси шамоллаган бўлиб, сил касали симптомлари бор эди. Дехқоннинг ўғли ва эндиликда машҳур врач не кўз билан кўрсингки, қаршисидаги бемор, бир замонлар отаси ботқоқдан қутқариб олган бола, яъни ўзининг ўқиши учун пул тўлаган жентельменнинг ўғли эди. Бу сафар эса, беморнинг ҳаётини дехқоннинг ўғли кашф қилган дори қутқариб қолди.
Дехқоннинг исми Хуг Флеминг, унинг оламга машҳур бўлган ўғлининг исми эса Александр Флеминг бўлган. У ҳаммамизга яхши таниш бўлган машҳур антибиотик - пенциллинни кашф қилган олимдир. Флемингга таълим олиш учун пул тўлаган бадавлат киборнинг исми Рандольф Черчилль бўлган. Унинг ота-ўғил Флеминглар томонидан аввал ботқоқдан, кейин ўпка шамоллашидан қутқариб, ҳаётга қайтарилган ўғлининг исми эса Уинстон Черчилль эди.
Кейинчалик Англия бош вазири лавозимигача кўтарилган Уинстон Черчилль яхши кўрадиган бир ибора бор эди: "Нимаики қилма, албатта жавобни кўрасан.
Яхшилик хам, ёмонлик ҳам албатта бир куни ўзингга қайтади..."
Музаффар Қосимовнинг Facebook саҳифасидан