Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.
Асосий масалага ўтишдан аввал давлатимиз раҳбари мамлакатимизга кириб келган совуқ ҳаво таъсирини беталафот ўтказиш чораларига тўхталиб ўтди.
Барча туман ва ҳудудларда ташкил этилган штаблар узлуксиз ишлаши кераклиги, аҳоли эҳтиёжлари тезкор ҳал этиб борилиши шартлиги таъкидланди.
Ижтимоий соҳа объектларини энергия ва иссиқлик билан таъминлашни алоҳида назоратга олиш зарурлиги қайд этилди.
Барча даражадаги ҳокимларга тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда йўлларни тозалаш ишларини ташкил этиш, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш топширилди.
Барча серқатнов йўналишларда жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракати таъминланиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти олдига ҳар бир вилоят, туман ва шаҳардаги аҳвол бўйича кунлик назорат ўрнатиб, жойлардаги муаммоларни тезкор бартараф этиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда саноатда қўшимча захираларни аниқлаш ва инвестицияларни кўпайтириш бўйича 2023 йил учун режалар муҳокама қилинмоқда.
Сўнгги йилларда:
- қўшимча 19 та эркин иқтисодий зона ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилиб, уларнинг инфратузилмасига 10 триллион сўм йўналтирилди;
- тўқимачилик, кимё, қурилиш материаллари, чарм, фармацевтика, электротехника каби соҳаларни “драйвер”га айлантириш учун 3 миллиард долларлик молиявий ресурслар ажратилди;
- саноатни зарур хомашё билан таъминлаш мақсадида геология-қидирув ишлари 3 баробарга кўпайтирилиб, 600 тадан зиёд янги кон аниқланди.
Натижада, охирги беш йилда саноат корхоналари сони 2 баробар кўпайиб, 100 мингтага етди, ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 бараварга кўпайди.