Осмон узоқ ер қаттиқ. Собиқ маҳкум даволаниш ва уйини таъмирлаш учун ёрдамга муҳтож (видео)

Осмон узоқ ер қаттиқ. Собиқ маҳкум даволаниш ва уйини таъмирлаш учун ёрдамга муҳтож (видео)

Муҳтарам ўқувчи. Рутубатли кузнинг сўнгги ойларида сайтимизда "Sof mehr" рукнини бошладик. Биринчи мақоламиз диний айб билан ўн беш йил ўтирган собиқ маҳкум ҳақида.

* * *

Телефон жиринглади. Кўтардим. Бегона аёл товуши:

- Қийналиб кетдим. Ижарада турамиз. Эрим касал, пулимиз оз, уч-тўрт кунлаб овқат емайман... –Унинг пиқиллаб йиғлаётганлиги сезиларди.

- Тўхтанг, сизни танимадим. Рақамимни ким берди, - деб сўрадим.

- Касбиданман.

Хотирамни титкилаб ярим йилча аввал касбилик собиқ маҳкумга моддий ёрдам уюштирганимизни хотирладим.

- Сизга фалончи ака бердими рақамимни?

- Ҳа...

- Уйингиз йўқми?

- Ҳокимият уй берган, фақат унда яшаб бўлмайди, вайрон, эшик-деразасиям йўқ. Ижарада турамиз, “чиқиб кетинглар” дейди..

- Агар айтганларингиз рост бўлса, унда уйингизнинг расмини юборинг. Телеграм борми? Эрингизнинг касаллиги ҳақида справкалар ҳам бўлсин. Маҳалла қўмитасининг сиз ҳақингизда бирор ҳужжати бўлса уни ҳам юборинг. Кейин ўйлаб кўрамиз, - дедим ишончсизлик билан.

Шундан кейин уйининг расмини юбордию, бошқа алоқага чиқмади. Ишлар билан бўлиб хаёлдан кўтарилди. Аммо уч-тўрт кун ўтгач, бир хаёл бошимга михдек урилди. Бордию, у ўша кишининг аёли бўлса-чи. Яқинда уйланганини эшитгандим.

Уйнинг ҳолати

Келинг шу ерда касбилик маҳкум ҳақида маълумот берай.

Шу йилнинг бошида қамоқдан чиққан. Надзор кузатуви остида, яшаш жойига занжирлаб қўйилгандек, чеккароққа чиқолмайди.

“Комхоз”га, ҳа, ўша кўча-кўйни ободонлаштирувчи сариқ камзуллилар ташкилотига ишга жойлашишга уринган. Бошқа бирор иш беришмайди, иш топиш учун узоқроққа боришига эса йўл йўқ. Қамоқдан чиққанидан бери тузукроқ бирор ичкийим ололгани йўқ.

159 ва бир қанча моддалар билан айбланиб, 2004 - 2019 йиллар Республикадаги ўнлаб қамоқларда жазо ўтаган. Сил ва простата касалига чалинган. Ёши 40 да. Уйланмай қамалган.

Қамоқда емаган калтаги, кўрмаган машаққати қолмаган. Зотан ичкарида диний маҳбусларга муносабатни кўпчилигингиз яхши биласиз. Айби - дин илмига қизиқиб, имом Руҳиддин Фахриддиновдан таълим олгани.

Шароити юпун. Оилада ака-укалари мардикор.

Ахир, туманда улардан муҳтожроқ одам бормикан?..Чақирувлар хотирасидан ўша рақамни топиб қўнғироқ қилдим. Адашмаган эканман. Ўзидан керакли маълумотларни суриштиргач, телефонни эрига беришини сўрадим. Биласизми, у киши ўн беш йил машаққат чеккан инсонга ўхшамаган тетиклик ва самимият билан сўзлашди. Аввалги ёрдамни (3 млн сўмдан сал кўпроқ йиғилган) эсламасам-да, у эслаб ташаккур билдирди ва иккинчи марта ёрдам уюштирилишига қаттиқ хижолат бўлаётганлигини айтиб қаршилик қилди.

- Соғайиб қолдингизми, ака?

- Даволандим, сал яхшиман. Ўзингиз биласиз - туберкулёз тузалиши осонмас экан.

- Простатитни қаратдингизми?

- Ҳа, уям яхши бўляпти. (Демак, ҳали яхши бўлмади)

- Ҳокимлик берган уйнинг расмини кўрдим. Узр, яна қандай дардингиз бор эди?

У киши бир оз ўйланиб турди-да:

- Энди, ака, сизга айтсамми-айтмасамми, қўлим қақшаб оғрийди. Кечаси акашак бўлиб қотиб азоб берганидан ухлолмай чиқаман. Хотиним ёғ суркаб силайди, сал оғриқ камаяди. Уёқда юрганимизда совуққа олдирганимдан.

Унинг товуш оҳангида турмуш қийинчилигидан нолиш, шикоят оҳанги йўқ, аксинча умидворлик бор эди. Унга шифокорга учраб ташхис қўйиши ва касаллиги ҳақида справка олишни, бу оммага тақдим қилинишини тайинладим. Кейин аёли рақамимни қандай олганига қизиқдим. У яна хижолатомуз сўзлай бошлади:

- Биласизми, бизга ўхшаб диний айб билан қамалганлар ҳақида “уларга чет элдан пул келиб туради” деган гап юради. Менда пул йўқ эди, аммо ҳалигини одамлар йиғиб берган, садақа пули десам, аёлим шубҳаланди. Энди, аёлларнинг одатини ўзингиз биласиз. Охири, мана бу журналистнинг рақами деб ишонтириш учун сизнинг рақамингизни кўрсатдим. Бу нодон телефон қилишини қаёқдан билибман. Ҳадемай Тошкентга бориб устачилик қиламан, яхши бўлиб олай. Пойтахтда яхши тўлайди-да. Худо хоҳласа ишларим ўнгланиб кетса... – Бу инсоннинг оптимизмидан кўнглим ғалати бўлди. Аммо исмини ёзишимдан қаттиқ истиҳола қилаётгани сезилиб турарди.

* * *

Бу муҳтож оила аёзли кунларда ижарада кун кўрмоқда. Оила эркагининг боши дарддан чиқмайди. Бироқ умидини йўқотмасдан яхши кунларни кутиб яшамоқда. Аллоҳ таоло Бақара сурасида “Яхшилик қилинглар, Аллоҳ, албатта, яхшилик қилувчиларни севади” деб марҳамат қилади. Азизлар, бир ватандошимизнинг дарди ва ташвишига бефарқ бўлмайлик. Биз касбилик собиқ маҳкумга моддий ёрдам акциясини эълон қиламиз.

Пластик карта рақами: 8600 0423 0722 6307

Карта Хидирев Маҳмудали номида.

Телефон рақами 998973127501

Манзили: Қашқадарё вилояти, Касби тумани, Дўстлик МФЙ.

Ш. Исломов