Ёшлар имтиҳондан ўтиш учун эмас, билимли мутахассис бўлиш учун ўқиши лозим​ – Мирзиёев

Ёшлар имтиҳондан ўтиш учун эмас, билимли мутахассис бўлиш учун ўқиши лозим​ – Мирзиёев

Фото: president.uz

Аввал хабар қилганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев 12 июнь куни Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институтига ташриф буюрди.

Янги иморатда 7 та илмий лаборатория ва “Ёш математиклар” маркази фаолият юритади. Бинонинг шинам қаватларида ахборот-ресурс маркази ва семинар хоналари, академик ва тадқиқотчилар учун кабинетлар, кутубхона, мажлислар зали, ошхона жойлашган. Хоналар энг илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган.

Охирги йигирма йилда математикадан билим даражаси пасайиб кетди – Президент (фото)

Шу ерда таълим соҳаси мутасаддилари, ректор ва математик олимлар билан мулоқот бўлди.

– Математика фанининг тамал тошини Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний каби улуғ боболаримиз қўйган. Бу бизнинг қонимизда бор. Лекин охирги йигирма йилда математикадан билим даражаси пасайиб кетди. Чунки ўқитувчиларга керакли эътибор, муносиб ойлик беролмадик, пировард мақсад қўя олмадик. Бунинг оқибати ҳозир кўпдан-кўп соҳаларда сезиляпти. Бугун бу фанни ривожлантиришдан мақсадимиз – математика бўйича рақобат муҳитини яратиш, саноат, муҳандислик йўналишлари бўйича етук кадрлар тайёрлаш, – деди Президент.

Фото: president.uz

Давлат раҳбари жорий йил 31 май куни олимлар билан учрашувда математик онгни боғчадан бошлаб шакллантириш зарурлигини таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб, Математика институтида мактабгача таълим, мактаблар ва олий ўқув юртларидаги дарсларни мувофиқлаштирадиган тизим йўлга қўйилмоқда.

Шу борадаги тақдимот билан танишар экан, Президентимиз «математика ўқитувчиларининг билим ва малакаси бўйича ҳар бир туман кесимида таҳлил борми? Моддий ва ташкилий жиҳатдан яна нималар қилишимиз керак?» дея саволлар қўйди.

Кечаги дарс бериш услуби билан математикани жадал ривожлантириб бўлмайди. Шу боис аввал амалда яхши натижа берган хорижий методика асосида таълим дастурлари яратиб,  ўқитувчиларни қайта тайёрлаш зарур. Методика шундай бўлиши керакки, у болаларда математикага муҳаббат уйғотсин. Бунинг учун ўқувчилар бу фан ҳаётда, ҳар бир соҳада ўзига кераклигини англаши зарур. Ёшлар имтиҳондан ўтиш учун эмас, билимли мутахассис бўлиш учун ўқиши лозим, – деб таъкидлади давлат раҳбари.

Охирги беш-ўн йилда математика йўналиши бўйича университетларни битирган ёшларни топиб, хоҳишига қараб қайта тайёрлаб, мактабларга, фан номзодларини эса олий таълим муассасаларига ишга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Математика кафедра мудирларини сайлаш тартибини жорий қилиш, кафедра мудирлари кенгаши тузиб, доимий тажриба алмашинувни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.

Математика институтида 72 нафар илмий ходим, жумладан, 5 нафар академик фаолият юритмоқда. Охирги икки йилда 11 нафар фан доктори ва 14 нафар фан номзоди тайёрланган. 422 та илмий мақола (245 таси чет элда), 9 та монография (5 таси чет элда) чоп этилган. 

Соҳадаги фундаментал тадқиқотларни молиялаштириш ҳажми бир ярим баробарга оширилди. Халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ёшлар ва уларнинг устозларини рағбатлантириш тизими жорий этилди.

2019 йил 9 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2020 йил 7 майда “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.