Ёшлар иттифоқи Абдуллоҳ Тоҳиров масаласида изоҳ берди

Ёшлар иттифоқи Абдуллоҳ Тоҳиров масаласида изоҳ берди

Аввалроқ, Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаро Дилмурод Тоҳировнинг 20 яшар ўғли Абдуллоҳни ИИБ ходимлари олиб кетиб, бир ҳафтадан буён дарагини бермаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ахборот хизмати бу масалада расман изоҳ берди:

"Сўнгги кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган Абдуллоҳ Тоҳиров билан боғлиқ хабарлар тарқалмоқда.

Ёшлар иттифоқи мазкур вазият бўйича бир неча кун аввал ўрганиш ишларини бошлаган. Бизга маълум қилишларича, Абдуллоҳ Тоҳиров иши билан Ички ишлар вазирлиги эмас, балки бошқа идора шуғулланмоқда ва тез орада бу ҳолат бўйича расмий маълумот берилади.

Биз имконимиз борича Абдуллоҳ ва унинг яқинларига ёрдам қўлини чўзишга тайёрмиз. Айни вақтда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан ҳолатга ойдинлик киритиш ва аниқ тафсилотлар олишга ҳаракат қилмоқда.

Биз жараённинг очиқ ва шаффоф ўтиши, ҳолат билан боғлиқ аниқ маълумотларнинг жамоатчиликка тезроқ тақдим қилинишини истаб қоламиз".