Ёшлар иттифоқи сайти фойдаланувчиларнинг жиддий танқидига учрамоқда

Ёшлар иттифоқи сайти фойдаланувчиларнинг жиддий танқидига учрамоқда

Яқинда ташкил этилган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раисининг ижтимоий тармоқдаги махсус саҳифаси яқинда ўз фаолиятини бошлаганидан хабарингиз бор. Энди эса мазкур ташкилотнинг интернетда ўз сайти ҳам очилган, аммо...

Ушбу сайт очиқ тақдим этилганига қарамасдан, у ҳалиям якунига етказилмаган, ўлда-жўлда аҳволда эканлиги Фаcебоок фойдаланувчилари томонидан танқид қилинмоқда.

Гап шундаки, сайт тўлиқ тайёр бўлмасдан туриб, уни очиқ ҳолатга ўтказиб қўйишган. Натижада эса, ҳали тўлдирилмаган ўринларда сайт шаблонидаги хорижий тиллардаги жумлалар турибди. Шуни инобатга олиб, фойдаланувчилардан бири: «Сайт ҳали тайёрмас-ку. Тайёр бўлгандан кейин баҳо берайлик», дея фикр билдирган. Унга жавобан бошқа юзер: «Унда бирор жойига ёзиб қўйиш керак эди, «Сайтимиз ҳозирча тест версияда фаолият юритмоқда» мазмунида. Ана, «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида бор-ку», деган.

Шу билан бирга, сайтга қўйилган маълумотларда ҳам имло хатолари ва мантиқий чалкашликлар мавжуд. Масалан, «ЛОЙИҲАЛАР» бўлимида биттагина материал бор, унинг сарлавҳаси: «YOSH FERMERLAR DIQQATIGA! OCHIQ MULOQOTDA MARHAMAT!» Шу ерда «MULOQOTGA» бўлиши керак, яъни, жўналиш келишиги ўрнига ўрин-пайт келишиги қўшимчаси қўлланган.

Худди шу материал сайтга охирги 2-3 кун ичида жойланган бўлиши эҳтимоли юқори. Лекин унда: «Ochiq muloqot 2017-yil 3-avgust kuni soat 09:00 da Toshkent viloyati Yuqorichirchiq tumanidagi «Faradis xirmoni» fermer xo‘jaligining dala shiyponida boshlanadi», деган жумла бор. Яъни, салкам бир ой олдинги сана кўрсатилган.

Шу билан бирга, Facebook тармоғида Ёшлар иттифоқининг логотипи ҳам муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айни мана шу пост остида ҳам фойдаланувчилар уни эслаб, қониқарли эмаслиги ҳақида фикр билдиришган.

Айни шу муҳокамалар кетаётган пайтда сайт оммавийликдан олиб қўйилган ва айни дамда унда: «Texnik ishlar olib borilmoqda!» ёзуви турибди, холос.

Абдуллатиф Адҳамов

185