Ёвузликни давлат амалга оширганда…

Ёвузликни давлат амалга оширганда…

Соф.уз сайтида куч ишлатиш тизими ходимлари ўзларига ҳеч қаршилик кўрсатмаган ўспирин йигитни калтаклагани ҳақидаги видеони кўриб, даҳшатга тушдим. Чунки, ҳар қандай давлатнинг кучишлатар тизими ходимлари ана шу давлат номидан ҳаракат қилади.

Демак, йигитчани калтаклаганлар уни давлат номидан калтаклашган, деб қабул қилиш мумкин. Агар, давлат у икки зўравонга қарши ҳеч қандай чора кўрмаса, бу ўша давлатнинг ночорлиги ва қонунлари ишламаслигини англатади.

Энди тўғридан-тўғри воқеанинг ўзига ўтсак.

Видеодан кўрдик – йигит йўлнинг нариги томонига қараб кетаётганида кадр ортидаги овоз уни тўхташга чақирди. Йигит бўйсуниб, тўхтади. Шунда, чамаси, овоз эгаси унинг ёнига бориб, тўсатдан қорнига мушт туширди. Орқасидан етиб келган ниқобли, формадаги киши эса қўлидаги тўқмоғи билан унинг белига урди.

Кетма-кет зарбалардан йигит қорнини ушлаб, эгилиб қолди. Ҳалиги икки зўравондан формадагиси ўз ишини қойиллатиб қўйгандек, у ердан узоқлашди. Иккинчиси эса йигитни қўлтиғидан ушлаб, олиб кетди.

Икки ходимнинг қилмиши керагидан ортиқча куч қўллаш, хизмат вазифасидан четга чиқиб, суиистеъмол қилиш деб таснифланади.

Давлат ходими ҳисобланган полиция ходимлари тинч аҳолига керагидан кўп куч ишлатиши Шимолий Америкада, хусусан, мен яшаётган Канадада ҳам онда-сонда юз бериб туради. Бундай ҳолатлар ҳамма оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилади.

Ўхшаш ҳолатларда куч ишлатган шахсларнинг хизмат вазифасини бажариши вақтинча тўхтатилиб, улар устидан хизмат текшируви ўтказилади. Анча узоқ давом этадиган текширув натижаси ўлароқ уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, иш судга оширилиши мумкин.

Ўзбекистонда куч ишлатиш тизимлари ходимлари ўзлари ҳимоя қилиши зарур бўлган шахсларни асоссиз равишда дўппослаши ҳеч қандай қуюшқонга сиғмайди. Ҳаракатсиз, жим турган ёш йигитни урган ваҳший одам етимхонада ўсган бўлса керак, деган фикр ақлга келиши бежиз бўлмайди.

Бундай аянчли воқеалар мамлакат аҳолисининг куч ишлатиш тизимлари, бу билан биpликда эса – давлатга нисбатан ишончи йўқолишига олиб келади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.