Юнусобод метроси қурилишида ҳалок бўлганларга оид жиноят иши қай тариқа якунланган?

Юнусобод метроси қурилишида ҳалок бўлганларга оид жиноят иши  қай тариқа якунланган?

Тошкент шаҳридаги Юнусобод метро линияси қурилишида содир бўлган фавқулодда ҳодиса юзасидан жиноят иши жавобгарлик масаласи ҳал этилмасдан тугатилган. Бу ҳақида «Газета.уз» нинг мурожаатига кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси маълум қилди.

Ушбу ҳодиса сабаб 2019 йилнинг 18 декабр куни 6 киши ҳалок бўлган эди. Шаҳар прокуратурасининг маълум қилишича, фожеа юзасидан ЖКнинг 257 моддаси 2-қисми «а» банди, 258 модда 2-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Қурилиш-техник суд экспертизаси хулосасига кўра, Юнусобод метроси бекатининг туннели ўнг томонининг темир-бетон конструксияси қулаб тушганига туннелни очиқ усулда ковлашда техник хавфсизлик қоидаларининг бузилгани ва қурилиш ишларининг сифациз бажарилгани сабаб бўлган. Бу масъул шахсларнинг жараённи етарлича назорат қилмаганлиги натижасида содир бўлган.

«Масъул шахслар ўзларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишни айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатишни сўраб мурожаат қилишган. Шунингдек, иш берувчи ҳалокатда вафот этганларнинг оила аъзоларига етказилган зарарни қоплаган ва улар томонидан эътирозлар мавжуд эмас. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарувининг юқоридаги ходимларга берган ижобий тавсифномасини инобатга олган ҳолда 18 март куни ЖКнинг 84-моддаси 5-қисм 2-бандига асосан жиноят иши тугатилди», – дейилади прокуратура хабарида