Юнусободда ИИББ ходимлари аёлларга куч ишлатгани айтилган видео тарқалди. Ҳолатга расмий изоҳ берилди

Юнусободда ИИББ ходимлари аёлларга куч ишлатгани айтилган видео тарқалди. Ҳолатга расмий изоҳ берилди

Telegram мессенжерида «Ички ишлар ходимлари болали аёлга ваҳшийларча куч ишлатди» сарлавҳаси остида видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат бўйича изоҳ берди.

 

Қайд этилишича, 2021 йил 16 июнь куни соат 10:30 атрофида Юнусобод тумани Амир Темур кўчасида Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходимлари Эржан Жиянбеков ва катта сержант Мансур Орипов тиланчилик билан шуғулланиб, фуқароларнинг раҳмини келтириш мақсадида гўдаклардан фойдаланаётган бир нечта аёлларни кўриб қолган. Шу билан бирга, аёллар ўзларининг ва фарзандларининг ҳаётларини жиддий хавф-хатарга қўйиб, автомобиль ҳаракати йўлига чиққан.

Фуқароларнинг шахсларини аниқлаш учун улар ички ишлар бўлимига таклиф қилинган, аммо улардан бири жавобгарликдан қочиш учун бақиришга, қаршилик кўрсатишга киришиб, атрофдагиларнинг эътиборини жалб қилишга ҳаракат қилган.

«Эътибор беринг, тармоқда тарқатилаётган видеода ҳолат тўлиқ кўрсатилмасдан, баландпарвоз сарлавҳа қўйилган, холос. Бу орқали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тиланчилик билан шуғулланадиган одамларнинг ‘қуролларига’ айланган вояга етмаганларни ҳимоя қилиш йўналишидаги фаолиятлари ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил бўлиши мумкин», – дейилади ИИВ хабарида.

Таъкидланишича, видеодаги аёлнинг шахси аниқланганда (М.Х. экани маълум бўлди), у билан бир неча бор профилактик суҳбатлар ўтказилгани аниқланди. Фуқаро илгари ҳам тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилгани ҳақида огоҳлантирилган.

«Суҳбатлар давомида унга бир неча бор ишга жойлашишда ёрдам таклиф қилинган, аммо у ҳалол меҳнат қилишнинг ўрнига жазирама иссиқда фарзандини қийнаб тиланчилик қилиш йўлини танлади.

Ҳурматли блогерлар! Баландпарвоз сарлавҳалар ёзишдан олдин, гўдакларнинг ҳаёти ҳақида ўйлаб кўринг: бундай ҳолатларда қонунбузарларга қарши қонуний чоралар қўлланилишига қарши бўлиш тўғрими?», – дея якунланади ИИВ хабари.