Юртимизга Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий микроскоп олиб келинди

Юртимизга Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий микроскоп олиб келинди

Ўқитувчи ва мураббийлар кунида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг замонавий клиник базаси ўз фаолиятини бошлади.

Вилоят cоғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, бугунги кунда ўқув базага мамлакатимиз, қолаверса, Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий микроскоп олиб келинди. Салкам 500 млн. сўмга харид қилинган микроскопнинг афзаллиги шундан иборатки, ундан бирданига 10 нафар ўқувчи фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, инсон организмидан таҳлил учун олинган намуналарни 1000 бараваридан 5000 бараваригача катталаштириб, микроблар, бактерияларни, тўқималардаги ўзгаришларни кўриш мумкин. 

Эндиликда олий ҳамширалик иши йўналишида, эпидемиология, микробиология ҳамда клиник фармакология кафедраларидаги талабалар, ўқитувчи-профессорларимиз янги замонавий жиҳозлар ва асбоб ускуналардан ўқув машғулотларида, илмий тадқиқотлар мақсадларида фойдаланиб, жуда катта малакага ҳамда амалий кўникмага эга бўлишади.