«Замминистр»нинг иккинчи хотини эканини айтиб «машҳур» бўлган актриса шу номда МЧЖ очди

«Замминистр»нинг иккинчи хотини эканини айтиб «машҳур» бўлган актриса шу номда МЧЖ очди

«Замминистрнинг иккинчи хотини» номи билан масъулияти чекланган жамият очилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи ваколатли орган сифатида мазкур масалага ойдинлик киритади.

Биринчидан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддасига асосан, юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъекти фирма номига бўлган ҳуқуққа эга, бу номни унинг ўзи мустақил равишда белгилайди ва ўз таъсис ҳужжатларида кўрсатади.

Иккинчидан, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали (ўзи келган ҳолда ёки онлайн усулда) давлат рўйхатидан ўтказилади. 

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига асосан Фирма номида:

  • давлатнинг расмий номи, халқаро, ҳукуматлараро ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг қисқартирилган ёки тўлиқ номи;
  • тарихий ёки Ўзбекистон Республикасида машҳур бўлган шахснинг тўлиқ ёки қисқартирилган исми, белгиланган тартибда бериладиган рухсатсиз;
  • фирма номининг эгаси, унинг фаолият тури ёки у келиб чиққан мамлакат хусусидаги сохта ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар;
  • жамият манфаатларига, инсонпарварлик ва ахлоқ принципларига зид бўлган белгилар кўрсатилмаслиги керак.

Тўртинчидан, Давлат хизматлари агентлиги томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунга асосан фирма номларида ишлатилиши мумкин бўлмаган сўзлардан фойдаланиш бўйича чекловлар қўйилди. Ушбу рўйхат мутахассислар томонидан мунтазам равишда янгиланиб борилади.

Муҳокамаларга сабаб бўлаётган тадбиркор аслида бошқа ном остида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, жорий йилнинг 22 декабрь куни Зангиота тумани Давлат хизматлари маркази орқали қайта рўйхатдан ўтказилган ва номини ўзгартирган. Муҳокамага сабаб бўлган тадбиркорлик субъектининг фирма номи, тадбиркор билан олиб борилган тушунтиришлардан сўнг, белгиланган тартибда ўзгартирилди. 

Ўз навбатида, тадбиркорлардан фирмаларига ном танлашда, уни ўзгартиришда юқоридаги қонун талабларига қатъий риоя этишларини сўраб қоламиз.