Зеленский мустақиллик кунида Украинани инглиз тилида реклама қилди

Зеленский мустақиллик кунида  Украинани инглиз тилида реклама қилди

Украинанинг Мустақиллик кунида президент Владимир Зеленскийнинг мамлакатнинг ютуқлари ҳақида инглиз тилида сўзлаган видеоси эълон қилинди. 

"Бизнинг ўз Берлинимиз, ўз Венециямиз ва ўз Малдив оролларимиз бор. Украина яшил, тинч ва очиқ”, - деди Зеленский бир дақиқалик видеода.

Президент Украинани ажойиб муҳандислар, стартаплар ва IT'га солиқлар кам бўлган "янги глобал технологиялар маркази" деб атади. Кейин у қишлоқ хўжалигига мурожаат қилди, Украинанинг унумдор ерлари ҳақида гапирди ва "биргаликда дунёни тўйдирамиз" деб ваъда берди.

 

Зеленский шунингдек, "Европадаги энг катта мамлакат ҳақиқий ютуқларни намойиш этади", деди. "Украина энди биз биргаликда яратадиган ва биргаликда ғолиб чиқадиган нарсадир".

24 август куни Украина давлат мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлади. Мустақиллик куни муносабати билан президентимиз Шавкат Мирзиёев украиналик ҳамкасбига табрик йўллади.