Зерикарли маърузалар ўқиш, конспект ёздириш каби ўзини оқламаган усуллардан воз кечилади – Президент

Зерикарли маърузалар ўқиш, конспект ёздириш каби ўзини оқламаган усуллардан воз кечилади – Президент

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда вазиятга қараб, ўқув юкламаларни ва дастурларни қайта кўриб чиқиш, олий ўқув юртларида амалий кўникмаларни ривожлантиришга эътиборни кучайтириш лозимлиги белгиланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига олий таълим муассасаларига режа ва дастурларни иш берувчилар талабидан келиб чиқиб мустақил тасдиқлаш ваколатини бериш бўйича вазифалар юклатилди. Дастурларнинг белгиланган талабларга мослигини назорат қилиш механизми ҳам ишлаб чиқилади.

Зерикарли маърузалар ўқиш, конспектлар ёздириш каби ўзини оқламаган усуллардан воз кечиб, таълим методикасини ривожлантириш ва педагоглар савиясини ошириш ғоят муҳим масалалиги таъкидланди.

Шу муносабат билан, Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига босқичма-босқич масофавий шаклда педагоглар малакасини ошириш, дарс машғулотларини масофадан кузатиш, баҳолашда инсон омилини камайтириш бўйича ишларни амалга ошириш топшириғи юклатилди.