Зоир Мирзаев Россияда чиқинди йиғиб, онасини боққан 11 ёшли боланинг оиласига 20 млн пул ва ўқув қуроллари совға қилди

Зоир Мирзаев Россияда чиқинди йиғиб, онасини боққан 11 ёшли боланинг оиласига 20 млн пул ва ўқув қуроллари совға қилди

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Россия давлатида чиқинди йиғиб, онасини боққан шаҳрисабзлик 11 ёшли Исломбекнинг оиласига 20 миллион сўм пул ҳамда Исломбек ва унинг опасига ўқув қуроллари совға қилган. Бу ҳақда «Дарё»га маълум қилган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовнинг айтишича, мазкур воқеа «ҳокимнинг бир куни» лойиҳаси доирасида амалга оширилган.

Маълум бўлишича, Зоир Мирзаев «ҳокимнинг бир куни» лойиҳаси доирасида 21 август, жума куни Исломбекнинг оиласи билан кўришиб, улар билан суҳбатлашган.

«Исломбекнинг оиласига 20 миллион сўм моддий ёрдамдан ташқари, ошхона мебели, шунингдек, Исломбек ва унинг опаси учун ўқув қуроллари совға қилинди. Қувонарлиси, Зоир Тоировичининг топшириғига кўра, оилага янги қурилаётган уйларнинг бошланғич тўлови тўланиб, уй ҳам бериладиган бўлди», — дейди Аҳрор Содиқов.

Эслатиб ўтамиз, Исломбекнинг муҳожирликда чиқинди йиғиб, онасини боқаётгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, оила яхши инсонлар кўмаги билан Ўзбекистонга қайтганди. Шундан сўнг Исломбекнинг отасидан онаси Шаҳноза Жалоловага ундирилмай қолган 5 миллион 270 минг 808 сўм алимент пуллари тўлиқ ундирилганди.​