Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Уруш жиноятлари тарихи: Освенцим ўлим лагери
2.02.2020 23:53,  
2095

1945 йил 27 январ куни Совет армияси Полшанинг Германия истило қилган ҳудудидаги Освенцим (Аушвиц - Auschwitz) ўлим лагерини озод қилди. Бу вақтга келиб, лагерни бошқарган, қўриқлаган немис аскарлари аллақачон ғарбга қараб қочган, уларнинг ортида отиб ташланган инсонларнинг жасадлари ва минглаб касал, очликдан ўлим ёқасига келиб қолган маҳбуслар қолган эди. 

Совет аскарлари бу лагерда немислар маҳбусларни ўлдириш ва йўқ қилиш учун ишлатган, кетишдан олдин ўз жиноятларини яшириш мақсадида портлатиб юборган газ камералари ва крематорийларни ҳам топди.      

Бироқ қирғин яшириб бўлмайдиган даражада оммавий тусда қилинган эди. Бугун Аушвиц-Биркенау (Auschwitz-Birkenau) лагери музейга айлантирилган, уни ҳар йили 2,3 миллион киши келиб кўради.  

Полшанинг Освенцим шаҳри яқинида нацистлар томонидан асос солинган Аушвиц ўлим лагери дарвозаси устига немис тилида “Arbeit Macht Frei” – “Меҳнат сизни озод қилади” шиори ёзилган. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Ўтган душанба куни – концлагер озод этилганига 75 йил тўлар экан, ундан омон қолган юзлаб собиқ маҳбуслар бутун дунёдан Аушвицга қараб сафар қилди. Associated Press ахборот агентлиги сураткаши Маркус Шрейбер эса 2019 йил декабрида бир миллиондан ортиқ инсон қирғин қилинган бу лагер-музейни оқ-қора суратларда тарихга муҳрлаганди

Немис тилида “ТЎХТА” деб ёзилган ёғоч лавҳа Аушвиц I ўлим лагерининг электр сим ўралган девори олдида ўрнатилган бўлган. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Аушвиц (Освенцим) аслида битта лагер эмас, у икки қисмдан иборат: Аушвиц I – собиқ поляк ҳарбий базаси негизида 1940 йил февралда ташкил этилган; Аушвиц II ёки Биркенау – биринчи лагердан анча катта мажмуа бўлиб, ундан икки мил (уч километр) узоқликда, 1941 март ойида Гиммлернинг буйруғи билан қурилган. 

Дастлаб Аушвиц I поляк маҳбуслари, жумладан, католик поплари ва ҳибсга олинган Германияга қарши миллий озодлик ҳаракати аъзоларини сақлаш жойи бўлган. Кейинроқ, уруш даврида яҳудийлар ва Европанинг бошқа жойларидан ҳайдаб келинган аҳоли вакилларини оммавий қирғин қилиш учун Биркенау лагери қурилган. 

Маҳбуслар ҳаммаёғи ёпиб ташланган, деразасиз, чорва ҳайвонларига мўлжалланган поездларда олиб келинган. Улар Аушвицга етиб келиши билан машъум текширувдан ўтган – нацистлар ўзларига хос қоидаларга кўра ишга яроқли инсонларни оммадан ажратиб олган. Қолганлар – қариялар, кўплаб аёллар, болалар ва гўдаклар эса лагерга етиб келиши билан ўлдириш учун газ камераларига жўнатиларди. 

Нацистлар қурган Аушвиц-Биркенау ёки Аушвиц II ўлим лагеридаги газ камералари ва крематорийдан қолган вайроналар. Полша, Освенцим шаҳри. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Бу – кўпчиликни ларзага солган Биркенау, у кенг, текис ерда жойлашган, атрофи кумушранг қайинлар билан ўралган бўлиб, мана шу дарахтлар жой номига асос бўлган (немис тилида “Birken” – “қайин” дегани). Бугун ўлик ёқилган крематорий вайроналар остида, аммо одамлар олиб келинган поезд темир йўли, кузатув миноралари ва маҳбуслар совуқ, ҳаммаёғи ёпиқ шароитда сақланган бараклар ҳалигача турибди.

Аушвиц лагери дарвозасига немис тилида “Arbeit Macht Frei” деб ёзиб қўйилган. Бу нацистларнинг ахлоқсиз шиори эди: “Меҳнат сизни озод қилади”. 

Бугун концлагер зиёратчилари унга мажбурлаб олиб келинган маҳбусларнинг жомадонлари, кўзойнак ва бошқа шахсий буюмларини кўришлари мумкин. Энг ҳайратланарлиси маҳбуслардан ечиб олинган протез қўл-оёқлар: Аушвицда йўқ қилинган яҳудийларнинг кўпчилиги Биринчи Жаҳон урушида ўз ватани бўлмиш Германия учун жанг қилган. 

Нацистлар қурган Аушвиц-Биркенау ёки Аушвиц II ўлим лагеридаги газ камералари ва крематорийдан қолган вайроналар. Полша, Освенцим шаҳри. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Ҳозир Аушвиц-Биркенаунинг баъзи қисмларидан шунчаки ғишт парчалари қолган бўлса, баъзи бараклар ҳамон бус-бутун сақланган. 

1940-1945 йиллар давомида нацистлар ва уларнинг ёрдамчилари Аушвицда 1,1 миллион инсонни қирғин қилган. Ўлдирилганларнинг аксари яҳудийлар бўлган, аммо қурбонлар орасида поляк, румин, совет маҳбуслари ва булардан бошқалар ҳам бор эди. Умуман олганда, Германия томонидан Европа бўйлаб 6 миллион яҳудий ўлдирилган, деб айтилади. Совет аскарлари Освенцимни (Аушвиц) озод қилганида у ердан 7 000 киши тирик топилган.

Нацистлар қурган Аушвиц-Биркенау ёки Аушвиц II ўлим лагеридаги газ камералари ва крематорийдан қолган вайроналар. Полша, Освенцим шаҳри. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Аушвиц I ўлим лагеридаги газ камеранинг ичи. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Аушвиц I ўлим лагеридаги газ камеранинг девори. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Аушвиц I ўлим лагеридаги газ камералари яқинида жойлашган крематорий. Полша, Освенцим шаҳри. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Кузатув ва хавфсизлик минораларига олиб борувчи, икки томони электр уларган симтўрлар билан қуршалган йўл. Аушвиц I ўлим лагери. Полша, Освенцим шаҳри. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Маҳбуслар Аушвиц-Биркенауга худди шундай, ҳамма томони ёпиқ вагонларда олиб келинган ва улардан бир қисми вагондан тушиши биланоқ текширувдан ўтказилиб, “кераксиз”лари тўғри газ камераларига жўнатилган. Полша, Освенцим шаҳри. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Аушвиц-Биркенаудаги маҳбуслар сақланган баракнинг ички кўриниши. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Аушвиц-Биркенаудаги маҳбуслар баракининг ётоқ бўлмаси. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Аушвиц-Биркенау ўлим лагери ичидаги кузатув минораси. Полша, Освенцим шаҳри. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Аушвиц-Биркенаудаги маҳбуслар сақланган баракларнинг бир қисмидан бугун қуруқ ғишт бўлакларигина қолган. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Аушвиц-Биркенаудаги маҳбуслар сақланган баракларнинг бир қисмидан бугун қуруқ ғишт бўлакларигина қолган. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Бир вақтлар инсонлар қалбига қўрқув солган ўлим лагерининг бир қисми бугун вайронага айланган. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Аушвиц I ва Аушвиц II (Аушвиц-Биркенау) лагерларидан иборат Освенцим ўлим лагери бугун очиқ музейга айлантирилган. Сурат 2019 йил 8 декабрда олинган.

Бугун Аушвиц бир вақтнинг ўзида бир нечта маънони беради: ёвузлик тимсоли, тарихий хотира макони ва йирик қабристон. 

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан