Ўзбекистон президенти 2 июль куни «давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, 5 июлдан давлат компанияларидан иборат корпоратив буюртмачилар давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-тамойилларини ўтказиш тўғрисидаги эълонлар ва давлат харидлари натижалари тўғрисидаги ахборотни махсус ахборот портали ҳамда ОАВда жойлаштиради. Улар учун индивидуал тарзда президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ белгиланган давлат харидларини тўғридан-тўғри ёки тендер савдоларини ўтказмасдан амалга оширишнинг мавжуд тартиблари бекор қилинди.

Корпоратив буюртмачиларга қуйидагилар киради:

  1. «Навоий ГМК» АЖ;
  2. «Навоийуран» ДК;
  3. «Ўзбекнефтгаз» АЖ;
  4. «Ўзметкомбинат» АЖ;
  5. «Ўзкимёсаноат» АЖ;
  6. «Навоийазот» АЖ;
  7. «Фарғонаазот» АЖ;
  8. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ;
  9. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ;
  10. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ;
  11. «Иссиқлик электр станциялари» АЖ;
  12. «Uzbekistan Airways» АЖ;
  13. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ;
  14. «Олмалиқ ГМК» АЖ;
  15. «Ўзбектелеком» АК;
  16. «Ўзтрансгаз» АЖ;
  17. «Ўзавтосаноат» АЖ;
  18. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ;
  19. «Ўзбеккўмир» АЖ;
  20. «Uzbekistan Airports» АЖ;
  21. «Ўзбекгеофизика» АЖ;
  22. «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ;
  23. «Давлат белгиси» ДУК;
  24. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси «Геолтехтаъминот» ДК.

Рўйхатга давлат харидлари жараёни алоҳида тартибда назорат қилинадиган қуйидаги бюджет буюртмачилари ҳам киритилган:

  1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
  2. Сув хўжалиги вазирлиги;
  3. Халқ таълими вазирлиги;
  4. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги;
  5. Мактабгача таълим вазирлиги;
  6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги;
  7. Автомобиль йўллари қўмитаси.

Ҳужжат билан бош вазир Абдулла Арипов раислигида Давлат харидлари очиқ ва шаффоф амалга оширилишини таъминлаш бўйича республика комиссияси ташкил этилди. Комиссияга бир ой муддатда қиймати 1 млн доллардан юқори бўлган шартномаларни, шу жумладан импорт шартномаларини хатловдан ўтказиб, мақбуллаштириш чораларини кўриш топширилди. Комиссия, шунингдек, давлат харидларининг очиқ ва шаффоф ўтказилиши, давлат буюртмачилари томонидан қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатади.