Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Кечқурун сўйиб кетамиз, деб айтишди». Қашқадарёда ўқувчига 2 баҳо қўйган ўқитувчи калтакланди — видео
10.04.2021 08:25,  
884

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани 134-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев 6 апрель куни ўқувчилардан бирининг акалари томонидан калтакланди. Бу ҳақда «Nasafnews» хабар берди.

Маълум қилинишича, Шоҳнур Оққўзиев шу куни 6-синф ўқувчиларига дарс ўтган. Дарсга тайёрланиб келмагани учун улардан 6–7 нафарининг кундалигига 2 баҳо қўйиб берган. Шундан сўнг бир ўқувчи баҳосидан норози бўлиб, дарсдан чиқиб кетган.

«Дарс тугагандан кейин журналларимни йиғиштириб, пастга тушсам, ўша ўқувчи келиб, ‘Устоз, сизни акам чақиряпти’, деб қолди. Мен ҳар доимги ота-оналардан бири бўлса керак, деб ўйладим. Борганимда эса 3 нафар йигит турган экан. Сенми ўша зўравон, деб бирдан қўлимга тармашиб кетишди. Ўша пайтда рус тили ўқитувчимиз воқеа устидан чиқди. Ёши каттароқ бўлгани учун устозга қочинг, кетинг дедим.

Кейин мени четга торта бошлашди. Ака, эшитаман десам, ‘Сен зўравонсан’, деб тармашишди. Нима қилдим мен, шикоятингиз бўлса, устимдан арз қилинг, дедим. Ўша вақтда ичимга муштлаб ура бошлашди. Ўзимни ўша ҳолатда ҳимоя қилишга ҳаракат қилдим. Тўғриси, кучим етмай қолди. Кейин улардан бири бўйнимдан бўғиб кетди. Кейин ўзимни йўқотдим.

Калтаклашгандан кейин ‘Сен кетиб қолмай тургин, кечга сўйиб кетамиз. Тайёр бўлиб тур шу ерда’, деб айтишди. Шундан сўнг она тили фани ўқитувчиси маҳалла инспекторини чақирди», — дейди ўқитувчи.

У 2 баҳо қўйган ўқувчи маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Абдуносир Ҳошимовнинг ўғли, уни калтаклаган йигитлар эса мактабнинг собиқ ўқувчилари эканини айтмоқда.

Нашр мухбири бунга аниқлик киритиш мақсадида 134-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдуносир Ҳошимов билан боғланган. Ўринбосар мактаб ҳудудида жанжал содир бўлганини рад этмаган. Аммо воқеага унинг фарзандлари сабабчими ёки йўқ — бунга аниқлик киритишни истамаган.

Калтакланган ўқитувчининг онаси эса ўғлининг кейинги фаолиятидан хавотирланмоқда.

«Ўғлим Миллий университетнинг филология факультетини 2020 йилда тамомлаганди. 4-курсда таҳсил олаётганда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ўғлимнинг контрактини тўлашга ёрдам берганди. Шарти эса чекка ҳудудларга бориб дарс бериши керак эди. Ўғлим ҳозирда 100 километр масофага Қарши туманидан Чироқчи туманига қатнаб ишлаяпти. Чекка қишлоқнинг фарзандларига чет тилини ўргатишга астойдил ҳаракат қиляпти. Яхши ният билан ишга кирганига ҳали атиги 6 ой бўлди. Лекин таҳдидларга қолиб, калтаклангани менга ҳам, унга ҳам жуда оғир ботди. Унинг келгуси фаолиятидан хавотирга тушяпман», — дейди ўқитувчининг онаси Инобат Қурбонова.

Унинг айтишича, ўғли шифохонага ётқизилгандан кейин уни калтаклаган йигитлар ва уларнинг қариндошлари бир неча бор келиб, узр сўраган. Келишиб олишни таклиф қилган. Маълум бўлишича, айни пайтда Шоҳнур Оққўзиев вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Унинг билаклари, бели ва оёғига жиддий шикаст етказилган.

Шунингдек, воқеа содир бўлган Умакай маҳалласи профилактика инспектори Сардор Аҳмадов ҳам ҳолат юзасидан маълумот берган. Унинг айтишича, ҳозирда суд-тиббий экспертизаси иш олиб бормоқда, ҳуқуқбузарларга экспертиза натижасига қараб баҳо берилади. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Tavsiya etamiz






Tavsiya etamiz

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан