Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Муродбой ва унинг шериклари судда бош вазир ва бош прокурор иштирок этишини талаб қилган — Олий суд
27.05.2021 11:24,  
436

Жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судида «Муродбой иши» доираси судга чақирилган фуқаролар қўлларини лезвия билан кесиб, турли ноўрин талабларни қўйган ҳолда ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармагани тўғрисида хабар берилганди. Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, айбланувчилар судда бош вазир ва бош прокурор иштирок этишини талаб қилган.

Дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а», «в» бандлари билан айбланувчи М.Юнусалиев раҳбарлигидаги уюшган гуруҳ аъзолари Ғ.Муроджонов, Э.Шарипов, С.Юлчиев, А.Қудратов, М.Далиев, А.Расулов, Д.Раимбеков, Д.Базарбаев, С.Қурбонов, С.Пўлатов, Э.Абдисаламов, Э.Усмонов 2016 йил 1 январдан 2016 йил 16 июнгача давом этган жиноий фаолиятлари мобайнида фуқаролардан нақд пул, автомашина ва кўчмас мулкларни қабул қилиб олган.

Улар ушбу пул маблағлари ва кўчмас мулкларни 10-12 ой ичида 2-2,5 баробар миқдорида кўпайтириб беришни ваъда қилган. Шу йўл билан фуқароларни қизиқтириб, жами 682 та ҳолатда 516 нафар жабрланувчининг 2,3 миллион доллар ва 1,4 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишда айбланган.

Мазкур жиноят иши айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судига 2021 йил 22 февраль куни келиб тушиб, уни суд мажлисида кўриш 2021 йил 11 март кунига тайинланган.

Раислик қилувчи судья Ф.Ишанхўжаев томонидан 11 март кунидан бугунги кунга қадар ўтказилган суд мажлисларида жиноят иши бўйича 430 нафардан ортиқ жабрланувчи, 7 нафар гувоҳ ва 8 нафар судланувчи сўроқ қилинган. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланаётган судланувчилар М.Юнусалиев, Ғ.Муроджонов, С.Юлчиев, А.Қудратов ва Э.Шарипов кўрсатма беришдан бош тортган.

Мураккаб ва кўп эпизодли бўлган мазкур жиноят ишини судда муҳокама қилиш муддати 2021 йил 10 май куни Тошкент вилояти суди раиси томонидан Жиноят-процессуал кодекси 405-моддасининг 4-қисмига асосан тўрт ойга, яъни 2021 йил 12 июлга қадар узайтирилган.

25 май куни судья Ф.Ишанхўжаевнинг раислигида ўтказилган навбатдаги суд мажлиси жараёнида, тахминан соат 16:00 ларда қамоқда сақланаётган судланувчилар М.Юнусалиев, Ғ.Муроджонов, С.Юлчиев, А.Қудратов ва Э.Шарипов раислик қилувчи томонидан ҳимоячи Д.Асқаровнинг илтимосномаси рад қилинганини важ қилиб, уюшган ҳолатда тартибсизлик содир этган. Судланувчилар М.Юнусалиев, С.Юлчиев ва А.Қудратов ўзларининг ёнларида бўлган писка (лезвия) бўлаги билан қўлларини тилиб, ўзларини қамоқдан озод қилишни ёки аслида уларга тегишли бўлиб, «Аҳмадбой»нинг иши бўйича мусодара қилинган 6,5 миллион долларни қайтаришни ҳамда суд мажлисида бош вазир ва бош прокурор иштирок этишини талаб қилган.

Ҳодиса содир бўлган жойга Тошкент вилояти прокурори, вилоят ИИББ бошлиғи, Янгийўл шаҳар прокурори, ДХХ бўлими, ИИБ бошлиғи ва Миллий гвардия ходимлари етиб келган.

Судланувчилар билан ҳамкорликда олиб борилган суҳбат ва тушунтириш ишлари натижасида, жисмоний куч ишлатмаган ҳолда уларни тинчлантириш ва 1-сонли тергов ҳибсхонасига этап қилишга эришилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда баён қилинган 3 килограмм олтин ва катта миқдордаги пул маблағлари ҳамда қимматбаҳо автомашиналар муқаддам жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судининг 2020 йил 27 августдаги ҳукми билан судланган айнан шу судланувчиларга оид жиноят ишида ҳам, айни вақтда кўрилаётган 1-1119-2001/25-сонли жиноят ишида ҳам ашёвий далил тариқасида эътироф этилмаган ва ишга қўшилмаган.

Маълум қилинишича, ушбу ашёлар бошқа жиноят ишига, яъни «Аҳмадбой» (А.Турсунбоев) ишига тааллуқли. Тошкент вилоят судининг 2019 йил 20 майдаги ҳукмига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати Молия-иқтисод бошқармасига топширилган 13,1 миллиард сўмдан ортиқ пул, 12 миллион доллар ва 140 евро, Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигига топширилган умумий вазни 2,8 килограммдан ортиқни ташкил этувчи 545,8 миллион сўмга баҳоланган 16 турдаги 45 дона заргарлик буюмлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун уларга пропорсионал тарзда тақсимлаб бериш белгиланган.

Мазкур ҳукмга нисбатан келтирилган кассация шикояти жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанциясида кўриб чиқилиб, кассация инстанциясининг 2020 йил 9 январдаги ажримига кўра, ҳукмнинг фуқаровий даъвога оид қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

М.Юнусалиев ва бошқаларга оид жиноят иши юзасидан навбатдаги суд мажлиси 28 май кунига тайинланган.

Tavsiya etamiz






Tavsiya etamiz

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан