Португалия миллий жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду жамоасининг 2022 йилги Жаҳон чемпионати саралаш плей-оффидаги илк учрашуви олдидан фикр билдирди.
«Бутун эътиборим Жаҳон чемпионатига йўлланма олишга қаратилган. Доимгидек, Португалия шарафини ҳимоя қилаётганимдан ғурурланаман. Биламиз, бизни қийин баҳслар кутиб турибди.
Рақибларга улкан ҳурмат билан тайёргарлик кўрамиз. Уларда ҳам бизники билан бир хил мақсад бор — мундиалда иштирок этиш.
Лекин биз Португалия ЖЧда ўзининг қонуний ўрнини олиши учун курашамиз. Келинг, буни биргаликда амалга оширамиз», — деб ёзиб қолдирган «МЮ» ҳужумчиси ўзининг «Instagram» саҳифасида.
Маълумот учун, португаллар 24 март санасида Туркияга қарши плей-офф яримфиналида майдонга тушади. Ғалаба қозонган тақдирда, уларни 29 мартда Италия — Шимолий Македония баҳси ғолиби саралаш финалида кутади.