Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Сизнинг ғалабангиз бизга жуда катта куч-қудрат берди — Президент Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди
10.09.2021 19:29,  
123

Президент Шавкат Мирзиёев Токиода ўтган XVI Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди.

Маросимда парламент аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар, устоз ва мураббийлар қатнашмоқда.

Давлатимиз раҳбари мусобақа иштирокчилари, уларнинг тимсолида бутун халқимизни Ўзбекистон терма жамоасининг Паралимпия ўйинларида қўлга киритган улкан ғалабаси билан муборакбод этди.

– Сизларга олган орден-медалларингиз, кўрсатган жасорат ва матонатларингиз учун катта раҳмат айтаман. Ҳаммамиз олис Токио шаҳрида бўлиб ўтган XVI Паралимпия ўйинларини катта ҳаяжон ва чексиз фахр билан кузатиб бордик. Барчангизга маълум, бу гал терма жамоамиз 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритди. Ана шу қимматли 19 та медалнинг 11 таси, шижоатли спортчи қизларимиз томонидан қўлга киритилгани тарихимизда мисли кўрилмаган воқеадир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз терма жамоаси 160 дан зиёд давлат ўртасида – ўн олтинчи, Осиё қитъаси ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида – тўртинчи, Марказий Осиёда эса – биринчи ўринни эгаллади.

Япон заминида ғолиб спортчиларимиз шарафига ҳар гал мадҳиямиз янграб, Ватанимиз байроғи баланд кўтарилгани қалбларимизни чексиз ифтихорга тўлдирди.

Президентимиз спортчиларимизнинг Паралимпия ўйинларида улкан ютуқларни қўлга киритишида аввало ота-оналарининг меҳнати тенгсиз эканини таъкидлаб, уларга чуқур миннатдорлик билдирди. Жумладан, тадбирда иштирок эта олмаётган спортчилар ва уларнинг ота-оналарига ҳам раҳмат айтиб, уларнинг фидойилиги кўпчилик учун ўрнак эканини таъкидлади.

Токиода ўтган XVI Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган маросимда Президентимиз Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз қўлга киритган юксак натижаларга алоҳида тўхталиб, уларни муборакбод этди.

Нуфузли ўйинларда маҳоратли дзюдочимиз Учқун Қуронбоев терма жамоамизга илк олтин медални тақдим этди. Яна бир полвонимиз Бобуржон Омонов эса ядро улоқтириш бўйича олтин медалга сазовор бўлиш билан бирга, Паралимпия рекордини ҳам янгилади. Таъкидлаш керакки, бу борадаги янги жаҳон рекордини ҳам айнан Бобуржон ўрнатган эди.

Жасоратли енгил атлетикачиларимиз Нозимахон Қаюмова, Моҳигул Ҳамдамова, София Бурҳонова, рақиблари орасида энг ёш бўлган таэквондочи Гулжоной Наимова олтин медалларни қўлга киритиб, барчамизга чексиз хурсандчилик бағишлади.

Давлатимиз раҳбари Гулжанойга юзланиб, унинг жангларини кузатганини таъкидлади.

– Сизнинг жангларингизни ўзим кузатдим. Очиғи, сўнгги жангингизни охиригача кўролмадим, ютқазиб қўймасин деган кучли ҳаяжон бор эди. Ҳайрият, муросасиз курашда ғалаба қозониб, барчамизни қувонтирдингиз. Сизнинг ғалабангиз бизга жуда катта куч-қудрат берди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мусобақаларда дзюдочимиз Феруз Саидов, ядро улоқтириш бўйича спорт устаси Ҳусниддин Норбеков ҳам олтин медалларга сазовор бўлди.

Ҳусниддин бу ютуғи билан икки карра Паралимпия ўйинлари чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлгани алоҳида таъкидланди.

Ана шу чемпионларимиз қаторида Асила Мирзаёрова, Роза Қўзиева, Парвина Самандарова, Довурхон Кароматов, Нурхон Қурбонова, Ислом Асланов, Элбек Султонов, Нафиса Шерипбоева, Шариф Халилов, Шоҳсанам Тошпўлатова сингари жами 11 нафар спортчимиз кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлиб, мамлакатимиз шуҳратини бутун дунёга тараннум этди.

Президентимиз бундай беқиёс ютуқларга эришишда чинакам фидойилик кўрсатган Алфия Ибрагимова, Бобур Қўзиев, Сардор Абдухолиқов, Азизжон Норматов, Шамсиддин Саидов, Мавлонбек Ҳайдаров, Григорий Камуля каби тажрибали мураббийларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев паралимпиячилар билан учрашувда Ҳаким Термизий бобомиздан иқтибос келтирди.

– Мен ушбу учрашувга тайёргарлик кўришда буюк боболаримизнинг ҳикматларини изладим. Биласизки, мусобақаларда вакилларимиз эришган ютуқлар тинимсиз жисмоний машқлар билан бирга, кучли руҳий тайёргарлик, мустаҳкам ирода ва пок ният самарасидир.

Чиндан ҳам, улуғ мутафаккир Ҳаким Термизий бобомиз айтганларидек: “Инсон бирон нарсани йўқотса, қайғурмаслиги керак. Фақат ниятни йўқотса, қайғуриши керак. Чунки, ҳар қандай хайрли иш, пок ният билан ижобат бўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, оғир пандемия шароитида Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш, катта ютуқларга эришиш осон бўлмади. Мусобақанинг дастлабки кунларида Токио шаҳрида 25 нафар спортчимизга нисбатан қаттиқ карантин талаблари қўллангани ҳам жиддий муаммолар туғдирди.

Ўз йўналишларида ғолибликка асосий даъвогар ҳисобланган Лобар Хуррамова, Севинч Салаева, Васила Алибоева сингари дзюдочи қизларимиз шундай сабаблар туфайли баҳсларда иштирок эта олмади.

Давлатимиз раҳбари ушбу спортчиларимиз 2024 йил Парижда ўтадиган Паралимпия ўйинларида ўзларининг нималарга қодир эканлигини албатта исботлашига умид билдирди.

– Мен шу ўринда бу галги мусобақаларда омади келмаган ёшларимизга қарата айтмоқчиман: жаҳондаги энг кучли спортчилар беллашган Паралимпия ўйинларида қатнашиб, ўз салоҳиятингизни дунёга намоён этганингизни ўзи ҳам катта ифтихордир, – деди давлат раҳбари.

Маълумки, юртимизда Олимпия ўйинлари қатори Паралимпия мусобақаларига ҳам ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш учун барча зарур шароитлар яратилди.

Натижада вакилларимиз 8 та спорт тури бўйича 55 та йўлланмани қўлга киритиб, миллий спортимиз тарихида энг юқори кўрсаткичга эришди. Вакилларимиз эшкак эшиш, каноэ ва таэквондо сингари 3 та йўналиш бўйича илк бор қатнашди.

Давлатимиз раҳбари спортчиларимиз келажакда ушбу спорт турлари бўйича ҳам ғолиблар сафидан жой олишига ишонч билдирди.

Куни кеча Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига автомашиналар ва пойтахтимиздан квартиралар ажратилди. Президентимиз фармони билан ғолиб спортчилар, уларнинг мураббийлари ва барча иштирокчилар пул мукофотлари билан тақдирланди.

Шавкат Мирзиёев энди эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, Ватанимизнинг спорт соҳасидаги улкан салоҳиятини тобора кенгроқ намоён этиш учун 2024 йилда Парижда бўладиган Паралимпия ўйинларига бугундан бошлаб аниқ тизим асосида тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлади.

Жумладан, келгуси мусобақаларга стол тенниси, қиличбозлик, камондан отиш, велоспорт, от спорти, бадминтон сингари турлар бўйича ҳам йўлланмалар учун курашиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан бўлғуси Паралимпия ўйинларига пухта ҳозирлик кўриш учун хорижий мамлакатлардан энг тажрибали мутахассис ва мураббийларни жалб қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.

– Ўзингиз кўрдингиз, нуфузли мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрган давлатларнинг медаллари ҳам кўп бўлди. Бизда ҳам бу ишни тизимли йўлга қўйиш керак. Шу билан бирга, жойларда жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз ўртасида паралимпия ҳаракатини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз зарур, – деди давлатимиз раҳбари.

Пара-спорт турлари бўйича иқтидорли атлетларни саралаш ва уларнинг захирасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш, хусусан, спорт таълими масканларида тегишли ўқитиш дастурлари ва методикасини жорий қилиш билан бирга, уларда паралимпия бўлимларини ташкил этиб, қўшимча квоталар ажратиш кераклиги таъкидланди.

Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов ва Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.Тошхўжаевга спорт мактабларида жисмоний имконияти чекланган болалар учун махсус гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев XVI Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашувда миллий паралимпия ҳаракатини ривожлантириш учун қатор ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси қошида Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтини ташкил этиш таклифини билдирди.

Пара-спортчиларни мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиш, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш мақсадида уларни Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига бириктириш, махсус дори-дармон ва халқ табобати воситалари билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Туризм ва спорт вазири ҳамда вилоят ҳокимларига қишки спорт турларини ривожлантириш мақсадида “Амирсой” тоғ-чанғи спорт мажмуаси ва “Ҳумо-Арена” муз саройи базаларида паралимпиячилар учун шароит яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари пара-спорт бўйича юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни кенг жалб этган ҳолда, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси таркибида “Матонат мактаби”ни ташкил этишни таклиф қилди.

– Ўзининг юксак иродаси ва матонатини намойиш этиб келаётган сизлар каби ёшларимиз бу мактабнинг етакчи вакиллари сифатида фаолият олиб борса, айни муддао бўларди. Сизлар таълим масканларида, меҳнат жамоаларида, айниқса, маҳаллаларда ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлларингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар албатта, сизларга эргашади, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари тақдир синовларига мардона бардош бериб, ҳаётда ўз ўрнини топиб яшаётганларининг ўзи катта жасорат ва қаҳрамонлик намунаси эканини қайд этди. Шу билан бирга, синовларга бардош бера олмаган ёшларимиз маърифатга эмас, жаҳолатга эргашишини таъкидлади.

– Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Ватани, ота-онаси, Президенти улардан кўп нарса кутаяпти. Улар ҳам менинг фарзандларим, яхшиси ҳам, ёмони ҳам меники. Сизлар орқали адашган ёшларни тарбиялаб олсак, бу менинг энг катта ғалабам, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маросимда жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳасидаги катта ютуқлари билан намуна бўлиб келаётган замондошларимиз ҳақида публицистик асарлар, кўрсатув ва эшиттиришлар, ижтимоий роликлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президентимизнинг фармонига мувофиқ, Токиода бўлиб ўтган XVI Паралимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлган бир гуруҳ паралимпиячи спортчиларимиз ва уларнинг устоз-мураббийлари давлатимизнинг юксак ордень ва медаллари билан тақдирланди.

Тадбир сўнгида ушбу мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

Учрашувда спортчилар, мураббийлар, она-оналар сўзга чиқиб, мамлакатимизда паралимпия спорт турларини ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори, айниқса, ногиронлиги бўлган инсонларга ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш бўйича кўрсатаётган чексиз ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Tavsiya etamiz






Tavsiya etamiz

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан