Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тошкент давлат аграр университетининг сўнгги йиллардаги ижобий ўзгаришлари рақамларда
5.09.2021 13:32,  
25

Она Ватанимиз мустақиллигининг  30 йиллиги, бу қутлуғ айём бутун халқимизга, хорижда яшаётган эзгу ниятли ватандошларимизга-да катта қувонч келтирмоқда.Эътироф этиш керакки, тарихан жуда қисқа даврда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида, сиёсату иқтисод, маънавияту маданият, таълим тизимларида мисли кўрилмаган беқиёс ўзгаришлар юз берди. Шиддатли ва кишини ҳайратга соладиган ислоҳотлар айни чоғда ҳам туну кун давом этмоқда.

Дунёга бизни тинчликсевар, тараққийпарвар, мудом эзгуликни кўзлайдиган халқ сифатида яна бир карра танитган, имкониятларимизни янада кенгайтирган кейинги беш йиллик эврилишларни алоҳида таъкидламоқ зарур. Чунки юртимизда яшаш ва ишлаш, ўқиш-ўрганиш, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш учун барча шарт- шароитлар яратиб берилган. Давлатнинг ўзи тадбиркору шижоати  ортидан рисқ топаётган, янги иш ўринлари яратиб эл фаровонлигини таъминлаётган, илм ривожига ҳисса қўшаётган  кишиларни ҳар томонлама қўллаб қувватламоқда.

Ўзбекистон эса айни шу кунларда ўз мустақиллигининг 30 йиллигиги нишонламоқда. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали йиғилишда Президентимиз  улуғвор режалар, янгидан янги беқиёс бунёдкорлик ишлари, оламшумул мақсадлар рўёби ҳақида сўз очди.

“Мен ишонаман, сизлар замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини пухта эгаллаб, биз бошлаган ишларни муносиб давом эттирасиз! Юксак ғайрат-шижоатингиз ва фидокорона меҳнатингиз билан  юртимизда янги Ўзбекистон- учинчи Ренессансни  бунёд этишга албатта қодир бўласиз. Ҳеч качон бўш келманг, азиз фарзандларим!” деди давлатимиз раҳбари.

Тинчлик, хотиржамлик бўлмаса, давлат ҳокимияти халқдан куч олмаса, Президент ёшлар келажаги тўғрисида қайғурмаса, улуғвор мақсадларни кўзлаб бўладими? Истиқлолнинг 30 йиллик ўтмиши ҳақида сўз юритганда, албатта, бир олим, шу эл фарзанди сифатида,  кейинги 5 йилликдаги  ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб гапиргим келади.

Шавкат Миромонович халқ иродаси, ҳоҳиш-истагига кўра, дунё эътироф этган демократик сайловлар асосида давлат раҳбари сифатида сайланиши мамлакат учун том маънода янги нафас олиб кирди.  Президентимизнинг академиклар билан учрашуви ва ўша тарихий суҳбатдаги самимий фикрлари, мулоҳазаларини ёдга олайлик.

Оддий идорага айланиб қолган, ҳатто ўн йиллар давомида сайловлар ҳам ўтказа олмай,  нуфузи тушиб кетган  Республика Фанлар академиясига мамлакат раҳбари янги ҳаво, куч олиб кирди. Президент эътибори туфайли таниқли олимлар, устозлар шу юрт, шу ватан келажаги учун масъул бўлишини, керак эканлигини юракдан ҳис этдилар. Шу юксак ҳурмат 75-80 ёшни қоралаб қолган академикларга яна ғайрату шижоат бағишлади. Ўша учрашувда тилга олинган масалалар, муаммолар тез орада ечимини топа бошлади. Энг муҳими ҳар бир академик  тегишли илмий муассасалар билан ишлайдиган бўлди, уларнинг йўл хариталари ишлаб чиқилди. Шу тариқа бошқа соҳалар қатори илм-фанда, олий таълимда янги тараққиёт даври бошланди.

Эътибор беринг, кейинги 5 йил ичида мамлакатимизда 64 та олий ўқув юртлари ташкил этилди. Шу тариқа жами олий ўқув юртлари сони 141тага етказилди, қабул квотаси эса 3 карра ошди. Мамлакатимизнинг пойтахтдан олисда жойлашган Денов, Нукус шаҳарларида замонавий жиҳозланган, юксак педагогик салоҳиятга эга бўлган институтларнинг пайдо бўлиши ўша худуд ёшлари учун катта имкониятлар эшигини очди. Энг муҳими, олий таълим тизимига рақамлаштириш, аҳборот-технологиялари, рақамли иқтисодиёт тамойиллари жадаллик билан кириб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан берилган кенг имкониятлар натижасида институтлар ва университетларнинг  ривожланган давлатлар олий таълим тизими билан  ҳамкорлиги янги поғонага кўтарилди. Кейинги йилларда  илмий-педагогимк  салоҳияти ўн карра, юз карра ошган университетимиз тизимида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Ҳар қандай соҳанинг ривожи қонунчилик базасини такомиллаштириш билан чамбарчас боғлиқдир. Кейинги тўрт ичида аграр таълимни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та қарори қабул қилинди. 2018 йил 8 майдаги “Тошкент давлат аграр университетида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3704-сонли қарори билан янгидан 10 та бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда 6 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, талабаларнинг малакавий амалиётларини ўташ мақсадида 100 дан ортиқ асосий кадрлар истеъмолчилари ҳисобланган вазирлик, идора, корхона ва ташкилотларга таълим йўналишларига  бириктирилди.

Кадрлар буюртмачилари томонидан талабаларни 5 йил ишлаб бериш мажбуриятини белгиловчи шартнома тузиш орқали тўлов контрактини 2-босқичда камида 50 фоиз, 3-босқичда камида 75 фоиз ва 4-босқичда 100 фоиз  тўлаб бериш тизими жорий этилди. Шунингдек, магистратурага қабул тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилмоқда.

Шуни қувонч билан таъкидлаш лозимки, Президентимиз томонидан жорий этилган бу қулайликлар ўн минглаб, юз минглаб иқтидорли ёшларни руҳлантириб юборди. Илмга чанқоқ ёшлар бугун фундаментал тадқиқотлар билан жиддий шуғулланмоқда. Тажриба-синов тариқасида таълимнинг кредит тизимини босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш мақсадида таълим йўналишлари ва мутахассисликлари 15 та илмий-тадқиқот муассасаларига бириктирилди.

Илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш мақсадида республикада илк маротаба “AgroVitroClone”, “Аквакультура”, “AGRO FRUIT” кичик инновацион корхоналари ташкил этилди.

Президент қарорига асосан янгидан 6 та бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда 11 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Замон талабидан келиб чиққан ҳолда хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдори икки баробарга камайтирилди.

Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари масалалари ҳамда профессионал таълим муассасалари билан ишлаш бўйича проректор лавозимлари жорий этилди. Шунингдек, университет ва унинг филиаллари ҳузурида 13 та Агротехнологиялар техникумлари ташкил этилиши ҳам ёшлар учун яна бир қулайлик яратди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали, 2020 йил 19 мартдаги 172-сонли қарорига асосан университет ҳузурида «Агробизнес ва бошқарув» йўналиши бўйича агросаноат мажмуи учун раҳбар ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Маркази, 2020 йил 16 сентябрдаги 556-сонли қарорига асосан университетнинг Самарқанд филиали ташкил этилди.

Шунингдек, Университетнинг 2030 йилгача бўлган инновацион ривожланиш стратегияси кўрсаткичлари белгиланди.

            2017-2020 йилларда университетнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида АҚШ, Германия, Япония, Хитой, Жанубий Корея давлатлари ҳамда БМТнинг Тарраққиёт Дастури, ФАО ташкилотлари, Жаҳон банки, “Ўзпахтасаноат” АЖнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қиймати 8,4 млрд. сўм ва 447 минг долларга қишлоқ хўжалик техникалари, совуткич омборлари ҳамда 7 та ўқув лабораторияси ва лаборатория жиҳозлари харид қилинди. Бу имкониятларимиз янада кенгайтиришга, илмий изланишлару таълим-тарбия жараёнларини янги босқичга кўтаришга туртки берди.

Олимларимизнинг илмий натижалари ҳақида ҳам айтиб ўтишим керак. Университет профессор-ўқитувчилари томонидан сўнгги беш йил давомида 386 номда янги ўқув адабиётлари тайёрланиб чоп этилди, жорий  йилда эса  185 номдаги ўқув адабиётларини талабалар  қўлига топширишни режалаштирганмиз.

            Университетимизнинг 360 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилари 2016-2020 йилларда АҚШ, Германия, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Веьтнам, Ҳиндистон, Покистон, Россия каби давлатларнинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида малака ошириш ва стажировка курсларида иштирок этишди.

            Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, 2016-2020 йилларда 139 та номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Кейинги 5 йил ичида  хорижий давлатларнинг 100 дан ортиқ олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, шунингдек, халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. АҚШ, Германия, Россия, Белоруссия, Польша каби хорижий давлатларнинг 7 та етакчи олий таълим муассалари билан ҳамкорликда 9 та таълим йўналиши ва мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари жорий этилди.Айни пайтда университетда “Эрасмус+” дастури доирасида  қиймати 1,74 млн еврога тенг 2 та  халқаро лойиҳалари бажарилмоқда.

БМТнинг ФАО, АҚШнинг USAID ташкилотлари ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда 3 та мавзуда халқаро ёзги мактаблар ташкил этилди.

Германиянинг ИАМО институти билан ҳамкорликда Халқаро қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти кафедраси очлди. Ҳар ўқув йилида университетнинг 120-150 нафар талабалари Германиянинг PRAXX, AZ-GERMANY, Агроимпульс каби ташкилотларида ишлаб чиқариш амалиётларини ўтаб келишмоқда.

Бугунги кунда бошқа олий таълим даргоҳлари сингари университетнинг халқаро рейтингини кўтариш асосий мақсадимизга айланган. Университетни 2025 йилга қадар дунёнинг нуфузли 1 000 та олий таълим муассасалари рўйхатига (QS рейтинг тизими) киритиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида университетни QS: EECE университетлар рейтингига кириш бўйича 3 та йўналишда хужжатлар тақдим этилган. Бундан ташқари, THEнинг (Times Higher Education) IMPACT RANKINGS йўналиши бўйича рўйхатга киритиш учун 17 та йўналиш бўйича ҳужжатлар топширилиб, барча йўналишлар бўйича ижобий натижаларга эришилиб, университет THEнинг (Times Higher Education) IMPACT RANKINGS ҳалқаро рейтингида топ-1000 талигидан ўрин эгаллади.

Яқин келажакда  илмий-методик таъминотда муаммолар буткул барҳам топади ва таълим жараёни тўлиқ электрон таълим бошқаруви тизими орқали назорат қилинади, хорижий талабаларнинг улуши 5 фоизга, хорижий олий таълим муассалари билан педагог-кадрлар ва талабаларнинг академик алмашинуви 15 фоизга етказилади. Шунингдек, қиймати 2,6 млн. долларга тенг бўлган “Экофизиологик тадқиқотлар” олий таълим муассасалариаро илмий лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Талабаларни ва докторантларни ижтимоий қўллаб-қуватлаш мақсадида замонавий 2 та талабалар турар жойи ҳамда 1 та докторантлар уйи қурилади.

Бир сўз билан айтганда, Тошкент давлат аграр университети 2030 йилгача молиявий мустақиллика эришади ва халқаро хамкорлик бугунгига нисбатан ўн карра ошади. Шу боис, баралла айта оламанки, бугунги эришаётган ютуқларимиз  чегара эмас. Президентимиз ишончи, профессор-ўқитувчиларимизнинг чуқур билим-тажрибаси, иқтидорли, зукко ва кўп тилларни биладиган ёшларимиз билан кўзланган барча мақсадларга эришамиз, деган умиддаман!                                    

 

Ботиржон    Сулаймонов,

Тошкент давлат аграр университети ректори,

академик

Tavsiya etamiz






Tavsiya etamiz

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан