Чилида метро ҳақи ошишига қарши норозиликлар чоғида камида етти киши ўлдирилди

Чилида метро ҳақи ошишига қарши норозиликлар чоғида камида етти киши ўлдирилди

Чили пойтахти Сантягодаги намойишлар чоғида камида етти киши ўлдирилди. Шундан сўнг мамалакат президенти Себастиан Пинера мамлакат шимол ва жанубида ҳам фавқулотда ҳолат эълон қилиниши айтди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

"Биз кучли душманга қарши курашмоқдамиз, у зўравонликни ҳеч қандай чекловсиз ишлатишга тайёр", деди Пинера Сантягодаги армия штаб-квартирасида кеча телевидение орқали берган баёнотида.

Шанба оқшомида пойтахт Сантягода фавқулотда ҳолат эълон қилиниб, шаҳарга армия қўшинлари киритилган эди.

Намойишларни икки ҳафта аввал, жамоат транспортлари, жумладан метрода йўл кира ҳақи оширилишидан норози бўлган талабалар бошлаб берган эди.

Президентнинг таъкидлашича, душанба куни метро ва автобус, шу билан бир қаторда Сантяго касалхона ва мактаблари қисман ишламайди.

"Бугун иккиланадиган кун эмас. Мен барча ватанпарварларни исёнчиларга қарши бирлашишга чақираман", деди Пинера.

Сантяго шаҳрида комендантлик соати ўрнатилди. Шунингдек, пойтахт аэропорти ҳам тартибсизликлар туфайли якшанба куни ишламади.

Аввалроқ, Ливандаги ватсап солиғига қарши ўтказилаётган намойишлар ҳақида хабар қилинган эди.