Марказий банк Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бўйича тарқалган материаллар юзасидан ахборот берди

Марказий банк Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бўйича тарқалган материаллар юзасидан ахборот берди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси ҳисоботи доирасида нашр қилинган умумий ташқи қарз кўрсаткичларига оид кўплаб фикр ва мулоҳазалар билдирилаётганлиги муносабати билан Марказий банк қуйидагиларни маълум қилди.

2018 йилдан бошлаб Марказий банк томонидан Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи кўрсаткичлари Халқаро валюта жамғармасининг методологияси асосида тайёрланиб, мунтазам равишда (чораклик, йиллик) фойдаланувчиларга тақдим этиб келинмоқда.

Ушбу маълумотлар инвесторлар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик учун макроиқтисодий кўрсаткичларининг очиқлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади.

2021 йилнинг 1 июль ҳолатига умумий ташқи қарз кўрсаткичи 35,9 млрд. долларни ташкил этиб, унинг 61 фоизи (21,98 млрд. долл.) давлат ва давлат кафолати остидаги қарзлар, 39 фоизи (13,9 млрд. долл.) эса хусусий сектор корхоналари ва банклар ҳиссасига тўғри келади.

Бунда 2021 йилда умумий ташқи қарз кўрсаткичларида жами 2 млрд. долл. миқдорида ўсиш кузатилиб, мазкур ўсишнинг 1,4 млрд. долл. ёки 70 фоизи хусусий сектор корхоналари ва банклар ҳиссасига тўғри келади.

Сўнгги йилларда давлат ташқи қарзлари доирасида жалб қилинаётган маблағлар асосан ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, давлат ривожлантириш дастурларини амалга ошириш ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқлари лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилмоқда.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга кўра 2021 йил учун давлат қарзининг хавфсиз даражаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоиз миқдорида белгиланган бўлиб, давлат қарзининг жорий миқдори (38,5 фоиз) белгиланган меъёрлардан паст даражада сақланиб қолмоқда.

Хусусий сектор ташқи қарзи кўрсаткичларидаги ўсиш асосан тижорат банклари ҳиссасига тўғри келиб, жалб қилинаётган маблағлар ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилмоқда.

Хусусий сектор корхоналари ва банклар томонидан жалб қилинган ташқи қарзлар бўйича мажбуриятлар бевосита ушбу корхона ва банклар томонидан сўндирилиб келинмоқда.

Хусусан, жалб қилинган умумий ташқи қарз маблағлари бўйича 2021 йилнинг I ярим йиллигида жами 2,4 млрд. долл. миқдорида асосий қарз ва фоиз тўловлари амалга оширилиб, ушбу маблағларнинг 1,8 млрд. долл. ёки 75 фоизи хусусий сектор корхоналари ва банклар томонидан тўланган.