Ўзбекистонда боғча, мактаб ходимлари ва сурункали касаллиги бор фуқароларни коронавирусга қарши эмлаш бошланди

Ўзбекистонда боғча, мактаб ходимлари ва сурункали касаллиги бор фуқароларни коронавирусга қарши эмлаш бошланди

Ўзбекистонда 27 апрелдан бошлаб мактаб ва боғча ходимлари ҳамда сурункали касаллиги бор фуқароларни ҳам коронавирусга қарши эмлаш бошланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ўрта мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳамда сурункали касаллиги бор фуқаролар ҳам вакцинация жараёнларига жалб қилинди. Шу пайтгача 65 ёш ва ундан катта фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимлари эмланаётган эди. Шу куннинг ўзида:

  • 9343 нафар ўқитувчи;
  • 5298 нафар мактабгача таълим муассасалари ходими;
  • 2845 нафар сурункали касаллиги борлар коронавирусга қарши вакцина қабул қилган.

Қайд этилишича, илк кунда мактаб ўқитувчиларининг 22 фоизи «AstraZeneca», 78 фоизи «ZF-UZ-ВАC2001» билан эмланган бўлса, мактабгача таълим муассасалари ходимларида бу кўрсаткич мос равишда 11 ва 89 фоизни, сурункали касаллиги борларда эса 23 ва 77 фоизни ташкил этган.