Қирғизистонда конституцияга тузатишлар киритиш ҳақидаги референдум бўлиб ўтмоқда

Қирғизистонда конституцияга тузатишлар киритиш ҳақидаги референдум бўлиб ўтмоқда

Қирғизистонда конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги референдум ва маҳаллий органларга сайловлар бошланди. Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълум қилди.

«08:00 да (Тошкент вақти билан 07:00) Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги 2435 та сайлов участкасида овоз бериш бошланди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, конституцияга тузатишлар киритиш бўйича овоз бериш чет элдаги 48 та сайлов участкасида ҳам бўлиб ўтади. Овоз бериш 20:00 гача давом этади.

Қирғизистон фуқаролари 28 та шаҳар кенгашига 796 нафар депутатни ҳамда 420 та овул кенгашига 7560 депутатни сайлайди, шунингдек, Қирғизистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси учун овоз беради.

Сайловни 31 мамлакатдан келган 183 нафар халқаро кузатувчи ва 11 та жамоатчилик ташкилоти кузатувчилари назорат қилиб боради.

Қирғизистон конституциясини қайта ёзиб чиқиш Садир Жапаровнинг ташаббуси ҳисобланади. Бу ҳақда Жапаров бир неча марта гапирган. Бироқ асосий қонунни қайта ёзиш ваколати 2020 йилнинг 28 октябрида тугаган олтинчи чақириқ депутатлари зиммасига юклатилган. 17 февралдан Қирғизистон парламенти мамлакат конституциясининг янги лойиҳасини муҳокама қила бошлади, унда мамлакатда президентлик бошқарув шаклини тасдиқлаш, Халқ қурултойи институтини (Халқ ассамблеяси) жорий этиш, шунингдек, парламент депутатлари сонининг ҳозирги миқдори— 120 кишидан 90 кишига камайтириш масалалари кўзда тутилган. Янги конституция лойиҳасида айтилишича, битта Қирғизистон президенти мамлакатни кўпи билан икки марта беш йил муддатга бошқариши мумкин бўлади. Қирғизистоннинг амалдаги конституциясига биноан давлат раҳбари олти йил муддатга сайланади, лекин икки марта сайланиши мумкин эмас. Янги лойиҳага кўра, ҳукумат тузилиши ва таркиби президент томонидан белгиланади, бош вазир бошчилигидаги ҳукумат фаолияти президент маъмурияти томонидан таъминланади. Ҳукумат раҳбари, ўз навбатида, президент маъмуриятига раҳбарлик қилади. Лойиҳада, шунингдек, Қирғизистон конституциявий судини тузиб, конституциявий палатани Олий суд таркибидан чиқариш таклиф этилади.

2020 йил 4 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг бошланган сиёсий инқироз шароитида Жапаров президент бўлди. Ўшанда сайловдаги сохталик туфайли юзага келган тартибсизликлар фонида собиқ депутат Садир Жапаров ўз тарафдорлари кўмаги билан ҳокимиятга келган. Қисқа вақт ичида у бош вазир ва президент вазифасини бажарувчи бўлди, сўнгра мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритиш, шунингдек, муддатидан олдин президент сайловлари ва бошқарув шакли бўйича референдум ўтказиш ташаббуслари билан чиқди. Қирғизистонда муддатдан олдин президент сайловлари 10 январь куни бўлиб ўтди. Давлат раҳбари лавозимига 17 нафар номзод даъвогарлик қилди. Октябрь ойидан бери ҳукуматни бошқарган Садир Жапаров рақибларидан анча устун келди. Уларнинг аксарияти 2 фоиздан кам овоз олган. Президент сайлови билан бирга мамлакатда бошқарув шаклини ўзгартириш бўйича ҳам референдум бўлиб ўтди. Референдум иштирокчиларининг 80 фоиздан ортиғи президентлик республикаси учун овоз берди.