Кеча, 24 сентябрь куни Қорақолпоғистоннинг Нукус шаҳрида бир-бирига туташ қурилган хонадонларда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, соат 15:45 да Нукус шаҳрининг Қумовул маҳалласи Чегинбаев кўчасида жойлашган хонадонларда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.
Шунга кўра 7 та ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 15:47 да етиб бориб, ёнғинни 17:05 да тўлиқ бартараф этган.
Ёнғин оқибатида бир бирига туташ қурилган 4 та уйнинг таҳминан 357 кв.м. майдонда томи, шифти ва ички қисми ёниб зарарланган.
Хабарга кўра, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.