Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда навбатдаги сайлов қандай ўтади?
28.04.2021 08:59,  
261

Президент Шавкат Мирзиёев ЙХҲТни кутилаётган президентлик сайловларини тўлақонли миссия билан кузатишга даъват этгани ортидан ташкилот делегацияси Ўзбекистонда расмийлар билан учрашмоқда — дея ёзмоқда 'Human.uz'.

ЙХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси сайловларга баҳо берувчи асосий халқаро ташкилотлардан ҳисобланади. Бюро директори Маттео Маккачи бошчилигидаги делегация сафаридан кўзланган асосий мақсадлардан бири шу йил охирида кутилаётган президентлик сайловларини кузатиш бўйича бир қарорга келиш ҳам дейиш мумкин.

Аввалроқ ЙХҲТнинг амалдаги раиси, Швеция Ташқи ишлар вазири Анде Линде билан Тошкентда учрашган Мирзиёев президентлик сайловларини тўлиқ миссия билан кузатишга чақирган ва Ўзбекистонга сайловлар бўйича холис баҳо кераклигини айтган эди.

ЙХҲТнинг сайловларни кузатишда тўлиқ ёки чекланган миссия билан қатнашиш қарори муҳим ҳисобланади. Тўлиқ миссия одатда нисбатан демократик ўтиши кутилган сайловларда кузатувчилик қилади. Нодемократик ўтиши аниқ сайловларга чекланган миссия қатнашади.

Мисол учун ЙХҲТ Каримов даврида ўтказилган сайловларнинг деярли барчасини чекланган миссия билан кузатган ва нодемократик баҳолаб келган. Истисноли ҳолат Каримов ўлими ортидан 2016-йилда муддатидан аввал ўтказилган сайловларда кузатилди. Бу сайловни тўлиқ миссия билан кузатган ЙХҲТ сайловларни рақобатдан узоқ деб топган эди.

Навбатдаги президентлик сайлови яқинлашар экан, Ўзбекистон халқаро жамоатчиликка сайловларнинг демократик, очиқ, адолатли ўтишини намойиш қилиш қарорида.

Аммо мамлакатдаги қонунчиликдан келиб чиқилса, президентлик сайлови тақдири аллақачон ҳал қилинган кўринади. Чунки мухолифликка даъвогар номзодларда қонунан президентлик сайловида иштирок этиш имконияти қолмади. Ҳатто Адлия вазирлиги шу ой охирига бориб мустақил “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясини рўйхатга олган тақдирда ҳам. Сайлов муддати декабрдан октабрга кўчирилди. Табиийки, бу номзодларни рўйхатга олиш муддатини ҳам икки ойга қисқартирди.

Ҳукуматнинг сайлов муддатини суришга қарор қилганини мухолифат иштирокига қўйилган тўсиқ сифатида изоҳлаган эди президентлик сайловида қатнашиш даъвосидаги сиёсатчи Хидирназар Оллоқулов.

Хуллас, президентлик сайлови арфасида сиёсий майдондаги вазият чорак аср қандай бўлса шундай, ўзгармаган. Майдонда ғолибликка даъвогар асосий номзод, унинг атрофида эса мамлакатда расмий мақомга эга бошқа ҳукуматпарвар партиялардан сурилиши мумкин. Муқобиллик вазифасини ўтаб берувчи номзодлар бўлиши кутилади.

Аммо, президентлик сайловларини тўлақонли миссия билан кузатишни талаб қилаётган амалдаги ҳукумат учун вазиятни ўзгартириш, сайловларни ҳақиқатда рақобатли танлов асосида ўтказиш имконияти йўқ эмас. Аввалроқ, мамлакатда расмий мақомга эгалини таъкидлаб келаётган мухолифатдаги “Эрк” партияси президентлик сайловларида қатнашишга даъвогар номзодларини эълон қилган эди.

ЙХҲТнинг Демокартик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси делегацияси 1-майгача Ўзбекистонда бўлиб турли даражада учрашувлар ўтказади. Катта эҳтимол билан, Тошкентдаги шу учрашувлар Ўзбекистонда президентлик сайловини қандай тартибда кузатиш ҳақидаги хулосаларга асос бўлади.

Tavsiya etamiz






Tavsiya etamiz

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан