Энергетика вазири Алишер Султонов 24 март куни Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда сўзга чиқиб, 2021 йилда Ўзбекистонда электр билан боғлиқ муаммолар бўлмаслигини маълум қилди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари ўтган қиш давомида юзага келган муаммолар такрорланмаслиги учун энергетика вазири Алишер Султоновдан ҳисобот талаб қилган.
«Биз узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган электр ва газ тармоқларидаги муаммолар ечими бўйича жуда катта маблағ ажратдик. Бу соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўтган қиш давомида соҳада юзага келган муаммолар аҳоли ва тадбиркорлик соҳасига қийинчилик туғдирди. Ушбу ҳолат такрорланмаслиги учун қатор топшириқлар берилган. Ҳозир энергетика вазири Алишер Султонов бу бўйича ҳисобот беради», — деди давлат раҳбари.
Алишер Султонов ўз ҳисоботи давомида маълум қилишича, охирги йиллар давомида электр тармоқларини модернизация қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган.
«2016 йилга қадар республика бўйича 9300 километр электр тармоқлари қурилган ва 4800 та трансформатор янгиланган эди. Бу кўрсаткич умумий инфратузилманинг 4 фоизини ташкил этади.
Охирги 4 йил ичида эса 25 минг километрли электр тармоқлари қурилди ва 9800 та янги трансформатор ишга туширилди. Аҳоли талаби жадал ўсиб бориши ва саноат корхоналари қурилиши натижасида электр энергиясига талаб ошиб бормоқда. Шу сабабли энергетика тармоғини модернизасия қилишни давом этамиз. Бу ишни янги тизим асосида амалга оширмоқчимиз», — деди Алишер Султонов.
Вазирнинг айтишича, муаммоли маҳаллалар оғир ва ўта оғир тоифаларга бўлиб чиқилган ва уларга мутахассис бириктирилган. Янги қурилган тармоқ ва трансформаторлар маҳалла раислари иштирокида фойдаланишга топширилган ва маҳалла жавобгарлиги бўйича механизм ташкил этилган.
Алишер Султонов селектор йиғилиши давомида 2021 йилги куз-қиш мавсумида электр энергияси бўйича муаммо бўлмаслигини ваъда қилди. Вазирнинг таъкидлашича, нафақат қишда, балки ёзда ҳам электр энергиясига талаб ошиб кетади ва бунга ҳам тайёр туриш керак.
«Бундан буён нафақат куз-қиш мавсуми, йилнинг ҳар бир даврига эътибор кучли бўлади. Йил давомида энергия таъминоти барқарор бўлишини таъминлаймиз. Охирги йилларда нафақат қишда, балки ёзда ҳам электр энергиясига талаб ошиб кетади. Одамлар кондиционерлар ишлатишади.
Ҳисоб-китобимизга кўра айни вақтга қадар бажарилган ишлар ёзда ҳам, қишда ҳам тўлиқ талабни таъминлаб беради. Қўшни давлатлар билан энергетика таъминоти бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинган», — деди Алишер Султонов.