Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Гўшт учун ишлаш: ким қанча вақт сарфлайди?
30.08.2017 11:21,  
119

Долларда қиммат-у, дақиқаларда арзон

Швейцария гўшт нархининг баландлиги бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди. Бир кило мол гўшти бу мамлакатда $49,68 туради, деб хабар беради Bloomberg агентлиги, Британиянинг Caterwings компанияси берган статистик маълумотларига таяниб. Гўшт нархлари индекси (Meat Price Index) деб аталувчи ушбу тадқиқотда дунёдаги 52 та йирик мамлакатдаги нархлар таҳлил қилинган, деб хабар берди «Kommersant.uz».

Швейцарияда гўшт нархи жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичдан қарийб 50 фоизга баланд. Бошқа томондан, агар бу нархни мамлакатдаги минимал иш ҳақига чақадиган бўлсак, нархлар унчалик осмонўпар бўлиб кўринмай қолади.

Ушбу мамлакатда белгиланган энг кам иш ҳақи оладиган фуқаро, 1 кг мол гўшти харид қилиш учун, 3,1 соат меҳнат қилиши керак бўлади.

Яъни, пулга чаққанда қиммат кўрингани билан, гўшт учун пул ишлаб топиш осонроқ. Шу сабабли бўлса керак, бошқа мамлакатлар фуқароларига қараганда, швейцарияликлар кўпроқ гўшт харид қиладилар – ўтган йил бу мамлакатда киши бошига қарийб 75 кг гўшт (жумладан, товуқ ва балиқ гўшти) истеъмол қилинган.

Гўшт нархига маош нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу борада ривожланган бадавлат мамлакатлар аҳолисининг омади чопган (ҳолбуки, уларда гўшт нархи ўртачадан анча юқори юради). Дания, Швеция, Австралия, Норвегия, Янги Зеландия, Ирландия ва Буюк Британияда бир кило гўштга пул топиш учун икки соатдан камроқ ишлаш кифоя қилади.

гушт-1

Серобми ёки сароб?

Энди гўшт энг арзон мамлакат – Украина олиб кўрайлик. Бу ерда мол сонини атиги $3,7га олса бўлади. Бироқ, бу пулни топиш учун украиналик оддий ишчи 10,8 соат тер тўкишига тўғри келади.

Мана сизга ҳаётий арифметика.

Яна бир қўшнимиз – Россиянинг кўрсаткичлари бундан ҳам ёмонроқ. Мол гўшти килоси $7,65 тургани ҳолда (бу Швейцариядаги нархдан қарийб етти баравар арзон, Украинадагидан икки баробар қиммат), оддий одамлар уни харид қилиш учун қарийб 22 соат меҳнат қиладилар (қиёсалаш учун: Швейцарияда бу кўрсаткич 3 соатни, Украинада қарийб 11 соатни ташкил этади).

Meat Price Index тадқиқотига кўра, гўшт топиш учун энг кўп меҳнат қилиш борасида рекорд кўрсаткич Индонезияга тегишли – 23,6 соат. Ундан кейинги ўринларни БАА (22,1 соат) ва Ҳиндистон (22,8 соат) эгаллаган, азбаройи адолат, ҳиндлар сигирни муқаддас деб билишларини эслатиб ўтамиз.

гушт-2

Бизда эса…

Жонажон Ўзбекистонимизда нима гаплар? Аввало, республикамиз бўйича ўртача гўшт нархлари, киши бошига йиллик гўшт истеъмоли, уларда мол, қўй, товуқ ва балиқ гўштларининг улуши кабилар ҳақидаги расмий статистик маълумотларга эга эмаслигимизни тан олишимиз керак.

Иккинчидан, энг кам иш ҳақи миқдори ва энг кам ойлик маош масаласи Ўзбекистонда бошқача тушунилади.  Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида энг кам ойлик иш ҳақи миқдори 149 775 сўм. Лекин бизда минимал иш ҳақини ҳисоблаш чет эллардагидан фарқ қилади. Қолаверса, бухгалтерлар яхши биладилар, республикамизда ходимларга амалиётда энг кам иш ҳақи белгиланмайди, балки камида ЭКИҲнинг икки баробари миқдорида маош тўланади.

Шуларни ҳисобга олиб, биз мамлакатимизда энг кам ойликни 149 775*2= 299 550 сўм деб олдик.

гушт-3

Ана энди калькуляторни олиб, аввало бир соатда қанча пул топишимизни ҳисоблаб оламиз. Бунинг учун, Meat Price Index муаллифлари сингари, ойлик энг кам иш ҳақи миқдорини бир ойдаги иш соатларига бўламиз.

Бизда стандарт иш ҳафтаси беш кунни, иш куни эса 8 соатни ташкил қилади, демак, бир ҳафтада 40 соат ишланади. Бир ойда 22 иш куни бўлса, бу (22*8) 176 соат дегани. Яъни, бир ойда 176 соат ишланади.

Энди иккинчи ишга ўтамиз: бир соатда қанча пул топишимизни ҳисоблаб кўрайлик: бунинг учун ЭКИҲнинг икки баробарини ойдаги иш соатларига бўламиз (299 550/176). Натижа 1701,98 сўм чиқди. Сизда ҳам шундайми?

Бу дегани, энг кам иш ҳақи олиб ишловчи одам бир соатда деярли 1702 сўм топади.

Хўш, бу томонни тайёр қилдик. Энди, гўшт нархларига ўтамиз.

гушт-3

Супермаркетлардаги нархларни асос қилиб оладиган бўлсак, қуйидаги манзарага эга бўламиз: супермаркетларда ўртача гўшт нархи 40 000 сўм, дейлик. Бу, МБ курсида (40 000/4182.30) 9,56 доллар демакдир. Бир кило гўштга етарли пулни топиш учун ҳамюртимиз (40 000/1702) 23,5 соат меҳнат қилишига тўғри келади. Бу эса, Индонезия кўрсаткичидан бироз яхши, деганидир.

Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтиш жоиз: энг кам миқдорда маош олаётган фуқаролар Korzinka.uz, Makro каби йирик супермаркетлардан бозор қилишлари эҳтимолдан йироқ (ўзимиздан қиёс – жуда зарур бўлмаса, супермаркетларга кирмаймиз: бозор ёки кичикроқ дўконлардан савдо қилиш арзонга тушади).

Қолаверса, гўшт бозоридаги кескин нарх ўзгаришларини инобатга олиб, мамлакатимиз ҳукумати аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган қатъий чоралар кўрди. Республика бўйлаб ҳар бир бозорда “Элга хизмат” шохобчалари очилиб, уларда пасайтирилган нархларда гўшт сотилиши йўлга қўйилди. Натижада аҳоли ушбу савдо расталаридан гўштни бозор нархидан қарийб икки баробар арзонга (25 000–28 000 сўм)га харид қилмоқдалар.

Шундан келиб чиқиб, биз ҳам ҳисоб-китобларимизга ўзгартириш киритамиз. 28 минг сўм гўшт, иш вақтига чаққанда, (28 000/1702) 16,45 соатни ташкил қилмоқда. 16,45 – Meat Price Index бўйича, ўртачадан сал қимматроқ дегани бўлади.

гушт-4

Гўшт нархи эса, (МБ курсида долларга чақилганда) Ўзбекистонда дунё бўйича ўртача нархлардан анча арзон: (давлат курсида) 28 000/4182.30=$6.69, яъни, бир кило мол гўшти тахминан 6,70 доллар туради. Бу кўрсаткич Украина даражасичалик бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда, Швейцариядагидан етти баробар пастдир.

Булар – истеъмолчи сифатидаги мулоҳазалар эди. Хулоса чиқаришдан йироқман, зеро чуқур таҳлил қилиш, хулоса бериш – иқтисодчиларнинг иши. Шунингдек, бу йўналиш социологлар ва меҳнат самарадорлиги мутахассислари учун ҳам кенг тадқиқотлар ва керакли хулосалар чиқариш майдони эканлиги кўриниб турибди.

гушт-5

гушт-6

*Энг ками иш ҳақи миқдори 299 минг сўм,  ҳафтасига беш кунлик иш режими, гўшт нархи 28 минг сўм деб олинганда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан