Помидор билан озишнинг 3 усули

26.03.2018 | Тиббиёт | 2795

Помидорли парҳез қисқа муддат ичида ортиқча вазндан халос бўлишни ва шу билан бирга саломатлигини тиклаб олишни истайдиганлар учун айни муддао. Парҳезшуносларнинг таъкидлашича, помидор кам калорияли маҳсулотлар сафига кириб, организмда моддалар алмашинуви бузилиши жараёнининг олдини олади. Шунингдек, помидор ични тозаловчи энг яхши восита ҳамдир. Қуйида бу сабзавот билан боғлиқ уч хил парҳезни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Биринчи усул. 1 кунда 1,5 кг.

Ушбу парҳездан ойига 3-4 марта фойдаланиш тавсия этилади. 1,5-2 кг помидорни тўрт қисмга бўлиб, тақсимланган помидорларни кун давомида 4 маротаба истеъмол қилинг. Истасангиз салат, истасангиз шарбат тайёрланг. Помидор фаол равишда организмдан ортиқча суюқликни ҳайдаб чиқариши туфайли, ушбу парҳез даврида камида 2 литр сув ичиш тавсия этилади. Агар лозим топсангиз, бундай парҳезни кетма-кет икки кун қўллашингиз мумкин. Дарвоке, бу парҳезни дам олиш кунларида ўтказган маъқул.

Иккинчи усул. 3 кунда 3 кг.

Уч кунда уч кг вазн ташлаш осон – агар бу парҳездан фойдалансангиз, албатта. Тўғри, ушбу парҳез кундалик таомнома каби бой ва тўйимли эмас, аммо гўзаллик учун баъзилар бундан ҳам катта қурбонликларга йўл қўйишган.
07:00. Бир дона яхши пишган помидор.
10:00. Иккита помидор ва бир бўлак пишлоқ.
13:00. Қайнатиб пиширилган товуқ гўшти (тузсиз!), помидор ва бодрингли салат.
16:00. 1 дона помидор, 2 бўлак пишлоқ.
19:00. Кўкат ва творог қўшилган помидорли салат.

Учинчи усул. 14 кунда 8 кг.

Ушбу парҳезни икки ҳафтадан зиёд қўллаш тавсия этилмайди. Таъбга кўра, помидор шарбатини шунчаки помидор билан аралаштириш мумкин. Тажрибадан маълум бўлишича, агар бу парҳез пайтида кун давомида 1-2 дона бодринг тановул қилинса, яхши самараларга эришиш мумкин экан. Фақат бодрингни овқатдан олдин ейиш тавсия этилади.
Нонушта: помидор шарбати, ёғсиз творог суртилган икки бўлак қора нон ва исталган мева.
11:00 да: помидор шарбати.
Тушлик: помидор шарбати, ёғсиз ва тузсиз қайнатиб пиширилган 100 гр гуруч, сабзавотли салат, буғда пиширилган балиқ (100 гр), яшил олма.
Иккинчи тушлик: помидор шарбати.
Кечки овқат: товуқ гўштидан тайёрланган фрикаделькалар, қайнатилган гуруч (40 гр), помидор шарбати.
Дарвоқе, таомномада кўрсатилган помидор шарбати уйда тузсиз тайёрланиши шарт.

Кимларга мумкин эмас?

Ушбу парҳез помидорга аллергияси борларга, ичаклар билан боғлиқ сурункали касалликлардан азият чекадиганларга, ошқозон яраси ва ўн икки бармоқли ичак касалига чалинганларга, ҳомиладор ва эмизикли оналарга мумкин эмас!