2018 йилда Ўзбекистонда 776 та хорижий корхона иш бошлади

13.06.2018 | Ўзбекистон | 2434

2018 йилнинг январь-май ойида Ўзбекистонда 25,2 мингтага яқин корхоналар ва ташкилотлар янги ташкил этилди, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,4 мингтага кўпдир, дея хабар қилди Давлат статистика қўмитаси (PDF).

Шу билан бирга, фаолияти тугатилган корхона ва ташкилотларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,1 фоизга камайган ҳамда уларнинг сони 6,9 мингтани ташкил этган. Бунинг натижасида жорий йилнинг бошига нисбатан фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 17,8 мингта (6,2 фоиз)га ўсган ҳамда уларнинг умумий сони 303,3 мингтани ташкил этган.

Фаолият кўрсатаётган корхоналар ва ташкилотларнинг асосий улуши Тошкент шаҳрида (21,1 фоиз), Тошкент (9,6фоиз), Фарғона (8,9 фоиз) ва Андижон (8,6 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 1 июнь ҳолатига кўра 6127 тани ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 933 тага ёки 18,0 фоизга ўсган. Шунингдек, хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналардан 3374 таси қўшма корхоналар, 2753 таси эса хорижий корхоналар ҳисобланади.

Уларнинг асосий қисми Тошкент — 3949 та (64,5 фоиз), Тошкент вилояти — 677 та (11,0 фоиз) ва Самарқанд вилояти — 331 та (5,4 фоиз) ҳиссасига тўғри келади. Энг кам хорижий капитал иштирокида ташкил этилган корхоналар Хоразм — 51 та (0,8 фоиз), Қашқадарё — 58 та (0,9 фоиз), Навоий — 69 та (1,1 фоиз) ва Сурхондарё — 89 та (1,5 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Бу эса мазкур ҳудудларда хорижий ҳамкорлар билан ишлашни, инвестициялар жалб этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни янада ривожлантиришни талаб этади.

Январь-май ойида хорижий капитал иштирокидаги рўйхатдан ўтган янги корхоналарнинг сони 776 тани ташкил қилган. Бу кўрсаткич эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 496 тага кўпайган ёки 2,8 бараварга ошган.

Бунда, Россия резидентлари капитали иштирокида — 158 та, Туркия — 118 та, Қозоғистон — 87 та, Хитой — 106 та ва Корея Республикаси- 70 та янги корхоналар рўйхатдан ўтган. Шунингдек, 2018 йилда Афғонистон,Ҳиндистон, Германия, Украина, Озарбайжон ва бошқа давлатлар резидентлари ҳам қўшма фаолиятга қизиқиш билдирди.