Sof.uz Ўзбекистондаги етакчи сайтларга тўсиқ қўйилгани муносабати билан ўз хавотирини билдиради

23.06.2018 | Ўзбекистон | 3538

Ўзбекистондаги энг етакчи ахборот-таҳлилий сайтлари -  Sof.uzKun.uzXabar.uzQalampir.uzAzon.uz'га кириш қийинлашган. Бу ҳолат 3 кундан буён Ўзбекистон ҳудудида ҳам, жаҳон миқёсида ҳам кузатилмоқда.  Ўзбекистондаги етакчи сайтларга DNS’даги муаммолар туфайли кириб бўлмаяпти.

«Ўзбектелеком» миллий телеком-оператори бу сайтлардаги муаммоларга алоқадорлигини рад этди.

«Бу ахборот текширилмаган бўлиб, ёлғон характерига эга, негаки кўрсатилган сайтларга ‘Ўзбектелеком’ DNS-серверларида хизмат кўрсатилмайди», — дейилади оператор баёнотида.

Қайд этиш керакки, ушбу ҳолат .uz доменидаги бошқа етакчи сайтлар билан ҳам юз бермоқда. Шубҳали томони ҳам шунда: техник носозлик ва муаммоларга дуч келган сайтларнинг барчаси интернет фойдаланувчилар орасида кўп обуначиларга эга янгиликлар сайтлари ҳисобланади. 19 июнь куни илк ҳолат Kun.uz ва Qalampir.uz сайтларида, сал кейинроқ Sof.uz сайтида ҳам кузатилди. Хусусан, номлари тилга олинган сайтларга хорижда истиқомат қилувчи муштарийлар кира олмаётгани ҳақида шикоятлар пайдо бўлгач, бундай мурожаатлар ўзбекистонлик ўқувчилар томонидан ҳам билдирилди. 22 июнь куни Xabar.uz сайти ҳам шундай муаммога йўлиқди, айни вақтда сайт манзили вақтинча ўзгартирилган.

Ҳозирда Ўзбекистон ичида сайтларга кириш муаммоси юмшамаган, Kun.uz сайти эса ҳамон ўқувчилар учун ёпиқ қолмоқда. Шунингдек, Xabar.uz Qalampir.uz сайти вакиллари ҳам юзага келган ҳолатдан хавотирдалигини билдиришди. Техник носозлик дея эътироф этилаётган, аслида эркин журналистикани қўллаб-қувватлаб, танқидий мақолалар эълон қилишга журъат этган таҳририят сайтларига кириш йўллари тўсиб қўйилди. 

Асосан жамиятдаги ижтимоий мавзуларни ёритиб келаётган, айни пайтда умуман тўсиқларга учраган сайт журналистлари тезкор, аниқ ва холис ахборотни етказиб бериш масъулиятини зиммасига олган. Ўтган вақт мобайнида мажбурий меҳнат, коррупция, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, давлат органлари фаолияти, банк-молия, қонунчилик, диний-маърифий, маданияти соҳасида эришилаётган ютуқ ва камчиликлар ўқувчига етказилди. 

Ўтган йиллар давомида сайтлар фаолиятига турли шаклда тўсқинликлар кузатилди. Лекин сайт вакиллари белгиланган этика қоидалардан чекинмай, ўз касбига садоқат билан ишлашда давом этди.

Kun.uz мутасаддилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби Комил Алламжонов билан суҳбатлашгач, давлат раҳбарининг Матбуот хизмати эркин журналистикани қўллаб-қувватлашини сўрамоқда.

Sof.uz Ўзбекистондаги етакчи сайтларга кириш қийинлашгани билан ўз хавотирини билдиради.