Газ баллон ўрнатилган йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари 1 декабргача хатловдан ўтказилади

24.09.2018 | Ўзбекистон | 1863

Газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари, шунингдек, табиий газда ишлайдиган марказлаштирилган қозонхоналардан бехатар фойдаланишга доир шошилинч чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорда таъкидланишича, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларининг сони 670 тага етди ва автотранспорт воситаларининг 50 фоиздан ортиғи муқобил ёқилғи сифатида сиқилган табиий газдан фойдаланмоқда.

Шу билан бирга, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларида газ баллонларини тўлдиришда, газ баллони ускуналарининг бириккан жойлари зичлиги ва ишончлилигини даврий синовдан ўтказишда, шунингдек, эскирган газ баллонларидан фойдаланиш оқибатида белгиланган талаб ва тартибларни бузиш ҳолатлари учрамоқда.

Бу каби қоидабузарликлар инсонлар ҳаёти ва саломатлигига зарар етказадиган ва кўпинча ўлим билан тугайдиган бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, 2018 йил 18 сентябрь куни Бухоро вилоятининг Когон туманида «Исузу» йўловчи автобусида ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, 21 киши жароҳатланган.

Қозонхона ускуналаридан фойдаланиш ишончлилигини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва уларни табиий газ билан таъминлаш тизими замонавий талабларга жавоб бермайди, энергия таъминоти ва энергия самарадорлиги масалаларига етарлича эътибор қаратилмаяпти.

Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари ва газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларини, шунингдек, табиий газда ишлайдиган марказлаштирилган қозонхоналарни хатловдан ўтказиш ҳамда уларнинг ишончлилиги ва хавфсизлигини оширишга доир таклифлар тайёрлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди.

Шунингдек, қарорга мувофиқ газ баллонлари билан жиҳозланган ва йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт воситалари (таксилар)ни 2018 йил 1 декабргача, жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситалари ҳамда ташкилотларнинг газ баллонлари билан жиҳозланган ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида ва юкларни ташишда фойдаланиладиган махсус техникаси — техник кўрикни ўтказишнинг белгиланган муддатларида хатловдан ўтказилиши белгиланди.