Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Инсоний ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум қилинган Роҳингия мусулмонлари ҳаётидан
7.11.2016 15:50,  
12

Мьянма давлатида Роҳингиялар деб аталувчи халқ бор. Уларнинг умумий сони мамлакатда 1 миллион нафардан кўпроқ деб тахмин қилинади. Мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш тартиби жуда ёмон йўлга қўйилгани учун роҳингияларнинг аниқ сонини ҳисоблаш мушкул вазифа. Улар Мьянма фуқаролигидан буткул маҳрум қилиниши билан бирга, энг бирламчи инсоний ҳуқуқлардан ҳам маҳрум қилинган. IRIN news агентлиги ходими Жулия Воллас Мьянмадаги фуқароликдан маҳрум қилинган миллионлаб одамларнинг ҳаёти билан танишиб, қуйидаги мақолани тайёрлади:


Мьянмадаги тутуриқсиз фуқаролик тизими натижаси – коррупция ва бюрократия

Аунг Кяв Мин Тун туғилгандан бери, яъни 24 йилки Мьянмада яшайди. Унинг она тили – бирма тили. Унинг ота-онаси ҳам бобо-бувилари ҳам шу ерда туғилишган. Аммо у расмий фуқароликка эга эмас ва қачондир фуқаролик олиш-олмаслигини ҳам билмайди.

Муаммо шундаки, у тамил миллатига мансуб. Унинг этник келиб чиқиши мамлакатнинг мураккаб фуқаролик қонунчилигига мос тушмайди. Мянма қонунчилигига кўра, 1824 йилги Буюк Британия истилосидан аввал мамлакат ҳудудида истиқомат қилган 135 та «маҳаллий элат»га мансуб кишиларгина фуқаролик олиш ҳуқуқига эга. Фуқаролик тўғрисидаги қонун 1982 йилда Мьянма аги ҳарбий диктатура даврида қабул қилинган бўлиб, унга кўра, «маҳаллий элат»дан ташқари кишилар айрим ҳуқуқларнигина берадиган қуйи даражадаги икки хил мақом учун ариза топширишлари мумкин.

Қонунда кишиларнинг этник мансублигига алоҳида урғу берилиши туфайли ҳуқуқ ҳимоячилари уни «таҳқирловчи» қонун деб аташади. Бундай қонунчилик эса бюрократия ва порахўрликнинг авж олишига йўл очиб берган.

Қуйи табақага мансубликка оид ҳужжатни олиш учун «маҳаллий элатлар» рўйхатига кирмаган хитойлар, ҳиндлар, непаллар, миллионлаб мусулмонлар ва ота-онаси ёки аждодлари бошқа мамлакат фуқаролигига эга кишилар йиллаб кутишларига тўғри келади.

«Фуқароликни олиш жараёни ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олган 1962 йилдан бери тартибсиз ҳолатда», – дейди бу мавзуни синчиклаб ўрганган, Мелбурндаги Дикин университети профессори ва сиёсий маслаҳатчи Ронан Ли.

Аунг Кяв Мин Туннинг оиласи бу тутуриқсизликка мисол бўлади. Унинг отаси 1982 йилги қонундан аввал фуқаролик олгани ҳолда, акасининг шахсини тасдиқлатиш учун 2000 йиллар бошида 300 доллар пора беришган. Унинг онаси ва опаси фақатгина яшаш рухсатномасига эга. Аунг Кяв ва синглиси иккинчи даражали «қуйи табақа фуқаролиги» олиш ҳуқуқига эга бўлса ҳам, ҳеч қандай ҳужжат олишолмаган.

Унинг айтишича, Янгондаги қавмдошларининг учдан бир қисми шундай муаммога рўбарў бўлишган – уларнинг аксарияти катта миқдордаги норасмий тўловларни тўлаш учун жуда қашшоқлик қилади. Фуқаролик ҳужжати бўлмаган киши на мамлакатда эркин юриш, на пасспорт олиш ва на бирор мол-мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга. «Агар кимдир бизни ҳайдагиси келиб қолса, биз кетишга мажбурмиз, чунки ҳужжатимиз йўқ. Бу жуда қўрқинчли. Мен шу ерда туғилганман ва шу ерда ўламан, шундай экан кўрсатиш учун ҳужжатга эга бўлишим керакку!», – дейди у.

Фуқароликка оид энг кўп муҳокамалар Бангладеш билан чегарада жойлашган Роҳингия вилоятида яшовчи, умумий сони 1 миллиондан ортиқ бўлган Роҳингия мусулмонлари масаласига қаратилган.

Улар «маҳаллий элатлар» рўйхатидан ташқарида бўлиб апартеид тартибида ҳаёт кечиришади. Уларга ишлаш ёки бошқа ҳар қандай сабаб билан кўчиш тақиқланган, тиббий хизматдан фойдаланиш ва таълим олиш ҳуқуқларидан маҳрум қилинган. 2012 йилда оммавий зўравонликлардан энг кўп азият чеккан, ўз уйларидан ҳайдаб чиқарилган қарийб 120 минг киши исқирт лагерьларда яшашга маҳкум қилинган.

Роҳингияликларнинг аянчли аҳволини фуқаролик ҳақидаги қонунни қайта кўриб чиқмасдан яхшилашнинг иложи йўқ.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган Сеагулл Фоундатион ташкилоти яқинда Мандалайда 100 тача диний ва миллий озчилик жамоаларини тадқиқ қилиб, уларнинг деярли барчаси яшаш рухсатномаси олиш билан боғлиқ муаммога дуч келганини аниқлади. Уларга ҳужжат олишлари учун миллати ёки динларини қонунда кўрсатилган тоифаларга мослаб ўзгартириш таклиф қилинган.

Улар 500 минг кят (390 доллар)гача пора беришга мажбур бўлаётгани ва фарзандлари мактабларда миллий рўйхатга олинганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш дастурларига киритилмаётганини хабар қилишган. Аксарияти мусулмон бўлган бир қанча кишилар шахсни тасдиқловчи ҳужжатни олишлари учун «учинчи даража» табақасини қабул қилишга мажбурланганини айтишган.


Мьянма Иммиграция вазирлиги доимий котиби Мйинт Кяинг айтишича, ҳукумат коррупцияга қарши маҳаллий иммиграция идораларида кутилмаган текширувлар ўтказиш ва шикоятларни зудлик билан ўрганиш орқали курашмоқда. Ҳукумат расмийси фуқароликка оид қонунчилик билан боғлиқ муаммоларга изоҳ беришни истамаган.

Аммо Seagull Foundation ташкилоти раҳбари Ҳарри Мё Линнинг фикрича, туб ислоҳотлар зарур, шу билан бирга, коррупцияга қарши қатъий чоралар кўрилиши керак.

Роҳингия вилояти ва мамлакатнинг бошқа ҳамма ҳудудларида тинч яшашга қўйилмаслиги шароитида, бунинг устига буддавий миллатчилиги қайта уйғонаётган даврда коррупциядан энг кўп азият чекаётганлар мусулмонлар эканлиги ҳайрон қоларли эмас, албатта.
Лининг айтишича, мусулмонлар 1982 йилги қонун талабларига мос келган тақдирда ҳам, қонуний ҳуқуқларидан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келган: «Роҳингиядаги сафар қилиш чекловлари ҳужжатлари бор-йўқлигидан кўра кўпроқ дини ва терисининг рангига кўра амалга қиладиган кўринади»

2012 йилги зўравонликлар қурбонларидан бири Роҳингия маъмурий маркази Ситтведаги Тҳат Кай Пйин лагерида яшовчи 26 ёшли каман аёли Пҳвей Пҳве Невдир. Каман мусулмонлари ҳам роҳингиялар каби муносабат кўрсатиладиган миллатлар рўйхатида туради. 2012 йилгача у ҳеч қачон шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эҳтиёж сезмаган. У рухсатномани қийинчиликсиз олган ва эркин сафар қилган.

Унинг ҳужжатга эга бўлиши учун 2 йил вақт кетган. «Идорага борганимда, мендан пора сўрашди. Анчагина пул сарфладим», – деб гувоҳлик беради у.

2015 йилда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни олганига қарамай, у лагерни тарк эта олмайди. Чунки унинг мусулмон эрининг ҳужжати йўқ. У ҳамон ҳужжат олишини кутяпти.

Роҳингия мусулмонлари учун вазиятни ўнлашга уриниш ҳаракатлари кечиктириляпти. Бу нафақат миллатчи буддавийларнинг нафрати туфайли, балки ҳукуматнинг роҳингияларга ишонмаслиги туфайли ҳамдир.

Аксарият мьянмаликлар фикрича, Роҳингия мусулмонлари бангладешлик келгиндилардир. Ваҳоланки, уларнинг кўпчилиги бир неча асрлардан бери Мьянмада яшайди.

2014 йилда собиқ ҳарбийлар дастагидаги ҳукумат даврида роҳингиялар учун шахсни тасдиқлашнинг тажрибавий дастури амалга оширилган эди. Бироқ бу уриниш муваффақиятсизликка учради. Чунки роҳингиялар ўз миллатларини бенгал деб ёздиришга мажбур қилинди. Бу эса уларни бангладешлик муҳожирлар сифатида кўрилишини англатарди. Жорий йилда Миллий Лига Демократик партияси раҳбари Аунг Сан Суу бошчилигида янги сайланган ҳукумат муаммога янги ечим таклиф қилди. Янги низом бўйича роҳингиялар миллати ва дини кўрсатилмасдан рўйхатга олиниши назарда тутилган aэди. Аммо бу тадбир ҳам амалга ошмади.

Мав Тҳи Няр лагерида яшовчи роҳингиялик Шом Шул Алом айтишича, Мянманинг ижтимоий ва сиёсий тузилишида миллат масаласи жуда муҳим саналади. Шунинг учун у миллати кўрсатилмайдиган ҳар қандай ҳужжатни рад этади. Бу қарорни у шундай тушунтиради:

«Агар уяли телефонга симкарта қўймасангиз, у ишламайди. (Худди шунингдек,) шахсни тасдиқловчи ҳужжатда миллати ва дини кўрсатилмаган бўлса, у яроқсиз ҳисобланади».

Жулия Воллас

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан