Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Сайёҳлик фирмаси директори 1100 долларга сифатли Умра зиёратини уюштириш мумкинлигини иддао қилди
19.11.2019 15:43,  
2770

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ижтимоий тармоқларда қатор сайёҳлик фирмалари томонидан муқаддас Умра зиёратини ташкил қилиш бўйича турли рекламалар кўпайиб бораётганини танқид қилиб мақола эълон қилган эди.

Қўмитанинг маълум қилишича, “айрим эълон қилинаётган “буюртма” мақолаларда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси шаънига турлича туҳматлар ёғдирилмоқда“.

"Vest Travel" сайёрлик фирмаси директори Мансуржон Расулжонов Дин ишлари бўйича қўмита раддияси бўйича ўз мулоҳазаларини эълон қилди:

"Шуни алоҳида қайд этиш керакки, дин ишлари бўйича қўмита ёки Ўзбекистон мусулмонлари идораси Умра ва Ҳаж тадбирларидан иқтисодий манфаат кўрмайди", дейилибди.

Унда ким манфаат кўради? Келинг бир ҳисоблаб чиқамиз...

Манбаларимизнинг таъкидлашича, аввалги йилги умра мавсуми бошида биринчи тузилган умра шартномаси 20 000 киши учун бўлган. Унда Саудия Арабистонидаги ҳамкор ширкат ҳисобига ҳар бир киши учун 600$, жами 12 млн АҚШ доллари ўтказиб берилган. 20 000 киши учун 576 киши гуруҳ раҳбари этиб тайинланган ва уларга текин хизмат кўрсатилган. Яъни, жами 20 576 нафар зиёратчи учун киши бошига 583 АҚШ долларидан тўланган бўлиб, сарфланган ҳаражатлар киши бошига қуйидагилардан иборат бўлган:

– умра виза анкетаси 24$ (ўтган йили виза учун давлат божи бўлмаган);
– 10 кунлик сафар давомида кунлик 3 маҳал ош-овқат 134$;
– 3 кеча Мадина Пуллман Замзам 5* меҳмонхонаси учун 80$;
– 7 кеча Макка Аброж Ал-Кисваҳ 4* меҳмонхонаси учун 42$;
Зиёратчиларни меҳмонхоналарда 3-4 кишилик хоналарга жойлаштириш режалаштирилган.
– Транспорт хизматлари учун 13$.

Шунда ҳамма харажатлар жами 24$+135$+80$+42$+14$ = 293$ ни ташкил қилмоқда.

Хўш, энди тўланган маблағдан мана шу сарф-харажатларни айириб юборсак: 583$ - 293$ = 290$

Шунда ДИҚнинг Саудия Арабистонидаги 12 йилдан бери ўзгармайдиган, ягона ҳамкори бўлган ширкат (!) ҳар бир зиёратчидан 290 АҚШ доллари фойда кўряптими?!

Буни зиёратчилар сонига кўпайтирсак: 290$*20 000 = 5 800 000 (беш миллион саккиз юз минг) АҚШ доллари миқдоридаги фойдани ҳамкор ширкатнинг бир ўзи олганми?!

Шу ўринда юқоридаги 293$ миқдордаги пулга сизларники каби 10 кунлик мукаммал дастурни ишлаб чиқишга етарлича имконият ва тажрибага эгалигимизни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак! Бу пулга ҳатто Макка шаҳрида ҳам 5 юлдузлик меҳмонхона тақдим қила оламиз. Фақат сизлар қаршилик қилмасангиз бас!

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўтган мавсум бошида ДИҚ (Дин ишлари бўйича қўмита) ва ЎМИ (Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси) томонидан умра зиёрати нархи 10 900 000 сўмга туширилгани ҳақида расмий хабар берилди (ушбу маблағ кейинроқ 11 600 000 сўмгача кўтарилди). Буни ўша кунлардаги доллар курсига чақсак, ушбу маблағ ўрта ҳисобда киши бошига 1 350 АҚШ долларини ташкил қилган.

Энди шу 1 350$дан шартнома асосида Саудия Арабистонидаги ҳамкор ширкат ҳисобига кўчирилган 600$ни айириб ташласак, 750$ қолади. Виза + транспорт + меҳмонхона + озиқ-овқат хизмати ва СAПда зарур бўладиган барча шарт-шароитларни таъминлаб бериш ҳамкор ширкат мажбуриятларига кирганидан сўнг ДИҚ ва ЎМИ зиммасида фақатгина фуқароларга авиачипталарини олиб бериш, бейжик, сумка ва ҳоказоларни тайёрлаб бериш қоляпти. Ўзбекистон Ҳаво Йўллари МAК Жидда шаҳрига қўйган рейсларнинг бошланғич нархлари 3 804 000 сўмдан бўлиб, энг қиммат эконом класс чипта нархи 6 560 000 сўм миқдори атрофида бўлган. Самолётнинг деярли барча ўриндиқлари гуруҳ бўлиб харид қилинса, чипталар нархи ўртача 4 592 000 сўм миқдорини ташкил қилиши керак. Шунда Жиддага чипта нархи ўртача 550$ атрофида бўлган. (Агар ҳақиқий бозор механизми шакллантирилса, авиачипталар нархи бундан ҳам арзонга тушиши муқаррар.)

Аслида, бу ҳисоб-китобларимиз табиий ҳолат, лекин биз шунда ҳам максимум даражада қиммат нархларни оляпмиз.

Агар 1 350 АҚШ долларидан 600 доллари ҳамкор ширкатга берилиб, 550$ МAКга тўланган бўлса, шунда ҳам киши бошига 200 АҚШ долларидан пул ортиб қолмоқда. Бу ҳар бир зиёратчидан! Яъни, 20 000 нафар кишидан яна 4 миллион АҚШ доллари йиғиляпти. Хўш, бу пул қаерга кетяпти?! (Узр-ку, сумка, бейжик ва китобларни долларнинг сўмга нисбатан фарқи орқали ҳам бемалол амалласа бўлгани учун уларга алоҳида бюджет ажратмадик.)

Шу ерда "Халқ ҳамёнидан кетган жами 9 800 000 AҚШ долларини ташкил қилган маблағлар кимларнинг даромади ҳисобланади?" – деган ҳақли савол туғилмаяптими?!

Қайд қилиш керакки, юқоридаги ҳисобот биздаги маълумотлар асосида тайёрланган.

Энди сизларнинг ўзингиз расмий тарзда эълон қилган нархлар асосида ҳам ҳисоб-китоб қилиб кўришимиз мумкин.

Ўтган мавсум бошида умра учун "Биз таклиф қилаётган нарх 5 804 000 сўм" дея РЕКЛАМА бергандинглар. Ушбу маблағ ўшанда қарийб 700 АҚШ долларига тўғри келган.
Яъни, авиачиптадан ташқари харажатлар учун САПдаги ҳамкорга киши бошига 700$ тўланган бўлса, ягона ҳамкор ширкатнинг даромади бизнинг халқимиз ҳисобидан қарийб 7 800 000 АҚШ доллари бўлганми?!

Жорий мавсумда сизлар тизимларнинг кечикиши ҳисобига умра зиёрати ноябр ойида ҳам бошланмаганини баҳона қилиб турган вақтингизда турли мамлакатларнинг замон билан ҳамнафас саёҳат агентликлари томонидан 9 ноябр санасига қадар 1 миллион 50 мингдан зиёд умра визалари расмийлаштирилган ва 800 000 дан зиёд зиёратчи умра амалларини бажариб бўлган (ушбу мақолага илова қилинган суратда САП Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан тайёрланган статистик маълумот келтирилган).

Албатта биз ҳам учинчи давлатлар саёҳат агентликлари томонидан умра визасини расмийлаштириш тартиб-қоидаларини биламиз ва худди уларда бор имкониятни республикамизда ҳам жорий қилиш учун B2B (business to business) тизимида шартномаларни расмийлаштиришга ҳаракат қиляпмиз.

Бироқ, СAП Ташқи Ишлар Вазирлигининг Тошкентдаги консуллик бўлими "ДИҚ рухсатисиз ушбу шартномаларни расмийлаштириб бера олмаймиз", дейишмоқда. Ваҳоланки, сизларга сайёҳлик агентликларининг ташқи туризм фаолиятини назорат қилиш ёки чеклаш ваколати берилмаган! Умра ҳам чет эл мамлакатида амалга ошириладиган туризм фаолияти бўлиб, бу фуқароларимиз қисқа муддатга умрага бориб келишларини таъминлаб беришга сайёҳлик агентликлари ҳам ҳақли эканлигини билдиради. Қолаверса, СAП Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан аслида бу фаолият билан шуғулланиш ваколати сайёҳлик фирмаларига берилган.

Чет эл давлатларида яшаб турган фуқароларимиз ўша мамлакатда B2B тизими асосида ишлаб турган сайёҳлик фирмаларига мурожаат қилиб, визаларини расмийлаштириб, умра амалларини бажариб келиши мумкин-у, лекин Ўзбекистонда яшаб турган фуқаро фақатгина сизнинг таклифингиз асосида борсинми?! Бошқача қилиб айтганда, ёши 70 га кирган онахон ўз маҳалласида навбати келишига тоқат қила олмаса, қайсидир давлатга бориб, у ерда резидент виза (доимий яшаш рухсатномаси) расмийлаштириб, ўша мамлакатдаги саёҳат агентликлари ёрдами билан умрага бориб кела қоласинлар. Аммо маҳаллий саёҳат агентликлари B2B шартнома асосида хизмат кўрсатишмаса, бас-а?!

Албатта, биз ҳам ўртакашлар фаолиятини oқламаймиз. Шунинг учун ҳам мутахассис сайёҳлик фирмалари B2B асосида шартномаларни расмийлаштиришига қаршилик қилмаслигингизни талаб қиляпмиз.

Баёнотингизда "Сабаби, ушбу фаолият сезиларли молиявий инвестицияни талаб этмайди, бу соҳа рекламага муҳтож эмас ва мунтазам даромад манбаини ташкил этади. Шунинг учун ҳам айримлар гўёки халқимиз учун хизмат қилиш даъвосида ўз манфаатини ўйлаб, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасини монополияда айблаб, тош отмоқда", дебсиз.

Энди инсоф билан айтинг-чи, юқоридаги калкуляциялар асосида фикрлаб кўрсак, аслида ким ўз шахсий манфаатларини ўйлаётган бўлиб чиқади?!

Балки, бу айбловлар ДИҚ ва ЎМИнинг умра шартномаларини бажарувчиларига мос тушса керак?!

Бозор механизми жорий қилинган ҳар қандай соҳада рақобат бўлади ва рақобат бор жойда ҳеч ким мунтазам равишда халқ ҳисобидан фақатгина фойда кўрмайди!

Акс ҳолда, ДИҚ ва ЎМИ каби ягона бажарувчи ташкилот монопол бўлаверади ва йиллар давомида ягона ҳамкор билан шартнома имзолашга ундаганлар коррупцияга йўл қўйган бўлишлари мумкин деган шубҳаларни уйғотаверади!

Салбий ҳолатлар аниқланган бўлса, уларнинг олдини олиш учун ечим оддий: B2B тизими асосида шартномаларни расмийлаштиришга амалдаги тўсқинликларни олиб ташласангиз, бас!

Ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс ўзи ва қилган қилмиши учун жавобгар бўлиб, сайёҳлик фирмалари ҳам вақтинча сафарга жўнатган фуқаролари учун жавобгарлиги борлигини биламиз.

Баёнотингизда мисол қилиб келтирилган "400 нафардан зиёд отахон-онахонларимиз муқаддас жойлар остонасидан қайтишлари" биз учун ҳам жуда ачинарли бўлиб, бу ҳолатнинг ортида кимлар турган бўлса, уларга ўрнатилган тартибда чора кўрилишини қўллаб-қувватлаймиз. Шу билан бирга турли баҳоналар билан 400 нафардан ортиқ отахон-онахонларимизнинг расмий виза олишларига қаршилик қилиб, зиёратларига эмин-эркин бориб келишларига тўсиқ бўлаётганларни ҳам жазодан холи қолмасликларини талаб қиламиз!

Шуни қўшимча қилиб айтмоқчиманки, бозор механизми ўрнатилиб, умра сафарини ташкиллаштиришда шаффофлик бўлса, ишнинг кўзини биладиган, ҳалол, чин ватанпарвар тадбиркорлар ДИҚ ва ЎМИ қилаётган умра сафарини энг кўпи билан 1 100 АҚШ долларига уюштириб беришлари мумкин. Шу билан бирга фуқароларимизнинг талабларидан келиб чиқиб айни нарх эвазига бундан ҳам сифатли хизматлар кўрсата олади. Шунда халқимиз тежаб қолинаётган қарийб 7 млн доллар пулини ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиши мумкин бўлади".

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан