Транспорт вазирлигининг ОАВ вакиллари учун ўтказган матбуот анжуманида авиачипталар нархи ҳамон қимматлигича қолаётгани, бунинг сабаблари, қўшни давлатлар каби нархларни арзонлаштириш учун қандай чоралар кўрилаётгани мавзусида кўплаб саволлар берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
– Авиачипталар нархининг 30-40 фоизи керосин билан боғлиқ, – дейди Ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Улуғбек Бектошев. – Бизда у етарлича бўлмагани учун хориждан қиммат нархларда сотиб олинади. Чет элдан келган самолётларга керосиннинг бир тоннаси бир минг икки юз доллардан сотилар эди. Бугунги кунда янги тизимга кўра “Uzbekistan Airways” компанияси ўзи учун керосинни сотиб олмоқда. Чет эл авиакомпаниялари учун эса янги нарх белгиланди, 890 доллар атрофида. Бу хорижликлар учун маъқул бўлмоқда.
Ҳозирда 11 та халқаро аэропортда шароитлар яратилган. “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти керосинни импорт қилиб сотмоқда.
Тадбирда авиачипталарни арзонлаштириш учун Ҳаво кодексига ўзгартириш киритиш ҳақида ҳам эслаб ўтилди. Юки бўлмаган ва овқатланмайдиган йўловчилар учун 20 фоиз паст нарх шакллантириш мумкин.