Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Жаҳон бозорини остин-устун қилган атамалар: «фючерс», «WTI», «баррель», «Брент»
23.04.2020 22:14,  
590

Сўнгги кунларда WTI туридаги нефть нархининг май ойи учун фючерс савдоларида нархи манфий қийматга тушиб кетгани (бир баррели -39,44 АҚШ доллар) кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Ҳеч замонада шунақаси ҳам бўладими? Нарх шунчаки текин (0) эмас, балки, манфий ҳам бўлиши мумкин эканми?

Бу тарихда мисли кўринмаган ҳолат бўлса керак. Изоҳларга қараганда, бу ҳолнинг асосий сабаби, асосан Шимолий Америка ва Хитой бозорида истеъмол қилинадиган WTI туридаги нефть ишлаб чиқарувчиларда, қазиб олинган нефтни қўйгани жой қолмаган эмиш. Омборлар тўлиб кетган, танкерлар ҳам банд. Май ойи кириб келишига эса 10 кундан ҳам кам вақт қолди. Июнь ойи учун фючерслар ҳам 1% га пастлаб, бир баррель WTI нефти учун 21,1 долларни ташкил қилмоқда. Қайд қилинишича, WTI туридаги нефть нархининг 0 дан паст бўлиши аввалги сафар 1983 йилда, яъни, бу турдаги нефть илк бора NYMEX биржа савдоларига қўйила бошлаганда содир бўлган экан.

Келинг, шу шов-шувли хабарларда тилга олинаётган терминлар - «фючерс», «WTI», «баррель» ва «Брент» сўзларининг маъносига назар солиб кўрайлик.

Нефтнинг ўзи қора ёки қўнғир-кир рангли модда бўлиб, сувдан енгил ҳамда, анчайин қовушқоқ модда бўлади. Нефтни табиий ҳолида ишлатиб кўришга жуда қадимдаёқ уриниб кўришган. Хусусан, Яқин Шарқ ҳудудларида унда деворларни сувоқ қилишда, лойга қўшиб қоргани сақич сифатида қўллашган. Бунинг учун оддий қудуқ қазиб, нефтни челакларда тортиб олишган.

Нефть осон алангаланадиган суюқликлар сафига киради. Лекин, уни ўзини асл ҳолида ёқишдан айтарли наф чиқмайди. Чунки, хом нефть таркиби бир неча фракциялардан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири турлича ёниш даражаси ва энергетик кўрсаткичларга эга. Хом нефтнинг ўзини ёқилса, ундаги тўйинмаган углеводородлар сабабли, у жуда кўп қурум ажратиб, ниҳоятда ифлос ёнади; боз устига, нефть таркибида мавжуд бўладиган олтингугуртли органик моддалар сабабли, атрофга жуда бадбўй ҳид таралади.

Нефтни фракцияларга ажратиб турли маҳсулотлар олишни 19-асрнинг биринчи ярмида бошланган. Унда, нефтдан олинадиган асосий маҳсулот керосин бўлган. Керосин эса, асосан керосин лампалар учун ишлатилган, яъни, ёритиш мақсадларига йўналтирилган, ҳамда, овқат тайёрлашда ишлатиладиган примус учун ёқилғи сифатида ҳам керосиндан фойдаланилган. Керосин оммалашгунига қадар, Европада асосан кит ёғидан тайёрланган шамлардан фойдаланишган. Шу сабабли, ҳам, керосиндан фойдаланишга ўтилиши, океанларда китларнинг батамом қириб юборилишини олдини олган дейиш мумкин.

19-асрда нефтчилар нефтдан олинган бензинни қоқи баҳосида, деярли сувтекин бериб юборишар эди. Чунки, у пайтлар бензин керосиндан кейинги, иккиламчи ёндош маҳсулот саналган. Уни ҳатто шунчаки тўкиб юборишгани ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. 19-аср охирларида ҳам бензинни асосан аптекаларда, бургага қарши дори сифатида жуда арзонга сотиб олса бўларди. Бензин фақат автомобиль ички ёнув двигатели учун энг мақбул ёнилғи сифатида синовдан ўтгач қадр топа бошлаган. Ҳозирда жаҳон нефть бозорининг катта қисми асосан бензин ва авиакеросин ишлаб чиқариш саноати учун ишлайди.

Нефтни қазиб олиш жойидан келиб чиқиб, унинг сифати ва шунга монанд нархи белгиланади. Жаҳон бозорида нефть нархи учун асосан эталон сифатида Брент типидаги нефть нархи олинади. Бу Британиядан шарқда ва Норвегиянинг жанубида жойлашган, Шимолий денгиздаги бир неча нефть конларидан олинадиган нефть туридир. 

Брент – аслида акроним сўз бўлиб, Шимолий денгиздаги Broom, Rannoch, Etive, Ness ва Tarbert конларининг бош ҳарфларидан олинган. Ушбу нефть маркаси эталон сифатида олинишининг асосий сабаби, уни етказиб беришдаги ишончлилик, ҳамда, бир неча мустақил қазиб олувчиларнинг мавжудлиги (яъни, таклиф бўйича рақобат борлиги) билан изоҳланади.

Лекин, ҳозирда Брент маркали нефть нархи манфийга тушмаган, балки, WTI типидаги нефть нархи шундай даражада қулаган холос. WTI нефти номи ҳам бош ҳарфлардан ясалган ясама ном бўлиб, у инглизча West Texas Intermediate сўзларининг қисқартмасидир. Номидан кўриниб турибдики, у АҚШнинг Техас штатида қазиб олинади. Бу турдаги нефть асосан автомобиль учун бензин ишлаб чиқаришга йўналтирилади ва у Шимолий Америка бозори, ҳамда, Хитойда жуда харидоргирдир.

2010 йилгача бўлган вақтларда WTI маркали нефть Брент типидаги нефтдан 1-4 долларга арзон юрар эди. Лекин, 2011 йилдан бу ёғига, ушбу нефть маркалари орасидаги тафовут 10-20 долларгача етган. Шуни айтиш керакки, нефтнинг бошқа маркалари ҳам бисёр, хусусан, OPEK доирасида нефть қазувчиларнинг Arab light (Саудия Арабистони), Basra light (Ироқ), Bonny (Нигерия), Merey (Венесуэла), Qatar Marine (Қатар) ҳамда Azeri (Озарбайжон), Tengiz (Қозоғистон) сингари маркалари ҳам мавжуд.

Брент ва WTI маркалари эса, шунчаки, эталон маркалар ҳисобланади (шунингдек, эталон нефтнинг Dubai Surde номли маркаси ҳам бор). WTI туридаги нефть жаҳон бўйлаб умумий нефть қазиб чиқариш ҳажмининг 1% атрофидаги улушини ташкил қилади холос.

Халқаро бирликлар тизими SI бўйича вазн бирлиги учун тонна қабул қилинганига қарамай, биржа савдоларида нефть ўлчами баррель бирлигида сотилиши тарихан сақланиб қолган қизиқ фактдир. Баррель – инглиз тилида «бочка» дегани бўлиб, нефтни қадоқлаш учун қўлланган махсус белгиланган ҳажмга эга металл бочкани назарда тутади.

Бир АҚШ нефть баррели 158,988 литр ҳажмида нефть сиғимига эга бўлади. У ўртача 136,4 кг нефть деганидир. Лекин, бир баррель нефтни аниқ килограмм ёки тоннада ифодалаш қийин. Чунки, нефть турига, аниқроғи, зичлигига қараб, унинг оғирлиги ўзгаради. Кичикроқ ўлчамларда (улушли бирликларда) ифодаланса эса, бир нефть баррели 42 галлон бўлишини айтиш мумкин. Бир американча галлон эса, 3,78 литр бўлади (ҳа, шундоқ ҳам тушунарсиз бу ажнабий бирликларнинг яна ўзаро тафовутли «американча» ва «инглизча» турлари ҳам бор).

Энди, WTI маркали нефтнинг май ойи учун нархларини барбод қилган «фючерс» термини ҳақида тўхталадиган бўлсак, унинг инглиз тилида «келажак», «келгусида» деган маъноларни билдирадиган future сўзидан келиб чиққанини изоҳлашга ортиқча ҳожат бўлмаса керак. Инглиз тилидан яхши хабардор кишилар бу сўзнинг маъносини шундоқ ҳам билишади чамамда.

Фючерс савдоларида харидор ва сотувчи муайян товарни кейинчалик, келгусида, белгиланган муддатда етказиб бериш ва харид қилиб олишга шартнома қиладилар. Ва нарх, ўша муддатга бориб бозорда қандай бўлишидан қатъий назар, шартнома имзоланган кундаги ҳолатида қолаверади. Масалан, бугунги манфий нарх шароитида сиз, ўша WTI маркали нефтдан 15 май куни бир баррель сотиб оламан деб келишиб қўйсангиз, 15 май куни бу турдаги нефть нархи 100 долларга чиқиб кетган тақдирда ҳам, сотувчи сизга, ушбу -39,44 доллардан етказиб беришга мажбур бўлади. Шунингдек, сиз ҳам уни шу нархда сотиб олишга мажбур бўласиз. Агар томонлардан бирортаси шартномада кўрсатилган нархлардан бўйин товласа, биржа унга катта жарималар солади.

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан