Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Жамол Қошиқчи фожиасига бир йил тўлди. Уни ким ва нима учун ўлдиришган эди?
3.10.2019 17:31,  
1423

Бир йил олдин қувғиндаги саудиялик журналист Жамол Қошиқчи ўз мамлакатининг Истанбулдаги консуллигига кириб кетганича бедарак йўқолган эди. Кейинчалик уни ўша ерда ўлдиришгани маълум бўлди.

Консуллик биноси турк махсус хизматлари томонидан текширилганида журналистни қатл қилиш режаси ва амалиёти тўлиғича ўша ердаги камераларга ёзилиб қолгани юзага чиқди.

Истанбулдаги Саудия консуллигига кириш эшиги

Жамол Қошиқчи ўлдирилишидан бир неча ҳафта олдин Истанбулда – Яқин Шарқ давлатларидаги ҳукуматларнинг мухолифлари тўпланган шаҳарда яшаётган эди. Тўрт фарзанднинг отаси бўлган 59 ёшли журналист турк илмий тадқиқотчиси Хадича Чингизга унаштирилган, улар биргаликда ҳаёт кечиришни режалаштиргандилар. Аммо бунинг учун Қошиқчига аввалги аёлидан ажрашгани ҳақидаги ажрим ҳужжатлари керак бўлган.

2018 йил 28 сентябрда Жамол Қошиқчи ва Хадича Чингиз никоҳдан ўтиш учун Истанбулдаги туман ҳокимиятига боришганида масъуллар Саудия Арабистони консуллигидан ажрим қоғозини олиб келиш кераклигини айтади.

Хадича Чингиз: “Бу сўнгги чора бўлиб, расман никоҳдан ўтишимиз учун у консулликка бориши ва ўша ҳужжатларни олиб келиши керак эди. Чунки у ватанига қайта олмасди”, дейди.

Хадича Чингиз

Қошиқчи доим ҳам қувғинда, ҳукуматга мухолиф бўлмаган. Масалан, 2004 йилда у Лондонда, Саудия Арабистонининг Британиядаги элчисига ёрдамчи бўлиб ишлаган. 2007 йили ватанига қайтгач, ҳукумат қарашларини ёқлайдиган “Ал-Ватан” газетасига муҳаррир этиб тайинланган. Бироқ орадан уч йил ўтиб, “Саудия жамияти ичидаги мунозаралар чегарасини бузгани” учун ишдан ҳайдалган.

2011 йили содир бўлган “Араб баҳори” воқеаларидан таъсирланган Жамол Қошиқчи Саудия режимининг “зулми ва қатағонлари”га қарши гапира бошлади. 2017 йилга келиб унга мақола ёзиш тақиқлаб қўйилди ва у ўз ихтиёри билан АҚШга чиқиб кетди. Турмуш ўртоғи эса у билан ажрашишга мажбурланди.

Қошиқчи АҚШдa Washington Post газетаси учун муаллифлик мақолаларини ёза бошлади, вафотигача ўтган бир йил ичида 20 та кучли танқидий материални эълон қилди.

Жамол Қошиқчи Washington Post газетаси учун ёзар эди

“У Саудия Қироллигида газета бош муҳаррири бўлганида “қизил чизиқ”ни кесиб ўтди, шахсий фикрини очиқ айтгани учун муаммоларга учради”, дейди унинг дўсти, Washington Post нашрининг ташқи алоқалар бўйича бош шарҳловчиси Девид Игнатус.

Саудиялик журналистнинг асосий танқидлари янги валиаҳд, тахт вориси бўлган Муҳаммад бин Салмонга қарши қаратилган бўлган. Шаҳзода Ғарбда кўпчилик учун ислоҳотчи ва замонавийликка урғу берадиган шахс сифатида танилган. Аммо мамлакат ичкарисида ўзгача фикрларга бетоқат муносабатда бўлгани учун Қошиқчи уни Washington Post саҳифаларида бир неча бор қоралаб чиққан. Бу эса Муҳаммад бин Салмон режалаштирган лойиҳаларга соя соларди.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, тахт вориси Муҳаммад бин Салмон

“Ўйлашимча, бу танқидлар шаҳзодага ёқмаган ва у “Қошиқчи муаммосини ҳал қилиш” учун нимадир қилишга буйруқ берган”, дейди Саудияга доимий сафар қиладиган ва бу мамлакат сиёсати ҳақида ёзиб борадиган Игнатус.

Унга кўра, “Истанбулдаги Саудия мулозимларига “Қошиқчини нимадир қилиш” учун имкон берилган”.

Жамол Қошиқчи Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигига биринчи марта борганида Хадича Чингиз унинг ёнида бўлган, аммо бино ичига кирмай, ташқарида қолган. У Қошиқчи консулликдан табассум билан чиққани, у ердаги масъуллар ўзига яхши муомалада бўлиб, чой ва қаҳва таклиф этгани ҳақида сўзлаб берганини эслайди: “У бу ерда қўрқадиган бирон нарса йўқлиги, мамлакатини жуда ҳам соғингани, консулликда таниш ҳаводан нафас олиб, ўзини яхши ҳис қилганини айтди”.

Журналистга ҳужжатларни олиш учун бир неча кундан кейин қайтадан келиши кераклигини айтишган. Бироқ Қошиқчи бинодан чиқиб кетиши биланоқ консулликдан Ар-Риёдга, Саудия пойтахтига қўнғироқ бўлган. Турк махсус хизматлари кейинчалик аниқлашича, ўша вақтда биринчи қўнғироқ Муҳаммад бин Салмоннинг қудратли ёрдамчиси, алоқа идораси раҳбари Сауд Ал-Қаҳтонийга бўлган. У эса турли машҳур шахсларга қарши олиб борилган ишларга етакчилик қилгани билан танилган.

Ал-Қаҳтоний бунгача ҳам Саудиядаги ўзгача фикрловчиларни қамоққа ташлаш ва уларни жисмонан қийнашда айбланган. Қошиқчи ўз қайдларида “Ал-Қаҳтоний шаҳзоданинг “қора рўйхат”идаги ишларини бажариши”ни айтиб ўтган.

Сауд Ал-Қаҳтоний

“Ал-Қаҳтоний ғайриоддий хизматларни – махфий қора ишларни амалга оширган. Бу унинг ишининг бир қисми бўлиб, бундай амалиётларни шафқатсизлик билан бошқарган”, дейди Девид Игнатус.

Турк махсус хизматлари 2018 йил 28 сентябр куни Истанбулдаги Саудия консуллиги ва Ар-Риёд ўртасида камида 4 та телефон қўнғироғи бўлганини аниқлаган. Бу суҳбатларда бош консул ва Ташқи ишлар вазирлиги хавфсизлик хизмати бошлиғи мутлқао махфий амалиёт – “миллий бурч”ни бажаришни режалаштиришган.

2018 йил 1 октябр куни тушдан кейин Саудия махсус хизматлари зобитлари Истанбулга учиб келишган.

Метин Эрсўз – 27 йил давомида турк махсус хизматларида ишлаган собиқ зобит, Саудия Арабистони ва унинг махсус амалиётлари борасида мутахассис. Унинг айтишича, Муҳаммад бин Салмон валиаҳд бўлганидан кейин Саудия хавфсизлик хизмати тажовузкорроқ бўлиб қолди.

Метин Эрсўз

“Улар одамларни ўғрилаш ва ўзгача фикрловчиларга босим ўтказишни бошлади. Қошиқчи эса ўзига нисбатан мавжуд таҳдидни тўғри баҳолаш ва бунга қарши чора кўришга кеч қолди, шунинг учун қиммат товон тўлади”, дейди у.

2018 йил 2 октябрга ўтар кечасида Истанбул аэропортига хусусий самолёт келиб қўнди. Унинг бортида тўққиз саудиялик бўлиб, уларнинг орасида суд-тиббий патологи Доктор Салоҳ Ат-Тубайқий ҳам бор эди. Уларнинг икки нафарида дипломатик паспорт ҳам бўлган. Метин Эрсўзга кўра, бундай махсус турдаги амалиётни ўтказиш учун Саудия қироли ёки валиаҳдидан алоҳида рухсатнома керак. Саудияликлар консулхонадан пиёда бир неча дақиқалик йўл наридаги Mövenpick меҳмонхонасида рўйхатдан ўтишган.

Доктор Салоҳ Ат-Тубайқий

Сал кечроқ, 2018 йил 2 октябр тонгида Жамол Қошиқчига консулликдан телефон қилиб, ҳужжатларини олиш учун келиши кераклигини айтишди. У ва Хадича Чингиз консулликка боришади. Бу вақтда консуллик биносида ҳамма нарса тайёр эди: пол пластик мато билан қопланган, маҳаллий турк ходимларга дам олиш куни берилганди.

Соат 13:15 да кўча камераларига тушган тасвирда Қошиқчи консуллик биносига кириб кетаётгани кўринади. “Биз консуллик олдигача қўл ушлашиб келганимиз, кейин Жамол менга телефонини бериб, “Азизам, сал туриб кўришамиз. Мени шу ерда кутиб тур”, деганини эслайман”, дейди Хадича Чингиз.

Қошиқчи телефони бинога киришда олиб қўйилиши мумкинлигини билар, ўзига тегишли махфий маълумотлари саудиялик ходимлар қўлига тушишини истамас эди.

Жамол Қошиқчи консуллик биносига кираётганида олинган сўнгги тасвир

Турк махсус хизматлари қўлга киритган овозли ёзувларга кўра, журналистни киришда кутиб олганлар унга Интерпол қидирувига берилгани ва Саудия Арабистонига қайтиши шартлигини айтишган. Овозлардан яна Қошиқчи ўғлига “ҳаммаси жойида”лиги ҳақида хат ёзиб юборишдан бош тортгани англашилади.

Жараён давомидаги овозлардан унинг аввал сўроққа тутилгани, кейин қийноққа солиб ўлдирилгани аён бўлади. У аввал бўғиб ўлдирилган, кейин боши кесиб олиниб, танаси бўлакларга бўлиниб, пластик пакетларга жойланган. Суд-тиббий патологи айнан шунинг учун керак бўлган.

Ташқарида қолган Хадича Чингиз эса 1,5 соат давомида Қошиқчини кутиб қолган. “Бу вақтда мен келажагимиз, тўйимиз қандай бўлиши ҳақида ўйладим. Биз кичик бир маросим ташкил қилишни режалаштиргандик”, дейди у.

Соат 15:00 атрофида консулликка тегишли машиналари бинони тарк этиб, икки кўча наридаги консулнинг бош қароргоҳига келгани кўча камераларига тушиб қолган. Уч киши жомадон ва пластик пакетларни кўтарганча ичкарига кириб кетган. Бу Қошиқчининг тана аъзолари бўлгани ишонилади. Кейинроқ айни машина янада узоқроққа қараб кетган. Жамол Қошиқчининг жасади эса умуман топилмади.

Саудияликлар тушган меҳмонхона, консуллик биноси ва консулнинг қароргоҳи

Соат 15:53 да эрталаб келган гуруҳнинг икки аъзоси консулликни тарк этиб, Эски Истанбул тарафга қараб йўл олган. Улардан бири Қошиқчининг кийимларини кийиб олган, аммо оёқ кийими икки хил бўлган. Юзини бош кийими билан беркитиб олган иккинчи кишининг қўлида эса оқ пластик пакет бўлган.

Улар Истанбулдаги машҳур Мовий масжидга қараб кетишган. Қайта учрашган вақтларида даставвал Қошиқчининг кийимларини кийиб олган киши уст-бошини ўзгартирган бўлган. Улар ўша ерда такси ушлаб, ўзлари турган Mövenpick меҳмонхонасига қайтишган, йўлда яқин орадаги чиқинди қутисига ичида Қошиқчининг кийимлари ҳам бўлган пластик пакетни ташлаб кетишган.

Бу ишлар содир бўлаётганида Хадича Чингиз ҳамон консуллик биноси олдида турарди. “Мен узоқ кутдим, соат 15:30 бўлди. Шунда консуллик биноси ёпиқ эканлигини сезиб қолдим. Бино яқинига бориб, қўриқчидан Жамол нега чиқмаётганини сўрадим. У эса мен нима ҳақида гапираётганимни билмаслигини айтди”, деб эслайди у.

Соат 16:41 да умидини узган Хадича Чингиз Қошиқчининг эски дўстига қўнғироқ қилган. Журналист бу рақамни олдинроқ, бирон муаммога учраганида қўнғироқ қилиши учун қаллиғига берганди.

Қошиқчининг кийимларини кийиб олган киши Истанбулнинг эски қисмига қараб йўл олган

Доктор Ёсин Актай – Туркиянинг қудратдаги Адолат ва Тараққиёт партияси вакили, юқори доирадаги амалдорлар билан алоқаларга эга. “Номаълум рақамдан қўнғироқ бўлганида нотаниш аёлнинг хавотирли овозини эшитдим. У менга: “Қаллиғим Жамол Қошиқчи Саудия консуллигига кириб кетганича қайтиб чиқмади”, деди”, дея эслайди у.

Ёсин зудлик билан турк махсус хизматлари раҳбарига қўнғироқ қилиб, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон идорасини ҳам бу ҳақда огоҳлантириб қўйган.

Ярим тунда келган саудияликлар орадан ҳали 24 соат ўтмай туриб, 18:30 да яна ўша хусусий самолётда Ар-Риёдга қараб учган.

Эртаси куни, 2018 йил 3 октябрда Саудия ва Туркия ҳукуматлари консуллик биносида нима бўлгани ҳақида қарама-қарши мазмундаги баёнотларни беришни бошлади. Саудия Арабистони томони Қошиқчи консулликни тарк этганига урғу берса, Туркия томони у ҳамон бино ичида тутиб турилганини айтарди.

Турк махсус хизматлари эса бу вақтга келиб консулликнинг телефон қўғироқлари ёзувини кўриб чиқа бошлади. Метин Эрсўзнинг айтишича, унинг собиқ ҳамкасблари 4 000 - 5 000 соатлик ёзувларни ўта тез ва пухта кўриб чиқишган ва энг керакли 45 дақиқалик суҳбатни аниқлашган.

Орадан тўрт кун ўтиб, Саудия Арабистонидан “қандай воқеа содир бўлганини ўрганиш”ни даъво қилган янги гуруҳ келди. Таҳлилчиларга кўра, бу гуруҳнинг вазифаси консулликни тозалаш бўлган. Консуллик халқаро қонунлар ҳимояси остидаги Саудия ҳудуди бўлиб, унинг ходимлари икки ҳафтагача турк терговчиларига бинога киришга рухсат бермади.

2018 йил 6 октябр куни кечқурун турк ҳукумати Жамол Қошиқчи Саудия консуллигида ўлдирилгани ҳақида матбуотга баёнот берди.

“Жамол бундай муомалага лойиқ эмас эди. У бундан яхшироқ муомалага лойиқ эди. Улар уни ўлдириш билан менинг ҳаётдаги орзу-умидларимни ҳам кўмишди”, дейди Хадича Чингиз.

Истанбулда, дипломатик дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган ваколатхона биносида амалга оширилган қотиллик Туркия ҳукуматини можаро марказида қолдирди. Орадан бир неча ҳафта ўтиб турклар тинимсиз босим қилганига қарамай Саудия ҳукумати бу ерда қотиллик бўлганини инкор қилиб тураверди, аввал “Бу ўзаро муштлашув бўлганди” деди, кейинроқ эса “рухсат этилмаган иш бўлгани” ҳақида билдирди.

Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллиги биноси

Туркия ҳукумати эса ўзига маълум бўлган махфий маълумотларни маҳаллий ва халқаро матбуотга сиздириш йўлини тутди. Кейинроқ Марказий Разведка Бюроси ва MI6’дан мутахассислар таклиф этилиб, Қошиқчига қарши амалиёт ёзувлари билан таништирилди.

МРБ “Бу амалиёт Муҳаммад бин Салмоннинг кўрсатмаси билан бўлгани ҳақиқатга яқин” деб маълумот берди.

2019 йил январига келиб, Саудия ҳукумати Жамол Қошиқчининг ўлимида айблаб Ар-Риёдда 11 кишини судга тортди. Улар орасида амалиётни бевосита бажарган Моҳир Абдулазиз Мутриб ва патолог доктор Салоҳ Ат-Тубайқий бор эди. Аммо амалиётга раҳбарликда гумон қилинган Сауд Ал-Қаҳтоний судга тортилмади, ҳатто гувоҳлик бериш учун ҳам чақирилмади.

Туркия қотилликда айбланаётганларни экстрадиция қилиб Истанбулда судга тортиш учун олиб келишни талаб қилди, аммо Саудия Арабистони бу талабга рад жавобини берди.

Орадан роппа-роса бир йил ўтганига қарамай Хадича Чингиз қайғусини унута олмайди: “Бу фақат мен учун эмас, бутун инсоният, Жамол каби фикрлайдиган ва у каби мавқеда бўлган барча инсонлар учун фожеадир”, дейди у.

***

Жамол Қошиқчи ўлдирилган вақтда бир қатор таҳлилчилар, сиёсий кузатувчилар “буёғига АҚШ ва Европанинг Саудия Арабистонига нисбатан сиёсати ўзгариши, унинг репрессив режимини энди қўлламасликлари” ҳақида фикр билдиришганди. Аммо бошида сауд ҳукуматини қаттиқроқ танқид қилган ғарб мамлакатлари вақт ўтиши билан мавжуд вазиятга кўникиб кетди. Бугун Қошиқчи ҳақида жуда кам эсланяпти.

Уни ўлдиришда айблаб 11 киши судга тортилган бўлса ҳам атиги бир марта, 2019 йил январида суд мажлиси бўлган. Шунда ҳам бош прокуратура айбланувчиларнинг беш нафарига ўлим жазоси берилмаслигини талаб қилган. Суд яна давом этадими, йўқми, номаълум…

Яқинда Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон “Бу воқеа мен хизматда (яъни, мамлакат бошқарувида) бўлган пайтимда содир бўлди. Барча масъулиятни ўз зиммамга оламан” деб баёнот бергани билан айни "масъулият" ҳам рамзий кўринишда қолиб кетса керак.

BBC News ва BBC Arabic мақолалари асосида тайёрланди

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан