«Ўзтрансгаз» компаниясига янги раҳбар тайинланди

05.12.2018 | Ўзбекистон | 2715

Ҳукумат қарори билан Баҳодир Бешимович Эшмуратов «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти бошқарувининг раиси этиб тасдиқланди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали.

У 2017 йил августидан буён «Ўзнефтгаз» Марказий диспечерлик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди. Унгача «Ўзтрансгаз» раисининг биринчи ўринбосари — бош муҳандис мансабида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи охирида «Ўзтрансгаз» бошқаруви раиси Шарифжон Турсунов вазифасидан озод қилинган эди.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти газ тақсимлаш тармоқларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш соҳасида ягона сиёсатни шакллантириш, республика истеъмолчиларига табиий газни етказиб бериш ва сотиш бўйича самарали бошқарув тизимини яратиш, шунингдек, табиий газдан оқилона фойдаланиш ва газ учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган.