Автомобилдан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизими бекор қилиниши мумкин

12.06.2019 | Ўзбекистон | 6088

"Менинг фикрим" порталида ўтган йилнинг октябрида автотранспорт воситаларидан фойдаланишда яқин қариндошларнинг бир-бирига ишончнома бериш тартибини бекор қилиш таклифи билдирилганди.

13 мингдан ортиқ овоз тўплаган ушбу петиция Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилди ва унинг натижалари тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжат сурати тармоқда пайдо бўлди.

Қайд этилишича, депутатлар томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси яқин қариндошлар ўртасида  автотранспорт воситаларини ишончномасиз бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш, яқин қариндошлар рўйхатини белгилаш, уларни суғурта полисига киритиш мажбуриятини назарда тутади. 

Бугунги кунда автомобилдан ишончномасиз фойдаланиш энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. 2018 йилда нотариал тасдиқланган ишончномалар сони 670 минг (343 мингтаси яқин қариндошлар ўртасида)дан ошиб, улардан жами 222,7 млрд сўм (шундан 31,8 млрд сўм яқин қариндошлардан) давлат божи ундирилган.