Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Бизга 3 ой вақт етади» — Абдуқодир Тошқулов ректорларни қоғозбозликдан қутқаришга ваъда берди
11.02.2021 08:56,  
175

8 феврал куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги бошқарув кадрлар учун видеоконференцалоқа тарзида йиғилиш ўтказилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоларга кўра, йиғилишда вазир Абдуқодир Тошқулов ректорлар мавқейи, тизимдаги қоғозбозлик ва вазирликнинг янги тузилмаси борасида ҳам фикрларини билдирган.

Унга кўра, вазирлик тизимида тезкорлик билан ҳал қилиниши керак бўлган биринчи масала – ректорларнинг ўз мавқейини қайта кўриб чиқиши ҳисобланади.

«Мен вазирликка келиб, тўртта вилоятга борган бўлсам, уларнинг бирортасида маҳаллий ҳокимликлар ва ректорлар ўртасидаги муносабат мақтагулик эмас.

Мен бунгача оғир вилоятлардан бирида ишлаб келдим. Ана шу жойда 3 йил ректор бўлган бўлсам, 3 нафар вилоят ҳокими билан ишлашимга тўғри келди. Бунинг азобини бошидан ўтказган одам ҳозир тасаввур қиляпти. Қанчалик қийин. Шунинг учун биринчи масала – ҳурматли ректорлар, мавқейингизни қайта кўриб чиқинг.

Ректорлар ва директорлар қайси йиғилишларга бориши керак? Қайси йиғилишларга бормаслиги керак? Вазирлик бугундан бошлаб буни мувофиқлаштиради. Ҳукуматга хат киритамиз. Муносабатимизни билдирамиз», – деган Тошқулов.

Вазир йиғилиш давомида тизимдаги ижро интизомидан умуман кўнгли тўлмаётганини ҳам таъкидлайди.

«Мен қисқа даврда вазирликда кўрган ҳолатларим ҳақида фикримни билдирмоқчиман. Қоғоз, қоғоз, қоғоз.

Бугун биз келишиб олдик ва керак бўлса, Адлия вазирлигига бориб иш ўрганамиз, ўзим бошчилигимда.

Биз IT'дан фойдаланиш, вазирликнинг иш юритишини экспорт қилишимиз керак эди. Минг афсуски, ҳозирга келиб биз бориб ўрганишга мажбурмиз. Вазирликлар тизимида бир-икки олими бўлишини орзу қиладики, «олимлар бор жойда файз-у барака бўлади», дейишади. «Донишмандларча фикрлар, таклифлар бўлади, ишимиз яхши бўлади», дейишади. Биз ҳаммамиз олиммиз, лекин вазиятни айтгулиги йўқ», – дейди у.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг айтишича, ҳозирда вазирликнинг биноси, бу ерда ходимлар учун яратилган шароитлар оғир аҳволга келиб қолган.

«Ишларни ўзимизнинг вазирликдан бошлайман. Ўтирган биномиз 1979 йилда қурилган. Собиқ кинотехника техникумининг биноси. Бинонинг ертўласи йўқ. Биринчи қавати тўлиқ зах босиб кетган. Ходимлар «Pentium 4» компютерларини ишлатяпти. Қисқаси, ўзига яраша моддий-техник база.

Биз ходимлар билан вазирлик биносини тўлиқ капитал таъмирлаш, ишлаш учун шароит яратиш, бунинг учун вазирликнинг ҳозирги биноси ёнидан 5 қаватли янги бино қуриш бўйича келишиб олдик.

Чунки биз ҳисоб-китоб қилдик: ҳозир вазирлик ходимлари нормага мос бўлмаган жуда қисқа ва тор жойда ишлаяпти. Тасаввур қилинг, битта кичик хонада 3–4 нафар одам ишлаяпти. Улар шунчалик қисилиб ишлашяпти.

Масалан, вазирликнинг ҳисоб-китоби бўйича бошқарма бошлиғи бир ярим метрли жойда ишлайди; қимирласа, бошида девор. Шунча пули ва имконияти бўлган тизим. У ўзига шароит, имконият қилмаса, қандай ишлайди?» – дея савол ташлайди вазир.

Абдуқодир Тошқулов йиғилиш давомида қоғозбозликлар масаласига қайтаркан, ректорларни қоғозбозликдан қутқариш кераклигини урғулайди.

«Худо хоҳласа, ректор 3 ойдан кейин иложи борича қўлига қоғоз ушламайди. Ҳамма нарса электрон бўлади. Улар QR-код, электрон имзо билан ишлайди.

Уларга юқоридан вазифалар юборишда такрорланишлар жуда кўп. Ректорларга ҳозир вилоят ҳокимлигидан ҳам, вазирликдан ҳам бир хил хат боради. Ким уни мувофиқлаштиради?

Умуман, олий таълим муассасасида ишлаб, уларга нима ёқмаган бўлса, нимадан қийналган, нима эриш туюлган бўлса, ҳаммаси ислоҳ бўлади. Булар учун бизга атиги 3 ой вақт керак бўлади», деган вазир.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Тошқулов шу йил 14 январь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири этиб тайинланди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан