Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бўстонлиқда саёҳат маданиятини шакллантиришга йўналтирилган экоакцияга старт берилди
7.09.2020 14:34,  
99

5 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида саёҳат маданиятини ривожлантиришга йўналтирилган экологик акцияга старт берилди. Акциядан мақсад тумандаги дам олиш масканларига олиб борувчи йўллар, ўрмон хўжаликлари ҳудудлари, сув омборлари ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши олдини олишдир.

Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси,  Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси вакиллари иштирок этишди.  

“Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан бирга махсус дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, қўшимча равишда 11 алоҳида чиқинди йиғиш пункти ташкил қилинади ҳамда 10 та янги машина билан таъминланади. Бу Бўстонлиқ тумани ҳудудини чиқиндилардан тўлиқ тозалаш йўлида хизмат қилади. Шу билан бирга, алоҳида чиқиндиларни йиғиш пункти ташкил қилинмоқда”, - деди Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Ахмедов. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6053-фармонида қайд этилишича, Бўстонлиқ туманининг асосий қисми дам олиш рекреацион ҳудуд бўлишига қарамасдан, чиқиндиларни қайта ишлаш, атроф-муҳит ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ҳолати қониқарсиз даражага келиб қолган.

Таъкидлаш жоизки, Бўстонлиқ туманида турли дам олиш масканлари ва дала ҳовлилари кўп бўлиб, бу ерга ташриф буюрувчи меҳмонларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, туман ҳудудлари ва бошқа вилоятларда истиқомат қилади.

Уларнинг баъзилари атроф-муҳит тозалигига эътибор қаратишмайди, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлашади, “Тоза ҳудуд” билан шартнома тузишдан қочишади,  бунинг натижасида эса диққатга сазовор жойлар ҳамда уларнинг атрофидаги манзара ёқимсиз ҳолатга келади.  Экология, табиатни муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни қайта ишлашга доир қонун-қоидаларга ҳар бир инсон риоя қилиши лозим. Бу ўша инсоннинг ўзи ва атрофдагиларга бўлган ҳурматидан далолат беради. 

Маълум қилинишича, талабларга риоя қилмаган кишилар Экоинспекция томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан жисмоний ва юридик шахслар томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаганларга нисбатан жарималар қўлланилади.  Ҳозирда аҳоли ва меҳмонлар орасида шу йўналишдаги тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Туристик объектлар ҳудудига чиқинди ташлайдиган урналар қўйилмоқда.

Ҳар бир инсон озодаликка риоя қилишни ўзидан бошласа, келгусида албатта чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар бартараф этилади.   

Шу ўринда Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Ахмедов туманда яшовчи ва бу ерга ташриф буюрувчи меҳмонларга мурожаат қилди:  “Қўшнингиз уйингиз олдига чиқинди ташласа, сизга қандай таъсир қилади? Албатта, маданиятсизлик бўлиб кўринади. Худди шундай, дам олишга келган кишилар ўзларидан кейин чиқиндиларни кўчага ё йўл бўйида эмас, белгиланган жойларга ташлашни ўрганишса, бу ўша ҳудуднинг тозалигини сақлаш баробарида кишиларда саёҳат маданиятини шакллантириш йўлида хизмат қилади. Шундай экан, барчадан дам олиш маданиятига риоя қилишларини сўраймиз. Бу атроф муҳит тозалигини сақлаш билан бирга келажак авлодга муносиб ибрат ҳам бўлади. Ҳудудга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг ҳам баҳри дили очилади”. 

Бўстонлиқ туманидаги экологик акция 2020 йилнинг якунига қадар давом эттирилади.  

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан