Транспорт вазирлиги томонидан Фарғона водийси аҳолисига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида шаҳарлараро йўналишларда мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилмоқда. Жорий йилнинг 6 сентябрь кунидан эътиборан “Фарғона-Андижон”, “Фарғона-Наманган”, “Фарғона-Олтиариқ (Тинчлик шаҳри орқали)-Қўқон-Бешариқ” йўналишларида “Uzautotrans service” корхонаси йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлайди.
Мазкур йўналишларда хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида 14 та Yutong автобуслари ажратилди. Айни дамда автобуслар Фарғона водийсига етиб келди.
Транспорт вазирлиги томонидан бугунги кунга қадар пойтахт Тошкент шаҳрини вилоят ва туман марказлари билан боғловчи 18 та йўналишда мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилди. Булар Тошкент-Янгиер, Тошкент-Гагарин, Тошкент-Зомин, Тошкент-Жиззах, Тошкент-Самарқанд, Тошкент-Ургут, Тошкент-Жўш, Тошкент-Навоий, Тошкент-Қарши, Тошкент-Чироқчи, Тошкент-Яккабоғ, Тошкент-Денов, Тошкент-Термиз, Тошкент-Бухоро, Тошкент-Қоракўл, Тошкент-Урганч, Тошкент-Чимбой, Тошкент-Нукус йўналишларидир.