АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов эпидемиологик вазиятга оид саволларга жавоб берди:
— Коронавирусни юқтирган, лекин аломатлари сезилмаган беморлар неча кунгача вирус ташувчиси ҳисобланади?
— Хитойлик мутахассисларнинг таъкидлашича, вируснинг инкубацион даври 2 кундан 12 кунгача чўзилиши мумкин. Лекин ўртача 7 кунни ташкил этади.
Яъни, коронавирус юққандан кейин 2 кундан 12 кунгача ўз симптомларини сездирмайди.
Энг ёмони, бу вақтда вирус ташувчи киши ўзининг хасталанганини билмаган ҳолда мулоқотга киришган ўзга кишига юқтириши мумкин.
Ундан ҳам ёмони эса — мазкур даврда ҳеч қандай тепловизорлар касаллик мавжудлигини аниқлашга қодир эмас.