Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Менга қоровул бўладиган вазир керак эмас». Президент сув хўжалиги вазирини танқид қилди. Шуҳрат Ғаниев ҳам танбеҳ эшитди
17.11.2020 03:35,  
1184

13 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё фаоллари билан ўтказилган йиғилишда вилоятда сувга масъул раҳбарлар фаолияти танқид қилинди ва барчаси ишдан олиниши лозимлиги таъкидланди, дея хабар бермоқда Daryo.uz.

Давлат раҳбари ҳудуддаги ирригация ва мелиорация ҳолатини кескин танқид қилган. Нотўғри суғориш оқибатида ерларнинг 45 фоизи шўрлангани таъкидланди. Айниқса, бу борада Муборак, Ғузор, Нишон ва Косонда аҳвол жуда оғир. 38 минг гектар майдон фойдаланишдан чиқиб кетган. Томчилатиб суғориш жами суғориладиган майдоннинг бор-йўғи 2,4 фоизида жорий қилинган.

«Вилоятдаги экинларни суғоришга 20−25 фоиз кўп сув сарфланган. Нимага ер шўрланган? Нимага десангиз, сувнинг ҳисоби йўқ. Ўзи таҳлил қилинса, Ўзбекистон шароитидан энг қиммат нарса бу — сув. Айниқса, Қашқадарё вилоятида. Вилоятдаги ерларга ўзимиз кўп сув бериб шўрлантираяпмиз. Нимага десангиз, сув хўжалигининг на бирорта раҳбари бор, на ўз устида ишлаши бор, жаноб Ҳамраев, [сув хўжалиги вазири] на фикри. Юрибсан бу ноинсофлар билан сув хўжалигига катта-катта бинолар қуриб. Умринг узоқ бўлмайди агар Қашқадарёда Қорақалпоғистонда айтган нарсанг бўлмаса. Менга қоровул бўладиган вазир керак эмас», — деган Шавкат Мирзиёев.

Президент сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраевга Қашқадарёда сувга масъул раҳбарларни ишдан олиш бўйича топшириқ берди. Гап тахминан, айни кунда Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Илҳом Қурбонов ҳақида бормоқда.

«Эски, ишламайдиган одамларни сувга раҳбар қилиб қўйиб, ура-ура қилиб юрсанг, сениям ҳайдавораман, уларниям. Менга керак эмас бунақа раҳбарлар. Ёшларни олиб келиб қўяман. Ҳамманг катта-катта ойлик олиб юрибсан, аммо натижа йўқ. Эртага халққа нима деб жавоб берамиз. Ҳаммасини ишдан оласан, жаноб Ҳамраев, ҳаммасини. Ишлайман деган одамни қўясан сувга», — дея қайд этган президент.

Давлат раҳбари бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга мурожаат қилар экан, вилоятда сувга масъул раҳбарни тайинлашда ўзбошимчалик қилинганини таъкидлаб, Қашқадарёда ҳам Қорақалпоғистонда қилинган иш бажарилмаса, унга ҳам чора кўришини маълум қилган.

«Ғаниев, агар Қашқадарёда ҳам Қорақалпоғистондаги ҳолат бўлмаса, сенинг ҳам чорангни кўраман», — деган Шавкат Мирзиёев.

Президент, шунингдек, вилоятдаги 21,6 минг километр автомобиль йўлининг 8,7 минг километри бугунги кунда яроқсиз ҳолга келганини таъкидлади. Ҳудуддаги 1,5 мингта кўприкнинг 86 таси умуман фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолган.

«Қишлоқда яшаётган одамлар розими? Менга келган хатларнинг кўпида кўприк қуриб беринг, президент бува, деб ёзишган», — дея президент сўзларини келтирмоқда Daryo.uz.

Мазкур йиғилишнинг ўзида президент Қашқадарё вилоятининг собиқ ҳокими Зафар Рўзиев «шарманда қилгани» ҳақида гапирган. «Жаноби Рўзиев шарманда қилган экан, энди билинаяпти ҳаммаси. Қашқадарё зўр, гази бор, деб юраверган эканмиз. Вилоят республика газининг 63 фоизини беради. Аммо одамларда газ йўқ, сув йўқ. Қани адолат?», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан