Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Олибқочар сўзлар билан вазиятни тинчитиш бўлмайди» – Асаджон Ходжаев мутасаддиларнинг муаммога жиддий қарамаслиги ҳақида
4.12.2020 13:44,  
135

3 декабр куни Халқаро пресс-клубда «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунчилигида сўз ҳамда матбуот эркинлиги ва Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир якунида АОКА раҳбари Асаджон Ходжаев журналистларни қизиқтирган айрим саволларга жавоб берди ва баъзи масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Таҳлилий мақолалар ва мавзулар камлиги хусусида

«Бизнинг журналистларга, ОАВга таҳлилий мақолалар етишмайди. Мен ҳар доим таҳлил тарафдориман. Нимага? Ҳар қандай муаммонинг объектив ва субъектив сабаби бор. Буларни биз очиқ-ойдин муҳокама қилишимиз керак. Эҳтиросга берилиб, раҳбарларни бирор муаммони тез ҳал қилиб беринглар дейиш билан нимага ундаймиз, улар ҳисоб-китоб қилмасдан, эртага ҳал қиламиз, дегандек, халққа яхши кўриниш учун популистик ваъдаларни бериб юборади. Йўқ, халқнинг муаммоларини очиқ-ойдин кўрсатиб беришимиз керак. Имконият бўлмаса, уни айтиши, захиралар шу ишларга етади, деб аниқ билдириши, турли олибқочар сўзлар билан вазиятни тинчитиш бўлмайди. Муаммони таҳлил асосида ҳал қилишимиз керак».

Ходжаев АОКА томонидан Gazeta.uz сайтига берилган тақдимномани ҳам изоҳлади

«Бу масалада, авваламбор, маълумотларни текшириш ҳақида гапирдик. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг изоҳини олиш керак эди. Лекин вазирлик фикри олинмасдан эълон қилинган. Ахборотни биринчи текшириш керак. Интернетда, ижтимоий тармоқларда турли ахборот тарқалади. Уларнинг ҳаққонийлигини текширишни биз талаб қила олмаймиз, бунга ҳақимиз ҳам йўқ. Лекин ҳар қандай ОАВ ўша ахборотни текшириши, сўнг тегишли ахборот хизматидан сўраши керак деб ҳисобладим. Мабодо, изоҳ ололмаса, менга чиқиши лозим бўлади».

АОКА журналистлар ва ОАВни ҳимоя қилишни давом эттиради

«Сиёсат ўзгармайди, буни ҳаммамиз билишимиз керак. АОКА бундан кейин ҳам журналистларни ва ОАВни ҳимоя қилишни давом эттиради. Менинг фикрим, журналист ёзгани учун қамоқда ўтириши керак эмас. Бу менинг позициям, бу йўналишда ишлайман ва ишларни давом эттираман».

Мулоқотдан қочадиган вазирлик ва ҳокимликлар ҳақида

«Шу йилнинг ўзида журналистларнинг ахборот олиш ҳуқуқи поймол қилинганини инобатга олиб, турли идораларга 37та тақдимнома ва кўрсатма киритдик. Кўп мулоқотдан қочадиган идоралар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги бўлди. Биз бу идораларга киритган тақдимномалар бўйича тегишли жавобни оламиз ва ишни охирига етказамиз».

Ёритилмаган ёки жиддий ўрганилмаётган мавзулар хусусида

«Журналистлар ва блогерларни ҳали ёритилмаган мавзуларни ёритишга чақирардик. Бу нима дегани? Бизда ҳозир гендерлик масаласи бор. Оилавий зўравонлик муаммоси. Қандай қилиб шу каби ҳолатларда азият чекканларга психологик ёрдам кўрсатиш масаласи. Уларга қандай қилиб ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш каби мавзуларни ёритиш бўйича давомли бир лойиҳа бўлса!

Мана, гиёҳвандлик ҳам бир иллат, у ҳақда гапирилмайди. Лекин шу дардга чалинганларга қандай руҳий ёрдам кўрсатилади, қаерга мурожаат қилиш керак. Оила аъзолари, яқинларига далда бўлиш лозим. Буни ҳам мавзу сифатида олиб, давомли ёритиш мумкин. Бундай мавзулар кўп».

Журналистлар ижодий уюшмаси фаолияти ҳақида

«Журналистлар ижодий уюшмаси яхши ишламаяпти. Барчангиз ушбу уюшманинг деярли аъзосисизлар. Шу уюшма нима учун яхши ишламайди, бу масалаларга кўпроқ эътибор бермайди. Балки, раҳбариятини қайта сайлаш керакдир. Унга соҳани яхши тушунадиган, юраги ёнадиган шахсларни танлаш лозимдир. Биз нодавлат нотижорат ташкилотига қанақадир фикр беришимиз ноўрин, лекин айни шу ташкилот барча муаммоларни кўтариб, алоҳида бир ҳолларни умумлаштириб, маълум бир йўналишда шундай тизимли муаммолар билан бизнинг олдимизга келиши керак». 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан